my5
all

Мамлакатда икки минг нафардан зиёд одамга ишсиз қолиш хавфи туғилмоқда

ИҚТИСОДИЁТ 14.05.2020, 19:46
625
Мамлакатда икки минг нафардан зиёд одамга ишсиз қолиш хавфи туғилмоқда

Жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимиз “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган.

Бу фармонда имтиёзлар берилган озиқ-овқатлар рўйхатида шакар борлиги кишини таажжублантиради. Чунки, Ўзбекистонда иккита шакар ишлаб чиқариш корхонаси – “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” МЧЖлар ишлаб турибди. Ёки бу корхоналар мамлакатимизда шакарга бўлган талабни тўлиқ таъминлаб бериш қувватига эга эмасми? ЎзА мухбирининг саволларига  “Ангрен шакар” МЧЖнинг Бош директори Рустам Акбарходжаев қуйидагича жавоб қайтарди

– Ўзбекистондаги мавжуд “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” МЧЖ бугунги кунда юртимиздаги истеъмолчиларнинг эҳтиёжига етарли бўлган шакар ишлаб чиқариш қувватига эга ва буни уддаламоқда. Ҳозирда биржа савдосига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан 5360 сўмдан сотувга кўйилган. Олдиндан буюртма учун эса 5220 сўм нарх белгиланган. Эътиборга лойиқ томони шуки, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз стабил ҳолатда фаолият юритган тақдирда ҳам, кунига 2000 тоннадан ортиқ шакарни биржа савдосига куйиш имконияти мавжуд. Ваҳолангки, Ўзбекистон аҳолисининг шакарга бўлган эҳтиёжи йилига 700 минг тоннани ташкил этади.

– Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хом ашёни ўзимиздан олишадими ёки четдан олиб келишадими?


– Шакар хом ашёсини тайёрлаш бўйича дунёдаги энг илғор давлатлардан яъни Лотин Америкасидан олиб келинади. Бутун дунёда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган хом ашё ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузганмиз.

– Каратин давридаги вақтинчалик имтиёзлар берилган рўйхатда тайёр шакар ҳам киритилган экан. Бу ўзимиздаги мавжуд иккита корхона фаолиятига таъсир қилмайдими?

– Бизни таажжублантирган тарафи ҳам шунда. Нега энди Ўзбекистонда шакар танқислиги сезилмаслиги учун фақат тайёр маҳсулотга имтиёзлар берилиши керак-да, хом ашё учун имтиёз берилиш мумкин эмас. Бу ерда қандайдир англашилмовчилик рўй берган. Ўйлаймизки, бу англашилмовчиликлар бартараф этилиб шакар хом ашёсига ҳам йил охиригача бўлган муддатга имтиёзлар берилади. Шундагина соғлом рақобат юзага келади, шундагина тарозининг палласи адолатли тарзда бўлади.

– Акс холдачи?

– Акс ҳолда, бизнинг олдимизда жуда катта хавф пайдо бўлади. Ўзбекистонда иккита шакар ишлаб чиқариш корхонаси – “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” МЧЖлар банкрот бўлади. Бу ерда ишлаётган 2000 нафар ходим эса ишсиз қолиб чет элларда мигрант бўлиш эҳтимоли мавжуд. Аниқроғи, қўшни давлатларни яна жами 2000 нафар тайёр мутахассислар билан таъминлаймиз. Балки Украина, Қозоғистон ёки Россиядаги шакар заводларидан иш топишар. Бундай дейишимизга асос шуки, шакар заводларимиз фаолияти тўхтагандан кейин бари бир қўшни давлатлардан шакар импорт қилишга мажбур бўламиз. Шундоқ ҳам Европа билан савдо алоқалари узилган Россия ишлаб чиқарган шакарларни қайга ўтказишни билмай турибди. Орадан икки, уч йил ўтади. Иккита заводларимиздаги асбоб-ускуналар ишламасдан коррозияга учраб, талон-тарож бўлиб йўқолгандан кейингина озиқ-овқат сиёсатидаги ўйинлар ўз бўй-бастини кўрсата бошлайди. Ўзбекистонга импортни қўлга киритганлар муқобили йўқ озиқ-овқат ҳисобланадиган шакарга нархни ўзи хоҳлагандек қўя бошлайди. Ўзбекистонга шакар киритишни мавсум олди маълум бир муддатга тўхтатиб қўйса басс, шунинг ўзи кифоя. Ваҳимага ўрганган халқнинг ўзи нархни осмони-фалакка кўтариб қўя қолади. Кимлардир кутганидек, мустақиллик бошларидаги шакар муаммосининг сценарийси яна такрорланади.

– Айтмоқчисизки, агар шакар импортига имтиёз берилиб шакар хом ашёси бундай имтиёздан мосуво бўлса, банкрот заводлар сони яна иккитага ортиши мумкин. Бу шунчалик тез рўй берадиган ҳодисами?

– Албатта, чунки, импортёрлар имтиёз берилган қисқа муддатда Ўзбекистон ҳудудида тасаввур қилиб бўлмас миқдорда тайёр шакарни олиб кириб бўлишади.

– Натижада эса...?

– Натижада, ўзимиздаги мавжуд иккита завод банкрот бўлгандан кейин бир йилда улардан давлатга тушаётган жами 160 миллиард сўм солиқ йўқолади.

Озиқ-овқат сиёсатидаги мувозанат бузилиб шакар нархи кескин кўтарилиб кетишига олиб келади.

Шакар ишлатиладиган барча озиқ-овқатларнинг нархи ҳам кўтарилади.

Тахминан 3-4 йилдан кейин юртимизга Покистон ва Афғонистон каби давлатларнинг энг сифатсиз шакарлари кириб кела бошлайди.

3 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида айнан юртимиздаги корхоналарни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди.

“Битта корхона фаолияти тўхтатишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминламоқда” – деган эди, Президентимиз.

Ваҳолангки, ишсиз қолиш хавфи остида турган 2000 минг нафар юртдошларимизнинг оиласида ўртача 5 нафардан қора кўзлар кун кўраётганини ҳисобга олсак, камида ўн минг нафар ватандошимизнинг тақдири “яшаш учун кураш” ўйинларига тикилган. Демак, бу ерда оддий қилиб айтиб ўтилган гапда бир-икки нафар эмас, 10 минг нафар инсоннинг келажаги ҳақида сўз юритилди.

Шундай экан, умид қиламизки, ушбу соҳага масъул бўлган мутасаддилар эътибор қаратади ва 2000 нафар ходимни иш билан таъминлаб келаётган шакар ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз англашилмовчиликлар қурбони бўлмайди.

3 033

 

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси