my5
all

"Уруш фарзанди"нинг қайғули севги қиссаси

МУТОЛАА 01.05.2020, 10:52
1305
"Уруш фарзанди"нинг қайғули севги қиссаси

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков асарларини, эҳтимол, ҳамма ҳам ўқимагандир. Аммо «Қиёмат қарз»ни кўрмаган инсон топилмаса керак.

      Бугун адибнинг «Уруш фарзанди» қиссасини тавсия қилмоқчиман. Бу асар бир қарашда оддий севги қиссасига ўхшайди. Мафтункор Болгария, улуғвор денгиз, олтин қумлар, болгар қизига ошиқ бўлган ўзбек йигити...

      Иккинчи жаҳон урушининг тамом бўлганига ҳам 75 йил бўлди. 75 йил... Бу бир инсон умри. Уруш фожиалари ҳақида сўз кетганида миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлгани, фашистлар томонидан вайрон қилинган шаҳар-қишлоқлар, ўт остида қолган далалар ва мислсиз жасорат кўрсатган қаҳрамон жангчилар тилга олинади, рақамларда баҳоланади. Булар ҳақида манбаларни истаганча топишингиз мумкин.

      Ўқувчилик йилларимизда тарих китобларининг каттагина қисми Иккинчи жаҳон урушига бағишланган эди. Совет халқининг, совет кишисининг жасорати, мардлиги ҳикоя қилинарди. Уруш мардлик майдони эди. Фильмларни айтмайсизми?! Қўлтиқтаёқдаги жангчини кўрганмиз, боши бинт билан ўралган ярадорларни кўрсатишарди, гулларга бурканган музаффар жангчилар, бахтиёр қиз-жувонлар... Калта юбкаси, бошига истиғно билан қийшиқ қўндирилган пилоткали ҳамшира қизлар жанг майдонидан ярадорларни олиб чиқишарди, биз кўриб улғайган фильмларда. 

      Уруш ҳақиқатлари анча кейин қалқиб чиқа бошлади. Шунда ҳам ҳаммаси эмас. Аммо шулар ҳам Иккинчи жаҳон урушининг бор фожиаларини англаб етиш учун етарли эди. Вокзалларда, бозорларда тиланчилик қилиб кун кўраётган қўлсиз-оёқсиз майиб-мажруҳлар ҳақида ҳеч қандай фильм олинмаган, бадиий асарлар битилмаган. Жамият томонидан тақдир ҳукмига итқитиб ташланган собиқ жангчилар совет воқелигига зид ҳолат эди. 

      «Урушда ярим инсон, ярим йиртқич бўлишинг керак. Бошқа йўл билан тирик қолиш имкони йўқ. Фақат инсон бўлсанг – тирик қолмайсан. Калланг кетади... Варшавагача бордим. Бутун йўлни пиёда босдик... Ер бағирлаб бордик... ортиқ сўраманг... Уруш ҳақидаги... қаҳрамонлар тўғрисидаги китобларни ёқтирмайман... Касал, йўтал тутган, ухламаган, кир-чир, афтода бир ҳолда йўл босардик. Кўпинча оч-наҳор... Аммо ғалаба қозондик».

      Бу парча беларусь адибаси Светлана Алексиевичнинг «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» ҳужжатли асаридан олинди. Бу қайси жинсга мансуб инсоннинг хотираси деб ўйлайсиз? Албатта, эркак шундай хотирлаши мумкин. Мен ҳам даставвал буни жангчи эркак хотираси деб ўйладим. Аммо... Бу аёлнинг хотиралари, автоматчилар взводининг командири Любовь Ивановна Любчикнинг хотиралари. Айнан ана шундай ҳақиқатлари учун бу асар узоқ йиллар нашр этилмади, нашриётлар томонидан рад этилди, совет жангчи аёллари шаънига номуносиб дейилди.

      Аммо совет жамиятида урушнинг бор азобини эркаклар билан баб-баравар тортган аёллар ўз вақтида муносиб эҳтиром кўрган эмас. Уларнинг катта қисмига суюқ­оёқлардан ҳам паст назар билан қаралди. Тақдирлари урушнинг давомидек тинч ҳаётда барбод бўлди. Булар ҳақида ҳужжатли манбалар мавжуд.

      Уруш йилларида яна бир тоифа аёллар бор эди. Булар немислар томонидан босиб олинган ҳудудларда ҳимоясиз қолган аёллар эди. Ҳимоясиз аёллар... Душман қўл остида ҳақсиз-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз аёллар... Айримлари душмандан фарзандли бўлдилар. Ва бу болаларнинг тақдири... Улар бутун умр тавқи-лаънат остида қолдилар, оналари билан.

