25

Дунё ўзбек тилида куйламоқда ёхуд Севара Назархоннинг “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғи нега челленжга айланиб кетди?

МАДАНИЯТ 02.06.2020, 15:22
1225
Дунё ўзбек тилида куйламоқда ёхуд Севара Назархоннинг “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғи нега челленжга айланиб кетди?

Бугунги кунда Covid-19 пандемияси даврида халқимизнинг бошига тушган оғир кунлар, жумладан Сардоба тўғони ўпирилиши, ҳудудларда содир бўлган сел ва тўфонлар билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар, Сўх туманида бўлиб ўтган ўзбек-қирғиз аҳолиси ўртасидаги зиддиятлар бутун бунёдаги бизга хайрихоҳ дўстларимизни сергаклантирди. Бундай серташвиш кунларда ким молиявий кўмак, ким тиббий ва мурувват юклари билан, кимдир самимий сўзлари билан далда бўлишга ҳаракат қиляпти.  

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ижро этган “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғининг грузин, корейс, немис, белгиялик, португалиялик ва бошқа миллат вакиллари томонидан куйланиб ижтимоий тармоқларда челленж қилингани меҳр-мурувват акцияларининг энг ҳиссиётлиси бўлди. Албатта, ватанини севувчи, жонажон Ўзбекистонимизга бефарқ бўлмаган инсонлар борки, ушбу таронани шунчаки тинглолмайди, юракда ҳислари уйғонади. Аввалига ушбу қўшиқни Грузиянинг “Bravo metehi” гуруҳи куйлаб кўпчиликни хушнуд этди. Видео:

Сўнг Ўзбекистон Корейс миллий маданиятлари марказлари ассоциацияси фаоллари ҳам ушбу челленжга қўшилиш истагини билдирди.

Бу челленжга дунёнинг қатор мамлакатларида яшовчи ўзбекистонликлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари ҳам қўшилди.

“Улуғимсан, Ватаним” куйи Белгияда, Нидерландияда ҳам ангради. Бу қўшиқни куйлаган португалиялик ҳонанда София Педронинг овози ўзбекчада жуда гўзал эшитилди. Улар бу қўшиқ орқали “Биз йироқдамиз аммо қалбан биргамиз” дейишганини ҳис қилдик.

Муҳаммад Юсуф шеъри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон куйи ва ижросида янграган «Улуғимсан, Ватаним» таронаси бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўзига хос руҳ ва ғурур бағишловчи челленж бўлиб ҳамон давом этмоқда. 

 Бир неча йил олдин хит даражасига кўтарилган юксак ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқ бугун яна бир марта тилдан-тилга, оғиздан оғизга кўчмоқда. Юрт бошига тушган синовли кунларда, бутун дунёдаги хайрихоҳ дўстларимиз ижросида янграб, халқимизнинг кўнглини ва кўксини тоғ каби юксалтиряпти.

Муҳаммад Юсуфнинг бирон бир шеъри йўқки, қўшиқ бўлмаган, куйга солинмаган. Унинг ҳар бир мисраси ватанпарварлик туйғуси, инсоний ҳиссиётлар билан тўлиб-тошган. 

Ана шунақа, ижодкор ўзини ўзи тарғиб қилиши, оммага кўз-кўз қилиши шарт эмас. Унинг дил қаъридан чиққан биргина сўз, ҳаётбахш куй ёки қилган хайрли амали кифтига икки қанот бўлиб қўнади. Мана шу икки юртпарвар ижодкор юрагидан қуйилиб чиққан тарона бугун қанот ёйиб, дунё оша парвоз қилмоқда. 

“Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим, 

Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!” 

Биз Ватанни тумор каби асрасак, у ҳам бизни балою офатлардан ҳимоя қилади. Қорни очга нон, қалби очга меҳр беради. Ҳозирга кунда хориждан ватанга талпинган минглаб юртдошларимизни тўхтовсиз ташиб, иссиқ қучоғига олаётгани бунинг исботи. 

Биз ишонамиз, бу кунлар ўтади, мураккаб пандемия даврида бошга тушган Сардоба офати, тўфону селлар, чегарадаги тушунмовчиликлар билан боғлиқ синовларни ҳам халқимиз сабот билан енгади. Бу ўткинчи нохушликлар суронларда пишиб, машаққатларда тобланган матонатли халқнинг қаддини бука олмайди. 

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Меҳмон 05.06.2020, 21:37
JUDA ZÕR QOYIL
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+34° ясно
Валюта курси
10209.86
USD 2.17
12021.09
EUR 125.05
137.46
RUB -4.91