28

Адлия вазирлиги: 1 июлдан бир қатор янги тартиблар амал қилишни бошлади

ЖАМИЯТ 10.07.2020, 13:51
608
Адлия вазирлиги: 1 июлдан бир қатор янги тартиблар амал қилишни бошлади

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров иштирокида ўтказилган брифингда «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги Президент фармони ижроси юзасидан маълумот берилди.

Фармон асосида 2020 йил 1 июлдан бошлаб бир қатор янги тартиблар амал қилишни бошлади.

Биринчидан, жисмоний ва юридик шахслар учун ҳуқуқий жавобгарликни белгиловчи нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади. Бундан ташқари, амалдаги қонун ости ҳужжатларининг ҳуқуқий жавобгарлик ва санкция белгиловчи нормаларининг амалда қўллаш зарурати ўрганилган ҳолда, улар бекор қилинади ёки тегишли қонунларга ўтказилади.

Иккинчидан, жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни идоравий ҳужжатларга киритиш тақиқланди.

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда концептуал жиҳатдан янги механизмларни яратишнинг “пакет” принципи жорий қилинди. Ушбу принципнинг жорий этилиши натижасида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда “ҳуқуқий бўшлиқ”лар юзага келиши каби муаммолар бартараф этилади.

Тўртинчидан, Фармонга асосан қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилди. Бугунги кунда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида 3 минг 973 та ҳужжат мавжуд бўлиб, йилига ўртача 600 та идоравий ҳужжат қабул қилинмоқда. Ҳуқуқ амалиёти ушбу йўналишдаги ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри ва таъсирчан қонунчилик йўли билан тартибга солиш амалиётига ўтишга қаратилган. Бу эса, ҳуқуқий зиддиятлар, коллизиялар, ҳуқуқий нормаларни турлича талқин қилиш каби ҳолатларга барҳам беради.

Бешинчидан, Фармон билан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш синов тариқасида ягона электрон тизими орқали амалга ошириш бошланди. Жорий йил 1 октябрдан эса бу тизим тўлиқ ишлай бошлайди. Адлия вазирлиги томонидан Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 1 июль куни қонун ижодкорлиги жараёнига рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичига қадам қўйилди. Яъни, ягона электрон тизим орқали Ўзбекистон тарихида биринчи марта қонун ҳужжати электрон шаклда қабул қилинди ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Айни пайтда идоравий ҳужжатларни қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши натижасида давлат органлари томонидан ортиқча сарф-ҳаражат, ҳаддан зиёд вақт ва меҳнат ресурслари сарфланишининг олдини олишга эришилади.

Олтинчидан, жорий йил 1 июлдан бошлаб, техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, яъни техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария, фитосанитария, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари каби ҳужжатлар Адлия вазирлигида мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши бошланди. Шунингдек, ҳозирги кунда амалда бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатлар эса жорий йил якунига қадар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига тўлиқ жойлаштирилади.

Бу, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахслар учун республикада мавжуд барча техник норматив ҳужжатлар билан танишиш имониятини беради.

Фармон билан Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча янги вазифалар юклатилди:

биринчидан, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни янада такомиллаштириш;

иккинчидан, барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

учинчидан, фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;

тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;

бешинчидан, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;

олтинчидан, маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

еттинчидан, давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

саккизинчидан, халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказиш;

тўққизинчидан, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга тушириш. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+32° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19