      Ҳа, 1945 йилда тамом бўлган уруш шу тариқа инсонлар ҳаётида давом этди. Бугун бу нарсаларга ишониш қийин. Аммо жуда кўп инсонлар ана шундай аламли тақдир билан яшаб ўтдилар.

      Нима учун мавзудан чиқиб кетганимга ҳайрон бўляпсизми? Йўқ, мавзудан четга чиқдим, деб ўйламайман. Агар севимли адибимиз Ўлмас Умарбековнинг «Уруш фарзанди» қиссасини ўқиш истаги туғилса, унинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашингизни истадим, холос. 

      Қисса қаҳрамони Азизнинг касби агроном. Отаси урушда ҳалок бўлган, синглиси ва онаси бор. У касби тақозосига кўра бирмунча вақт Болгарияда ишлайди. Шу ерда соҳибжамол Анна-Марияни учратиб қолади.

      Қиссадан ўқиймиз: «Мен худди капалакка ўхшайман. Умри қисқа, кичкина капалак... У гулдан бу гулга қўнаман. Аммо биттасида ҳам қўним тополмайман. Тикан киргандек, сакраб бошқасига ўтаман... Анна-Мария ғамгин жилмайди».

      Ёш, парирухсор, кўрган борки гўзаллигига мафтун бўлиб қоладиган қиз нега ғамгин тортади?

      Ўқиймиз: «Сиз худди ойимга ўхшаб гапирасиз. У ҳам доим шундай дейди. Кейин йиғлаб қўшиб қўяди: «Сен менинг бахтимсан, сен хурсанд бўлсанг, мен хурсанд бўламан, тинч бўламан». Унинг бахтли эмаслигини аллақачон билганман, мен унинг ташвишиман, мени билганларнинг ҳаммасига ташвишман... Мана кеча ҳам ташвиш орттирдим».

      Эътибор беринг-а:«Мен унинг ташвишиман, мени билганларнинг ҳаммасига ташвишман...»

      Айнан шу сўзларда Анна-Мария­ни етти-саккиз ёшларидан бери таъқиб қилиб келаётган дардни, уруш аллақачон тугаган эса-да, унинг айбсиз айбдори бўлган икки инсоннинг маломатлар ичра ҳаловатсиз, ҳузурсиз кечган ҳаёти акс этган. Энг ачинарлиси, бу биргина Анна-Мария ва онасининг тақдири эмас эди.

     Етти-саккиз ёшли қизалоқ ҳаётида нима юз берган эди? Онасидан, ўртоқларидан, ўзидан уялтирган бу қандай куч эди?

      Айни шу ёшида қизалоқ илк марта шафқатсизларча таънага нишон бўлди: «Ҳа, фашистнинг уруғи! Ўзингни кўрсатяпсанми... Ойинг яхши эртак тўқибди. Бориб сўра, юбкасининг тагида яшаган немис ким экан!»

      Бу биргина болқон аёлининг фожиали ҳаёти бўлмаган. Бундай тақдирлар бепоён совет давлатида ҳам бисёр эди.

      Совет давлати интернационал дўстликни тарғиб қилар эди. Турли миллатлар ўртасида тузилган никоҳларни оламшумул воқеа каби бонг урарди. Аммо Анна-Мария каби уруш фарзандларини тан олмасди. Эзгуликдан жар солди-ю, уруш фарзандларини шафқатсиз таъна-маломатлар исканжасида яшашига йўл қўйди.

      Севимли адибимиз бундан жуда яхши хабардор бўлган. Эҳтимол, шунинг учундир асар қаҳрамони этиб болқон қизини танлаган. Ва ўзигагина хос назокат билан урушнинг улкан фожиаларидан бирини севги қиссасида маҳорат билан кўрсатган.

      Азиз ўқувчи, бу гўзал ва қайғули севги қиссаси нима билан якун топганини билишни истайсизми? Албатта, истайсиз. Унда адиб Ўлмас Умарбеков қиссалари билан жавонингиздаги жавоҳирлар сонини яна биттага кўпайтиринг. Мутолаа завқи сизни тарк этмасин.

Инобат ИБРОҲИМОВА,

«Ватанпарвар» газетаси мухбири

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+31° небольшая облачность
Валюта курси
10148.31
USD 9.01
11262.59
EUR 210.75
144.05
RUB 2.7