28

"Хотиралар юрагимга тинчлик бермайди". Ҳошим Арслонов ҳаётидаги энг муҳим даврлари ҳақида (фото)

МАДАНИЯТ 12.06.2020, 10:20
1560
"Хотиралар юрагимга тинчлик бермайди". Ҳошим Арслонов ҳаётидаги энг муҳим даврлари ҳақида (фото)

29 май санаси соат 21:25 ларда “Ҳошим Арслонов оламдан ўтибди”, деган хабар тарқалди. Ишонқирамай, дарҳол актёрга қўнғироқ қилдик. Бироқ жавоб бўлмади. Балки қўнғироқни эшитмай қолгандир ёки банддир, деган таскин билан ўзимизни овутиб турган бир вақтда Киноарбоблар уюшмаси бу ҳақда расмий хабар бериб қолди. Шу онда “севимли ижодкоримиз ҳаёт!”, деган умидимиз чилпарчин бўлди...

Ҳошим Арслонов 1956 йилнинг 1 августида Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида таваллуд топган. Унинг ота-онаси тиббиёт ходимлари бўлишган. Актёр оилада етти фарзанд (беш ўғил, икки қиз)нинг бешинчиси эди. 

Ёшлигидан спортга меҳри бўлакчалиги боис 5-синфдан 9-синфгача спорт мактабида ўз даврининг етук футболчилари бўлган Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Олим Аширов билан таҳсил олган, бир  жамоада тўп сурган. Кутилмаганда оёғидан олган жиддий жароҳат боисспортбилан хайрлашишига тўғри келган. Сўнг Чустга қайтиб, оддий мактабда 10-синфни тамомлаган.

Ҳошим Арслоновнинг футбол билан бир қаторда санъатга ҳам қизиқиши юқори эди. Шу боис мазкур йўлдан боришга қарор қилади. Ҳатто мактаб даврларида ансамбль тузиб, қўшиқ ҳам куйлаган. Санъатга бўлган иштиёқ асли отасидан ўтган. У киши моҳир сўз устаси бўлган, шеър ҳам ёзган.

                                             "ВАҚТ ЭНГ ОЛИЙ ҲАКАМ, ДЕБ ТЎҒРИ АЙТИШГАН ЭКАН"

Қатор хориж актёрларини ўзбек тилида маҳорат билан “гапиртирган”, дубляж қироллари рўйхатидан ўрин олган Ҳошим Арслоновнинг ўзи талабалик кезлари ўзбек тилида яхши гапира олмаганидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак.

Актёр суҳбатларимиздан бирида “1973 йил ҳужжатларимни ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига топширганман. Рус мактабини тамомлаганим учун имтиҳонда жуда қийналганман. Имтиҳон-ку майли, ўқиш давридаги машаққатларни енгиб ўтиш оғир кечган. 1-босқични тамомлаётганимда саҳна нутқи фанидан дарс бера- диган устозимиз Назира Алиева “Сен ўзингни қийнама, яхшиси Тошкент Давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўяй”, деган. Шунда курс раҳбаримиз Арсен Исмоилов қарши бўлган. Ўшанда “Ҳамма уддасидан чиққан ишни мен эплолмайманми?” дея ўзбек тилини мукаммал ўрганиб, кўзлаган маррамга албатта эришишни олдимга мақсад қилиб қўйганман. 2-босқични тамомлаганимизда курсимиздан 4 кишини танлаб олишган. Улар орасида мен ва Маҳмуд Исмоилов ҳам бор эдик. Санкт-Петербургда ўтган танловда қатнашиб, фахрли ўрин олганмиз. Ўшанда инсон интилиш билан астойдил меҳнат қилса, кўзлаган маррасига албатта эришар экан, дея ўзимга хулоса қилганман”, дея хотиралари билан бўлишганди.

Халқимизнинг севимли актёри Ҳошим Арслонов Маҳмуд Исмоилов, Матёқуб Матчонов, Ғайбулла Ҳожиев, Муҳаммадсоли Юсупов, Карим Мирҳодиев, Санжар Саъдуллаев билан курсдош бўлишган. 

Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров уларнинг диплом спектакли – Шекспирнинг “Ричард III”ини кўриб, етти нафар талабани театрга ишга таклиф қилган. Актёр бу борадаги хотиралари билан ҳам бўлишган: 

“Тўғри, бирданига катта ролларни ижро этмаганмиз, лекин тажриба йиғишга имкон бўлган. Кунларнинг бирида Евгений Шабаннинг “Чандиқлар” спектаклида бош ролни ижро этадиган актёр ҳарбий хизматга кетди. Дублёр бўлганим учун ўзимни кўрсатиш учун имкон туғилган. Бахтиёр ака ҳам “Спектакль вазирликка маъқул келса, театрда ишда қоласан, йўқса бўшайсан”, деганди. Қанча қийналганим ўзимга аён. Шукр, “Чандиқлар”ни муносиб баҳолашган, катта ролларни ижро этишга йўл очилган”. 

2016 йил Ҳошим Арслонов билан у ижод  қиладигантеатрида учрашганимизда: 

“Уч йилдан буён театримизда бош режиссёр ҳам, бадиий раҳбар ҳам йўқ. Ҳар бир театрнинг анъанаси бўлиши керак, бунинг учунбарчанинг бошини бирлаштирадиган катта авлод вакиллари бўлиши шарт. Минг афсус, театримиздаги актёрларни нафақага чиқаришга мажбурмиз, талаб шундай. Ёш актёрларнинг тақдирини ўйлаб, ташаббусни ўз қўлимга олдим. Ҳозир актёрликдан ташқари, труппа бошлиғи сифатида иш олиб боряпман. Шу вақтгача анча-мунча режиссёр келиб кетди. Ҳаммаси узоғи бир йил ишлаган. Ўзбек Давлат драма театри экспериментал театр эмас-ку, деб жаҳлим чиқади. Қайсидир режиссёрнингиши юришмай қолса, “Ўзбек Давлат драма театрига юборинглар”, дейишса керак-да. Бунинг яхши томонини олсак, актёрлар ишга келиб-кетган режиссёрлардан иш услубларини ўрганишди. Ижод билан шуғулланишга бош бўладиган режиссёр билан таъминлай олишмаяпти”, дея куюниб гапирганди.

Ҳошим Арслонов 1977 йилдан 2017йилга қадар Ўзбек Давлат драма театрида садоқат билан фаолият юритди. Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга ўтиш имконияти туғилганда ҳам фидойилиги боис кўз очиб кўрган театрини тарк этмади. Умрини шу театрга бағишлаган, бироқ уни тарк этишга мажбур бўлган актёр учун “Театрни соғинасизми?” деган савол жуда оғриқли эди. 

“Бир йилга қадар жуда қийналдим. Саҳнага чиққим келди, спектаклларимни эсладим... Манзилим қанчалик узоқлашишидан қатъи назар, ишлаган театримнинг олдидан ўтмасликка ҳаракат қиламан. Чунки хотиралар юрагимга тинчлик бермайди... Вақт энг олий ҳакам, деб тўғри айтишган экан”, — деганди.

                                                  "ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИГАН МАРРАНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ"

Театрдан кетгач, актёр ишсиз қолгани йўқ, дубляж билан банд эди. “Эришиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ”, деган шиор билан яшаган актёр бошлаган ишида кўнгилдагидек натижага эришмагунича қўймасди. Аслида у 1986 йил Ҳожиакбар Нурматов билан дубляжга боришни бошлаган.

"Биринчи устозим Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Раҳимова. Омон Абдураззоқов, Римма Аҳмедова, Ҳожиакбар Нурматов, Фарҳод Аминов каби ўз ишининг устаси бўлган дубляж актёрлари билан ишлаш бахти насиб этган. Аввалига “Дубляжни эплолмас эканман”, деб қўл силтаган вақтларим ҳам бўлган. Кейин олдимга яна мақсад қўйганимдан сўнг бу касбни ҳам уддасидан чиқдим. Шундан буён шу соҳа билан ҳам бандман”, дея фахр билан сўзларди. 

Бу йўналишга қизиқадиган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва янги авлод дубляж усталарини тарбиялаш мақсадида 2019 йилнинг ноябрида дубляж студияси ҳам очганди...

                                                     "РАҚОБАТ БОР ЕРДА ИЖОД "ҚАЙНАЙДИ", ЛЕКИН..."

Актёр кинога илк қадамларини институтни тамомлаган йили режиссёр Латиф Файзиевнинг “Жиззах қўзғолони” фильмидаги Маҳкам темирчи роли билан бошлаган. Сўнг “Тўйлар муборак”нинг оммавий саҳнаси, “Нодирабегим”, “Алпомиш”, “Отамдан қолган далалар”, “Марғиёна” каби қатор фильмларда иштирок этган. Театрга меҳри бўлакча бўлган актёр:

“Очиғи, кино ҳаётимда у қадар муҳим ўрин тутмайди. Ижодкорни 20 миллион аҳоли таниши шарт эмас, оз бўлса-да, ўз мухлисингга эга бўлишнинг гашти бўлакча. Кўпчилик санъаткорлар “Тинмай кинода суратга тушиб, ТВда ҳар куни кўринсам машҳур бўламан”, дейди. Лекин бу машҳурликнинг “умр”и қисқа ва у ижодкорни инқирозга олиб келади”, деганди Ҳошим Арслонов.

Актёр ҳақ, бироқ назаримизда кинорежиссёрлар Ҳошим Арслоновнинг актёрлик имкониятларидан тўғри фойдалана олмади. Актёр умрининг сўнгги йилларида эса режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Исломхўжа”, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Қўқон шамоли” фильмларида суратга тушди.

“Санъатга юзаки қарайдиганларни ёмон кўраман! “Ҳавасда”, деб сценарий ёзади, режиссёрлик қилади, роль ўйнайди. Прокурорнинг олдига бориб, “Ҳавас қиламан-да, келинг шу жиноий ишни мен олиб борай”, десам рози бўладими? Жарроҳнинг қўлидан “скальпель”ни олиб, беморга тиғ теккизишимга ким рухсат бериб қўяди? Негасанъатга ҳавас билан муносабатда бўлишларига жим қараб туришимиз керак? Ҳамма ўз ишини қилсин! Камгина маошга 40 йилдан бери қаноат қилиб, актёр номини олсам-у, нега бир ҳавасманд пулини тўлаб, фильмда роль ижро этиши мумкин? Бу ҳолат ижодкорга алам қилади.

Балки хусусий киностудияларнинг кўп бўлгани яхшидир. Чунки рақобат бор ерда ижод “қайнайди”. Лекин хусусий киностудияларнинг мақсади пул ишлаш бўлиши керакмас! Очиғи, хусусий фильмларга кетказган вақтимга ачинаман. Ўн йилдан кейин томошабин мароқ билан кўрадиган хусусий фильмнинг ўзи йўқ. Бир муддат режиссёрлар фильмга чақиришмади, гап шундаки, томошабин дарҳол “Бахтли воқеа” кўрсатуви бошловчисини кўз олдига келтирармиш. Давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган фильмлардаги ролларимни “чўмилиб” ўйнайман. Ўзимдан “юк”и бор роллар қолдиришни истайман”, деганди актёр.

                                         СЎНГГИ РОЛИНИ ЭКРАНДА КЎРИШ АКТЁРГА НАСИБ ЭТМАДИ...

Режиссёр Акром Шоҳназаровнинг “101-рейс” фильмидаги бош қаҳрамон– учувчи роли актёрнинг кинодаги ягона катта ва сўнгги роли бўлиб қолди. “Менга сира осонликча омад кулиб боқмаган. Бош қаҳрамон ролига тасдиқланишимни кутмагандим. Боиси киносиновга борга- нимда машҳур киноактёрларни кўриб, иккинчи режиссёрга “мени бекор чақирибсизлар-да”, дегандим. Иккинчи бор киносинов топширганимдан сўнг ҳам “ўтолмадим”, деб ўйлагандим. 

Бироқ ҳозиргача “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида фаолият юрита- ётган, Ўзбекистон Қаҳрамони – учувчи Зархўжа Саидазимовнинг фильмдаги қиёфасини гавдалантириш менга насиб қилди. Фильмнинг бир-икки эпизодларини кўрдим, жуда маъқул бўлди. Тақдимоти 2020 йилда бўлиши режалаштирилган, бунга катта тайёргарлик кўряпмиз”, деганди актёр. Бироқ 3 йил давомида ўзи ижро этган ролни овозлаштириш ҳам, тақдимотида иштирок этиш ҳам актёрга насиб этмади... Ўзида саратон хасталиги бошланганини кеч билган актёр даволанишни бошлаганига қарамай, 29 майда оламдан ўтди...

Маблағ учун ўз истеъдодини увол қилмаган севимли актёр ва дубляж устаси, ўз касбининг фидойиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим АРСЛОНОВ қатор роллари ва дубляждаги бетакрор овози, оддий инсон сифатида эса самимий табассуми ва хушмуомалалиги билан ҳар биримизнинг хотираларимизда мангу яшайди.

Шундай қайғули дамларда актёрнинг оила-аъзолари, яқинлари ва мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

                                                                                                                                                 Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+31° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19