my5
all

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги спортчиларга махсус баёнот билан чиқди

СПОРТ 21.04.2020, 17:34
859
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги спортчиларга махсус баёнот билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги карантин даврида уй шароитида машғулотлар олиб бораётган спортчилардан допинг қоидаларини бузмаслик ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича муҳим баёнот билан чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳурматли спортчилар ва мураббийлар!

Маълумки, бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси кўплаб спорт тадбирларини, жумладан тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақалари бўлмиш 2020 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг ўтказилишини кейинги йилга сурилишига сабабчи бўлди.

Бу спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари ҳамда тиббиёт мутахассисларига 2021 йилда ўтказилиши кўзда тутилган Ўйинларга янада самарали ва пухта тайёргарлик кўришига имкон яратади. Ҳозирда барча спортчиларимиз уй шароитида мустақил равишда, мураббийлар ҳамда шифокорларнинг онлайн назорати ва кўмаги остида машғулотларни бажаришда давом этишмоқда.

Азиз спортчилар, Қадрли мураббийлар!

Карантин давомида ўз спорт қобилиятингизни сақлаш ва янада юксалтириш мақсадида яратилган шароитлардан унумли фойдаланишингизни, спорт тартибига қатъий риоя қилишингизни ҳамда спортда тақиқланган дори-дармонлар ва моддаларни истеъмол қилишдан йироқ бўлишингизни сўраймиз. Агарда спортчиларимиз орасида бу каби дори-дармону моддаларни қўллаб, улар қисқа муддат ичида инсон танасидан чиқиб кетади деб ўйлайдиганлар бўлса, улар адашишади.

Янгилик эмаски, антидопинг лабораторияларнинг замонавий усуллари ёрдамида 3-4, ҳаттоки 7-8 йил аввал истеъмол қилинган допинг-моддалари аниқланиб келмоқда. Шунинг учун огоҳ бўлинг, ўз маҳоратингиз ва кучингизга, халқимиз дуосига ва мухлисларнинг олқишлаб сизни қўллаб-қувватлашига ишонинг. Адолатли спорт ва мардона курашнинг фахрли тимсоли ва тарафдори бўлинг”, – дейилади баёнотди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси