25

Бухоро вилояти ҳокимлиги оғир жудоликка учради

ЖАМИЯТ 28.07.2020, 12:22
4949
Бухоро вилояти ҳокимлиги оғир жудоликка учради

Шафқатсиз ўлим моҳир қурувчи муҳандис, вилоятдаги кўплаб бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшган катта тажрибага эга мутахассис Ғайбуллоев Муқим Сайфуллоевични 51 ёшида орамиздан олиб кетди, деб ёзади вилоят ҳокимлиги ёзмоқда.

"Муқим Ғайбуллоев – 1969 йил 11 ноябрда Ромитан туманида туғилган. 1994 йилда Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини муваффақиятли тамомлаган. Ёш ва истеъдодли қурувчи муҳандис сифатида меҳнат фаолиятини Пешкў туманидаги Хўжалик ҳисобидаги якка тартибда уй-жойларни мувофиқлаштириш ва қурилиш бошқармаси иш юритувчилигидан бошлаган. Ўз билими ва маҳоратини ошириб борган ёш мутахассис 1998 йилда Пешкў тумани якка тартибдаги уй-жойларни мувофиқлаштириш ва қурилиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган ва ҳудудда олиб борилган қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларида алоҳида жонбозлик кўрсатган.

Муқим Ғайбуллоев 2010 йилда Пешкў тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директорлигидан Шофиркон тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Ўз ишининг ҳақиқий мутахассиси сифатида хизмат пиллапояларидан секин-аста кўтарила борган Муқим Ғайбуллоев 2017 йилда вилоят Халқ таълими бошқармаси молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва моддий таъминлаш бўлими бошлиғи вазифасидан Бухоро вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимига тайинланган. 

Вилоят аҳолисини замон талабига жавоб берадиган арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашга, автомобил ва ички йўлларни таъмирлаш, аҳолига тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда вилоятдаги коммунал корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш борасидаги ишлар замирида Муқим Сайфуллоевичнинг алоҳида жонбозлиги, ташкилотчилиги ётибди. Ҳудудлар инфратузилмасини янада яхшилашда, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” давлат дастурларининг вилоятдаги ижросини таъминлашда ҳам бевосита соҳа мутахассиси сифатида унинг ўз ўрни ва ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги мужассам эди. Моҳир қурувчи сифатида унинг қурилиш сифати ва самарадорлигини оширишга оид кўплаб таклифлари амалиётга татбиқ этилган. У ўзининг кўп йиллик бой тажрибаси, ҳаётий ўгитларини ёш ходимларга ўргатиб келди. Уларга тўғри йўлни топишида маёқ бўлиб, кўплаб хайрли ишларнинг бошида бўлди. Жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, эл-юрт ўртасида катта обрў-эътибор қозонганди.

Муқим Ғайбуллоевнинг кўп йиллик самарали меҳнати вилоят ҳокимлиги раҳбарияти томонидан доимо эътироф этиб келинди.

Муқим Ғайбуллоев нафақат касбий фаолиятида, шахсий ҳаётида ҳам ҳавас қиларли умр кечирди. Рисоладагидек оила соҳиби сифатида турмуш ўртоғи Дилфуза Аҳмедова билан биргаликда уч фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказиб, эл қаторига қўшди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги юқори малакали қурувчи-муҳандис, жонкуяр ва фидойи инсон сифатида қурилиш соҳаси вакиллари, вилоят фаоллари, жамоатчилик орасида ҳурмат-эҳтиром қозонган Муқим Ғайбуллоевнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Начора, Аллоҳнинг иродаси бу. Муқим Ғайбуллоевнинг порлоқ хотираси энди уни яхши билганларнинг, яхши кўрганларнинг қалбларида мангу яшайди" дея ёзилган хабарда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+24° ясно
Валюта курси
10209.86
USD 2.17
12021.09
EUR 125.05
137.46
RUB -4.91