my5
all

#Рамазон-2020. Бу йил Рамазон байрамини қандай нишонлаймиз, Ҳайит намози ўқиладими?

ЖАМИЯТ 23.05.2020, 03:20
628
#Рамазон-2020. Бу йил Рамазон байрамини қандай нишонлаймиз, Ҳайит намози ўқиладими?

Бу йилги ойлар султони – Рамазон ҳар қачонгидан ҳам ўзгача кечди. Коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин сабаб бу йил Рамазон ойида юртимизнинг барча мўмин-мусулмонлари уйларида оила аъзолари билан биргаликда таровиҳ намозларини ўқиб, Қуръони каримни хатм қилишди.

Рамазон ойи ҳам поёнига етиб қолди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан Рамазон ҳайити юртимизда жорий йил 24 май куни нишонланади.

Айни пайтда барча мўмин-мусулмонларни “Рамазон ҳайитини қандай нишонлаймиз? Ҳайит намози ўқиладими?” каби саволлар ўйлантираётгани табиий.

Қолаверса, кеча айрим маҳаллий сайтларда Саудия Aрабистони Уламолари Кенгаши раиси ва Илмий тадқиқотлар бошқармаси бошлиғи муфтий Aбдулазиз Шайхнинг бу йилги Рамазон ҳайити намозини уйда ўқишга рухсат бергани тўғрисида эълон қилинган фатвоси ҳақида хабарлар тарқалди.

Хўш, мамлакатимизда ҳам Aбдулазиз Шайхнинг фатвосига риоя қилинади?

Аввало, таъкидлаш жоизки, юртимизда ҳанафий мазҳабига қатъий риоя қилинади. Саудия арабистониликлар эса ҳанбалий мазҳабини тутишган. Шу боис, ўқувчига тушунарли бўлиши учун бу масалага ойдинлик киритишни лозим топдик.

Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти эълон қилинди.

Унга кўра, масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилгани инобатга олиниб, Рамазон ҳайити намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлгани қайд этилган. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

Биласиз, динимизда ҳам бир нарса далил-ҳужжатга асосланади. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳайит намозини бирор узр сабабли масжидда катта жамоат билан адо этиш имкони бўлмаса, уни уйда алоҳида жамоат билан ўқиш жоиз эмас.

Мазҳабимизнинг мўътабар фиқҳий манбаи бўлган “Баҳрур роиқ” асарида бундай дейилади: “Имом билан бирга ийд намозини адо этиш имкони бўлмаса, у қазо қилинмайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлиб, ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди”.

Ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намози ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди. Бунинг натижасида намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Умумий рухсат – жоме масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жума (ёки ҳайит) намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).

“Мажмаъул анҳур” китобида ёзилишича: “Ҳайит намози Зуҳо намози ўрнига қўйилган. Ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Демак, биз бу йил коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин сабабли уйларимизда ҳайит намози ўрнига нафл намоз ўқиймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Барчамиз уйда, оила даврасида қолиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда байрамни нишонлаймиз. Зеро, динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+30° небольшая облачность
Валюта курси
10148.31
USD 9.01
11262.59
EUR 210.75
144.05
RUB 2.7