my5
all

"Илҳақ" сизга ёқдими? Менга бу фильм ёқди!

МАДАНИЯТ 10.05.2020, 21:14
Теглар: Илҳақ, Ўзбеккино
1336
"Илҳақ" сизга ёқдими? Менга бу фильм ёқди!

Таассуф, бу шундай уруш эдики, ҳамон давом этяпти. Яҳудий, немис, поляк, япон, рус, ўзбек... Бари уни ўзича хотирлайди, талқин қилади, фойдаланади... Бу шундай урушки, ҳамон одамларни тарафларга бўлиб уриштиряпти. Бу кунда истасак ҳам, истамасак ҳам уни эслаймиз, у ҳақида гапирамиз, баҳслашамиз, ғоя талашамиз. Лекин барибир уруш даҳшати ва фожиалари акс этган асарларни ўқиймиз, тинглаймиз ва томоша қилаверамиз. Бу бизга керак, ҳаётда "уруш"маслик учун камида.

 “Илҳақ“да ўзбек халқи яшаган, қатнашган ва ҳисса қўшган уруш тасвирланган. Албатта, бир оиладан беш фарзанд фронтга кетиб, биронтаси қайтмаслиги жуда кам учрайдиган ҳодиса. Лекин бешта эмас, битта инсон урушга кетган хонадонларнинг қайғуси бундан кам бўлмаган. Умуман, уруш қайғусини бу тарзда солиштириб, таққослаб ўлчаб бўлмаса керак. Ҳатто, умуман бирон инсон урушга бормаган оила ҳам шу уруш ичида эди, тақдирида уруш акс этганди.

Фильмдаги Чори образи айни ҳақиқатнинг ифодаси, назаримда. Фронтдан минглаб чақирим узоқдаги бу ногирон инсон почтачи вазифасида ҳар куни урушда қатнашди (алоқани таъминлади), хизмат вазифасини бажара туриб зарбалар олди, яраланди, қурбон берди ва одам ҳам ўлдирди.

Учинчи ўғил Муҳаммаджон ва унинг туғавериб, фарзанд доғи кўравериб, юзлари қорайиб, ўзи қоқсуякка айланган фидокор ва вафодор хотини эса алоҳида таъкидланадиган образлардир. Бир марта уруш даҳшатини кўриб келгач, бемалол тинч ҳаётда яшаши мумкин бўлган Муҳаммаджон бир эмас, икки жигаридан қора хат келган кеча ўзини тинч ҳаётга лойиқ кўрмади ва ҳатто хотинини ётоқхонадан чиқариб юборди (психологик нуқта), эртасига эса фронтга яна кетишга ариза берди. Шундай ўринлар киноасарнинг бадиий таъсирини кучайтирган.

Албатта, картинада марказий образ – она. Мен севган ва камдан-кам интеллектуал актрисаларимиздан бири деб билганим Дилором Каримовадан орттириб бу ролни ҳеч ким ижро эта олмасди (назаримда). Сценарийнависларимиз опа учун шундай кенг қамровли, сермазмун персонажларни кўпроқ ёзишса-ю, Дилором опа роль ўйнаш қанақа бўлишини яна ва яна кўрсатиб қўяверсалар, қанийди.

“Илҳақ” ўткир сюжетли, воқеалар шиддат билан кечадиган, томошабинни ўтдан олиб сувга соладиган фильм эмас. Текис, сокин драма. Кўп жойлари “Икки эшик ораси”, “Уфқ” романларини, “Армон” ёки Люк Бессоннинг “Лион” фильмларини эслатади. Айниқса, уруш саҳналарида кўп шаблонлар кузатилади. Лекин, барибир, зерикмайсиз, таъсирланасиз. Яъни фильм анъаналар ва шаблонлар ичида яратилган бўлса ҳам, самимий ва ўзига хос ўзбекча руҳи бор.

Ушбу бадиий фильмнинг финали, яъни уруш тугаган саҳнаси ўзгача аҳамиятли. Беш фарзандига илҳақ Она уруш тугади деб қувонмади. Бешовидан биттаси ҳам қайтмади-я дея ўкиниб, ўксиниб қолди. Бу биз учун ғалаба эмас, андуҳ куни эканини таъкидлади гўё.

Оммавий саҳналарни акс эттириш бобида ҳам “Илҳақ” бугунги ўзбек киносида янги даражага чиққанини кўриш мумкин. Айниқса, юзлаб инсонлар иштирок этган Катта Фарғона канали қурилиши эпизодларида жуда ҳайратландим. Мусиқа эса фильм мазмунини жуда чиройли очиб берган, айтишларича, картина учун махсус басталанган.

Лекин камчиликлар ҳам бор. Масалан, актёр Йигитали Мамажонов ижросидаги Шокир образи сюжетга чиройли олиб кирилган, персонаждан унумли фойдаланилган, бироқ сюжетдан олиб чиқиб кетилиши ва хулосаси яққол кўринмай қолган. Ёки ҳар сафар почтачининг калтакланишини кўрсатавериш шарт эмасди, у ураётган бонгнинг ўзидан фойдаланиб қўйиш ҳам мумкин эди. Нигора Каримбоева ижросидаги образга янада кўпроқ ўрин бериб ривожлантириш, унинг раис билан муносабатларини Мэлис тилидан шунчаки айттириш орқали баён қилмай, бирон саҳна ё ишора билан кўрсатиш, яъни бадиий услубларга янада фаолроқ мурожаат қилиш керак эди деб ўйлайман.

Сўзим сўнгида асар муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардан бири унинг фабуласи, яъни ҳаётий асоси эканини айтишим лозим. Биз “Илҳақ” орқали Зулфия Зокирова ва унинг тўрт келини тимсолида минглаб, юз минглаб шундай оналару келинларни танидик. (Шуни ўйлар эканман, биттагина ўғлимни икки ҳафта болалар оромгоҳига жўнатиб, ҳар соатда қўнғироқлашиб турганим ҳолда ҳафтада икки марталаб олдига бориб келганларимни эсладим.) Боласини ажал комига юбориб, ойлаб ундан хабар кутиб илҳақ бўлган оналарнинг сабрига қойил қолдим. Уруш кўрган ҳар бир она қаҳрамон, фарзанд доғини кўтарган оналар ўн марта қаҳрамон, бир неча фарзандларининг доғини кўтариш эса... таъриф тополмадим.Ўша оналар ҳар фарзандини урушга жўнатаётиб танасининг бирон қисми юлиб олингандек оғриқ туйганларини жисман ҳис қилдим!

Ва “Илҳақ” уруш мавзусидаги баҳсларни қайсидир маънода аҳамиятсиз қилиб қўя оладиган фильм деган хулосага келдим.

 Шаҳноза СОАТОВА, Адлия вазирининг маслаҳатчиси

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+30° небольшая облачность
Валюта курси
10148.31
USD 9.01
11262.59
EUR 210.75
144.05
RUB 2.7