my5
all

Дубайга қизларни сотиш билан шуғулланган аёлга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 21.04.2020, 13:06
977
Дубайга қизларни сотиш билан шуғулланган аёлга ҳукм ўқилди

1984 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Наргиза Маматова (исм, шарифлар ўзгартирилди) 25 ёшиданоқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига “серқатнов” бўлиб қолди. Бунинг боисини орадан 6 йил ўтгач, билган ҳам билмаган ҳам билди. Н.Маматова ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Жиноят кодексининг “одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш” ва “қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш” моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Тергов ва суриштирув жараёнлари мобайнида Н.Маматованинг барча кирдикорлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2014 йил 2 октябрдаги ҳукмига кўра, Н.Маматова 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Олий Мажлис Сенатининг “Амнистия тўғрисида”ги Қарорига асосан тайинланган жазодан озод қилинди. Лекин Н.Маматова бу инсонпарварликнинг қадрига етмади. Яна Дубайга бориб-келиб юрди.

2018 йилнинг май ойида Дубайда ҳам тинч юрмай  ҳибсхонага тушди. Ҳибсхонада Дубайга пул топиш мақсадида келиб, ҳужжатларида камчилик бўлганлиги сабабли “ёпиб қўйилган” жиззахлик Н.Шокирова билан танишиб қолади. Н.Маматова шу жувон ҳам бир куни менга керак бўлиб қолар деб, унинг Жиззахдаги уй манзилини хотирасига “михлайди”. Н.Маматова Бухорода “иши” юришмай қолдими, 2019 йилнинг март ойида қизларни Дубайга олиб кетиш, улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун моддий манфаатдорлик кўришни режалаштириб, Дубай ҳибсхонасида танишиб қолган жиззахлик Н.Шокированикига қараб йўлга чиқди. Хотираси панд бермай Н.Шокированинг уйини осонлик билан топиб борди. Н.Шокирова энг оғир кунларида бир бурда нонни бўлиб еган бухоролик “дугона”сини кўз ёшлари билан кутиб олди. Меҳмондорчиликдан сўнг бухоролик “дугона” жиззахлик дугонасига қизларни фоҳишалик қилиш учун Дубай шаҳрига жўнатиш билан шуғулланиб келаётганлигини, агар шундай қизларни топиб берса, унга ҳар бир қиз учун 1000 АҚШ долларидан пул бериши ҳақида шипшитади. 

Ўша вақтда Н.Шокированинг уйига дугоналари Нодира ва Сабиналар келиб қолиб, бухоролик “дунё кўрган” хонимнинг Дубай ҳақидаги эртакнамо сўзларига оғизлари ланг очилди. Н.Маматова Дубайга тез-тез бориб келишини, у ерга қизларни юборишини, йўл ҳақи ва бошқа ҳаражатларни ҳам ўзи тўлашини, у ерда ойига 5000-6000 АҚШ долларини ўйнаб кулиб топиш мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртирди. Иккала жувон ҳам Наргизанинг чўпчакларига ишониб, Дубайга “иш”га боришга рози бўлдилар. Лекин Нодиранинг паспорти йўқлиги сабабли у Дубайга боришдан мосуво бўлди. Аёл Сабинанинг паспортини расмга тушириб, Дубайдаги танишига юбориб, унинг қўнғироғини кутишини айтди. 

Пул учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамфуруш бу аёл Н.Шокировага ҳам уни ҳали ёш ва гўзаллигини, агар Дубайга яна борса, барча харажатларни ўзи кўтариши, бир-икки ой “ишлаб”, қарзлардан қутилгач, ойига 5000-6000 АҚШ доллари топишини айтиб, унга ҳам ҳар доимги “эртагини” ўқиди. Лекин Дубайга бир марта бориб, “оғзи куйган” жиззахлик жувон аслида у ерда фоҳишалик қилган қизларнинг қўлига умуман пул берилмаслиги, уларнинг топган пуллари қизларни жўнатганлар билан қизларни сақлаб, улардан фойдаланиб келган шахслар ўртасида ўзаро бўлиб олинишини, чунки ўзи ҳам бу ҳолатларни Дубайда бошидан кечириб, қанчалик қийналганлари сабаб яхши биларди.

Бу чиғириқлардан ўтган Н.Шокирова Дубайга отланаётган дугонасига бошидан ўтганларни сўзлаб бергач, Сабина Дубайга бориш фикридан қайтиб, бухоролик одамфуруш аёлнинг ҳаракатлари одам савдоси эканлигини тушуниб етиб, келгусида бошқа қизларнинг ҳам алданиб қолишининг олдини олиш мақсадида икковлашиб, ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Наргиза Маматова Сабинани Тошкент халқаро аэропортидан Дубайга жўнатаётган вақтида Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.

ЖИБ Жиззах шаҳар суди ҳайъати судланувчи Н.Маматованинг Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан айбли деб топиб, унинг қилмишидан чин кўнглидан пушаймонлигини, жабрланувчиларнинг давоси йўқлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, ҳозирги кунда ҳомиладор эканлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, тунги вақтда, яъни кеч соат 22.00дан эрталаб соат 06.00 га қадар яшаш жойидан чиқишини чеклаш шарти билан 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Маҳкума Н.Маматова уч йилдан сўнг яна Дубайга бора оладими, йўқми, буни билмаймиз-у, лекин жазони ўташ даврида россиялик қўшиқчи Земфиранинг “Гудбай, Дубай” деб айтиладиган машҳур қўшиғини тез-тез тинглаб турса керак-ов!

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси