my5
all

Адлия вазирлиги блогер Хушнудбек Худойбердиевга жавоб берди: "Ҳуқуқшунос қонунни англамаса, жамият қаерга боради?!"

ЖАМИЯТ 09.04.2020, 18:33
7593
Адлия вазирлиги блогер Хушнудбек Худойбердиевга жавоб берди: "Ҳуқуқшунос қонунни англамаса, жамият қаерга боради?!"

Хабарингиз бор, 4 апрель куни Чирчиқ шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида тўйхонада фуқаро М.Э ҳеч қандай ҳужжатларсиз тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани аниқланган эди. Аммо ушбу хабар чиққанига кўп ўтмай, бу воқеа аксарият интернет фойдаланувчиларини ғашини келтирди. Ҳатто блогерлар ҳам  Солиқ қўмитасининг ҳатти ҳаракатларидан норози бўлишди. Адлия вазирлиги блогернинг чиқишига ўз муносабатини билдирди.

"Ҳар қандай жамиятда қонунларга ҳурмат, белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш – бу энг асосий ва муҳим омилдир.

Биз ё ҳамма қабул қилган ва бажариши мажбурий бўлган қонун ва қоидалар асосда ишлаймиз ва яшаймиз, ёки ҳар ким ўз билганича, яъни ўз ўлчови билан турли хил субъектив фикрлари асосида шаклланган қоидалари билан яшайди. Минг йиллар давомида шаклланган цивилизациялар қонун устуворлигисиз яшаб ва ривожланиб бўлмаслигини аллақачон тушуниб етган. Шунинг учун жамиятлар барчага мажбурий, қулайми ёки ноқулай – қатъий назар, умумжамият манфаатини ифода этувчи қонун-қоидалар асосида бошқарилиб, ривожланиб келган.

Бу оддий, исбот талаб қилмайдиган гапларни XXI асрга келиб яна такрорлаш, албатта, шарт эмас, айниқса, ҳуқуқшуносларга буни эслатиш – ортиқча.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашда қатор ечимини кутаётган масалалар бор. Буни ҳар кунги ҳаётимизда, халқаро рейтингларимиздан ҳам кўриб турибмиз. Шундай экан, ушбу муаммоларни ечиш ва қонунийликни таъминлаш устида бош қотириш керакми ёки тескарисини тарғиб қилиш керакми?

Лекин шундай ҳолат юз берди ва бу аксиомани такрор эслатишга мажбур бўляпмиз.

Чирчиқ шаҳрида ноқонуний ниқоб тикиш цехи фаолиятига солиқ органлари томонидан чек қўйилгани юзасидан ҳуқуқшунос Х. Худойбердиевнинг асоссиз ва ҳиссиётларга берилган қарашлари жамиятга жуда нотўғри сигнал юборди.

Биринчидан, ишчилар оғзаки келишув асосида ёллангани меҳнат қонунчилигини бузиш, солиқдан қочиш ва ҳоказолардан ташқари ушбу ишчиларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилишига ҳам йўл очади. Масалан, тадбиркор ёлланма ишчиларга меҳнат ҳақини тўламайман деса ёки меҳнат жараёнида ишчилар соғлиғига зарар етса, бунинг жавобгарлиги кимнинг гарданида бўлади?

Иккинчидан, қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Бироқ бу, тиббий ниқобларни ишлаб чиқишда белгиланган стандартлардан воз кечилиши лозимлигини англатмайди. Бундан ташқари, ушбу жараён меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси, санитария-гигиена ва эпидемиологик вазият талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилиши лозим. Бу борадаги талаблар бир муаммони ечаётиб бошқа муаммоларни юзага келтирмаслик учун қўйилган. Акс ҳолда, биз оқибатлар ва улардан келиб чиққан яна минглаб оқибатлар билан курашишга ресурс ва вақтни беҳуда сарфлаб, жамиятни янги-янги муаммолар гирдобида қолдирган бўламиз. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Учинчидан, 183 кишини ҳар куни бир жойга тўплаш ва бунда санитария қоидаларига риоя этмасликни тирикчилик билан хаспўшлаш мутлақо нотўғри! Тирикчилик қилиш учун, аввало, соғлик, яъни тириклик кафолатлари минимал даражада бўлса ҳам таъминланиши керак. Бу вақтинчалик чоралар эканини ҳамма тушуниб турибди. Агар инсонлараро контактларни минималлаштириш бугунги шароитда зарур чора бўлмаганида, шунча корхоналарни ёпиб, чекловлар белгиламай, давлат ўша ишчиларни ўзининг доимий ишида давом этишига йўл қўйиб бермасмиди? Ёки худди яна шундай уддабурон инсонлар ўзларига ҳеч қандай ҳужжатларсиз ва шартномаларсиз яна 100 та цех очиб ишласа ҳам индамаслик керакми, 1000 та цех очса-чи? Қонунлар унда нимага керак? Тадбиркорлар жамиятга керак, улар халқни боқади. Шу билан бирга, тадбиркорлик қонуний асосларда бўлишини ҳеч кимга исботлашнинг ҳожати йўқдир!

Тўртинчидан, бундан сал аввалроқ ҳам блогерлар Давлат божхона қўмитаси томонидан хорижга ноқонуний экспорт қилинаётган тиббий ниқоблар тўхтатиб қолинганда, эҳтиросли постлар ёзиб, гўёки тадбиркорнинг ҳимоясига отланган эдилар (https://t.me/davletovuz/7933). Ваҳоланки, Давлат божхона қўмитасининг қонун доирасидаги ҳаракати оқилона иш бўлгани орадан оз фурсат ўтмай ҳаётий исботини топди: Ўзбекистонда ҳам коронавирус қайд этилди ва тиббий ниқоблар ўткир тақчиллиги юзга келди. Шу сабабли масалага баҳо бераётганда фақат шу лаҳзаларнинг оний хулосаларига таянмай, кенг жамият манфаатлари ва вазият истиқболлари тўғрисида ҳам ўйлаб, энг асосийси эса Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, муносабат билдирилса, айни муддао бўлар эди.

Давлат солиқ қўмитасининг баёноти сўзимизнинг исботидир. Баёнотда қайд этилишича, ушбу тўйхонада очилган “цех”да жуда кўплаб талаблар бузилган, карантин ва санитария қоидаларига риоя этилмаган, “цех” ёпилиши билан жиддий ва оғир оқибатларга олиб келувчи ҳолатларнинг олди олинган.

Ҳурматли фуқаролар! Бугунги мураккаб эпидемиологик вазиятда белгиланган қоидалар ва талабларга риоя этиш ҳар қачонгидан ҳам зарур ва муҳим.Темир тартиб ва интизом асосидагина юртимизга келган синовни енгиб ўтишимиз мумкин.

Қонун устуворлиги таъминланмайдиган давлатда ёки ҳар ким ўз қоидаси билан яшайман дейдиган жамиятда келажакҳақида гапиришга ўрин қолмайди. Юқорида қайд этилганидек, ушбу масалаларда Ўзбекистонда ҳам катта-катта чақириқлар ва ечилиши керак бўлган муаммолар бор. Буларни биргаликда ечишимиз керак.

Барча соҳа мутахассислари жамиятимизда қонунлар асосида яшаш қадриятларини тарғиб қилиши керак, аксинча эмас!" дейилади хабарда. 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+31° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81