my5
all

Германияда қолиб кетган юртдошларимизга кўмак кўрсатилмоқда

ЖАМИЯТ 08.04.2020, 18:20
Теглар: Германия, Ўзбекистон, карантин
601
Германияда қолиб кетган юртдошларимизга кўмак кўрсатилмоқда

Германияда қолиб кетган юртдошларимиз ҳозир қандай аҳволда?

Кечагина глобаллашув тезлиги билан айланаётган дунё бугун тамоман бошқа қиёфага кирди. Бутун олам битта дардга қарши курашмоқда. Балки инсоният тарихида бунақаси бўлмаган. Турли ирқ, миллат ва элатлар, бадавлат ҳам, камбағал ҳам ўз уйида қамал қилинган.  

Короновирус пандемияси ва карантин  

Ота боболаримиз «Яхшиликни қилу, денгизга от», дейишган. Аммо бу ҳақда ёзишни жуда жуда истадим, чунки яхши амал бошқаларга ибрат бўлиши керак, кимларнингдир қалбига эса умид бериши мумкин.  

Куни кеча 6 апрель куни Германиянинг Франкфурт Майн шаҳридаги Бош консулхона консули Нуриддин Мамажонов томонидан ташкил қилинган онлайн видеоконференциянинг гувоҳи бўлдим. Иштирокчилар Германия – Ўзбекистон дўстлик жамияти ҳамда маданий бирлашмалари аъзолари.  

Мавзу эса: Ватандан олисда, ёрдамга муҳтож юртдошларимизга ёрдам бериш ва уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш.

Уларнинг асосий қисми Германияга даволаниш ёки вақтинча ўқиш учун келган. Апрель ойининг иккинчи ўн кунлигигача ҳаво ва ер транспортлари тўхтатилиб, чегаралар ёпилгани сабабли Германияда қолиб кетган ватандошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Тасаввур қилинг, ўзга юртда кутилмаганда қолиб кетасан, на етарли маблағинг, на тақиллатиб борадиган эшигинг бор... Айни мана шу қийин ҳолатда Бош консуллик юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзгани мусофир юртда юрган каминани ҳам қувонтирди.  

Бугунги кунда Германия-Ўзбекистон дўстлик жамияти томонидан 22 нафар юртдошимизга молиявий ёрдам берилмоқда ва уларнинг баъзилари керакли озиқ-овқатлардан ташқари ҳатто яшаш жойи билан ҳам таъминланган. Буларнинг барчаси бош консуллик раҳбарлигида хорижда яшаётган ватандошларимизнинг саъйи ҳаракатлари билан амалга оширилмоқда.  

Бундан ташқари Германиянинг Мюнхен, Кёльн, Штутгарт ва бошқа шаҳарларида доимий яшовчи ватандошлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятдан азият чекаётган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш, уларни Германияда вақтинча уй-жой билан таъминлаш мақсадида ҳисоб рақам очиб, мақсадли ёрдам кўрсатиш ташаббуси ҳам йўлга қўйилган.  

Бу ташаббусда иштирок этиш истагида бўлган юртдошларимиз очилган махсус ҳисоб рақамга хайрия маблағларини ўтказишлари мумкин:  

Ишончли вакил: Ҳабиба Ҳамдамова  

+49 176 80516255

hamdamova@gmail.com.

Gemeinde Wonneberg

IBAN: DE82710900000547131232

Verwendungszweck: USBEKISTAN

Германияда қийин аҳволда қолиб кетган юртдошларимиз Ўзбекистон Республикасининг Франкфурт Майн Бош консулхонаси расмий сайтида берилган телефонларга қўнғироқ қилиб маълумот олишлари мумкин.  

Сайт ҳаволаси: https://gk-usbekistan.de/uz/

•  Саволларимизга Франкфурт Майн шаҳридаги Бош консулхона консули Нуриддин Мамажонов жавоб берди:  

•  Бугунги кунда Германияда истиқомат қилаётганлар орасида короновирусга чалинганлар борми?  

•  Бу ҳолатни кузатиб бормоқдамиз. Бугунга қадар бундай маълумот келиб тушмади. Бу ерда яшовчи ўзбекистонликларнинг асосий қисми ёшлар эканлигини ҳам ёдда тутиш керак.

•  Короновирус шубҳаси бўлганлар мурожаат қилиши мумкинми?  

•  Албатта. Бундай ҳолат бўлса, Мюнхенгладбах шаҳридаги шифокорларимиз ҳатто видеоролик ҳам тайёрлашди. Касаллик борасида шубҳаси борлар бу клиникалардан узоқда бўлсада қўнғироқ қилиб ёрдам ёки маълумот олишлари мумкин.  

•  Германиядаги Ўзбекистон консулликлари бугунги кунда хизмат кўрсатмоқдами?  

•  Барча элчихона ва консулликларимиз юртдошларимизга фавқулодда ҳолатларда хизмат кўрсатмоқда. Фақат карантин сабабли бу хизматлар онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Германия давлатидаги юртдошларимиз 24 соат мобайнида расмий сайтимизда берилган телефон рақамларга қўнғироқ қилиб, мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирги кунда бу фонд томонидан йиғилаётган маблағ Германияда карантин сабабли қолиб кетган ватандошларимизнинг оғирини енгил қилиш учун сарфланмоқда. Фонддаги пуллар юртдошларимиз эҳтиёжидан ортиб қолган тақдирда бу пуллар бошқа хайрия тадбирлари, гуманитар ёрдам учун ишлатилиши мўлжалланган.

Бу ҳолат мени қувонтирди ва биз истасак бир тану бир жон бўла олишимизни, бир биримизни қўллабқувватлаб, барча қийинчиликларни енгиб ўта олишимизга ишонч ўйғотди.  

Мадина ЗАРИФ, "Даракчи"нинг жамоатчи мухбири

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси