28

Самарқандлик коронавирусга чалинган шифокор бўлган воқеаларни очиқ айтди

ЖАМИЯТ 10.07.2020, 21:06
6567
Самарқандлик коронавирусга чалинган шифокор бўлган воқеаларни очиқ айтди

Шифокор билан Zarnews.uz  мухбири Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.

— Билмадим, бу гапларни оммавий ахборот воситаларига олиб чиқасизми, йўқми? Аммо хасталигим билан боғлиқ воқеалар бутун республикага шунчалик катта шов-шув бўлиб кетдики, гўё Оқдарёга вирусни мен биринчи бўлиб олиб кирганман ва юзлаб одамларнинг карантинга олинишига сабаб бўлган эканман. Бу масалада менинг эътирозларим бор.

— Нега?

— Аллергик бронхит хасталигим борлигини кўпчилик яқинларим яхши билади. Айни баҳор ойлари у қўзиб, безовта қилади, зарур дориларимни ичиб юраман. Ўша кунлари салқинроқ хонада оз муддат мизғиб қолибман. Шунинг учун ваража қилаётганимни сездим. Кечга томон ҳароратим кўтарилди. Антибиотик укол олдим. Келаси куни ишга келишдан аввал туман санитария-эпидемиологик осойишталик бўлимига бориб, тест топширдим. Жавобини кутдим, лекин муолажамни давом эттирдим. Ростдан аҳволим ёмонлаша бошлади. Телефон қилиб, туман СЭО бўлимидагилардан натижани сўрадим. «Сизда вирус йўқ», дейишди. Кейин ишга келдим, муолажамни давом эттирдим. Ҳароратим борлигини бош шифокорга, бош инфекционистга маълум қилганимда, улар дарҳол мени коронавирусга гумон қилиб, вилоятга хабар қилишди. Шу тариқа мендан таҳлил натижалари қайта олинмай, ҳали аниқ бўлмай, юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишди.

— Бежизга эмасдир, ахир ҳароратингиз тушмаганку, улар ўз вазифасини бажарган эмасми?

— Эҳтимол, шундайдир. Майли, мен бундан норози эмасман. Аммо шифохонада пайтим ҳали аҳволим оғир, ҳароратим бўла туриб, орадан ўн кун ҳам ўтмай, сизда коронавирус манфий чиқди, бўлди, реабилитацияга кузатиласиз, дейишди. Хўш, бу гапни қандай тушунишим керак? Ваҳоланки, ўша пайт аҳволим жуда оғир, нафас олишим қийин эди. Агар ростдан ҳам коронавирусга чалинган бўлсам, касаллик белгилари авж палласида қандай қилиб вирус менда манфий чиқиши мумкин? Буни врач бўлмаган одам ҳам яхши тушунади, деб ўйлайман. Хуллас, орадан кўп ўтмай, реабилитацияда ҳам икки-уч кундан сўнг менга жавоб бериб юборишди. Мен шифокор сифатида аниқ биламанки, пневмонияни бошимдан ўтказдим. Аммо касаллик аломатлари аниқ ошкор бўлиб турган пайти, аҳволим оғир бўлган ҳолатда менга жавоб бериб юборганларига ҳанузгача тушунмаяпман. Қолаверса, ҳозирга қадар коронавирусга чалинганим ҳақидаги маълумотнома қўлимга берилгани йўқ.

— Ўша пайти одамларнинг муносабати ҳақида нима дея оласиз?

— Нима дердим? Табиийки, шифокор бўлганим, тумандаги минглаб одамларни даволаганим учун жуда кўпчилик мени танийди. Даволаниб чиққанимдан сўнг ишга келгач, одамлар атрофимни айланиб ўтадиган бўлишди. Кўчада кўриб қолса, худди арвоҳни кўргандай йўлини буриб кетишди. Қариндошларим, карантинга олинган яқинларимдан турли-туман гаплар эшитдим. Буларнинг барчаси инсонга таъсир ўтказмай қолармиди?! Уларни айтиб ўтирмоқчи эмасман. Аммо у ёки бу маълумотни тарқатишда инсон шаъни, қадри ҳақида ўйлаб кўриш керак эди, деб ўйлайман.

Тўғри, ички ишлар идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилганида қаерларга борганимни айтдим. Аммо бу гапларнинг ҳаммаси ошкор бўлиб кетди. Одамлар ўша пайти вирус авж олган “Тойлоқ, Пайариқ туманига борган экан, ўзи шифокор бўлиб, қоидаларга амал қилмаган экан”, каби фикрларни билдиришди. Ваҳоланки, мен бу туманларга борганим йўқ. Ишдан ортиб, қўшимча тадбирларда юришга қандай вақтим бўлсин ахир?

— Хуллас, сиз туфайли юзлаб одамлар карантинга олинди, шундайми?

— Ҳа, юзлаб одамлар карантинга олинди. Майли, бу борадаги баъзи ҳолатларни айтиб ўтирмайман. Аммо акамнинг келинида вирус чиқди, дея юқумли касалликлар шифохонасига олиб бориб, шифохонага боргач, “сизда касаллик йўқ”, деб қайтариб юборишяпти. Шу каби сарсонгарчиликлар ҳам бўлди. Шунинг учун ҳам одамларнинг менга муносабатида бўлган эътирозларни тушунаман. Буларни енгиб ўтиш мумкин. Вақт ҳаммасини даволайди.

Лекин мени шифокор сифатида бу касаллик атрофида бўлаётган воқеалар қийнаяпти. Тўғри, ушбу вирусни ҳеч ким кутмаган, тўсатдан одамлар бошига тушган бир бало бу. Бу пайти ўз дардингни айтиб, ношукурлик қилишни ўзимга эп билмайман. Аммо ишни тўғри ва тизимли ташкил қилиш учун бу масалада ҳам жамоатчилик назорати керак деб ўйлайман.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+28° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19