my5
all

Карантин чоралари ўзини оқлаяпти, Италия ва Испания бунга мисол

ДУНЁ 07.04.2020, 10:49
1480
Карантин чоралари ўзини оқлаяпти, Италия ва Испания бунга мисол

 

Испания соғлиқни сақлаш вазири Сальважор Илья эпидемия тарқалиши секинлашига ўрнатилган қатъий карантин тартиблари натижасида эришилганини алоҳида таъкидлади. Маълумки, Испанияда кучли тайёргарлик ҳолати 25 апрелгача узайтирилган.

Италияда 5 апрель, якшанба куни касалликка чалиниб, касалхонага ётқизилаётганлар сони биринчи марта қисқаргани кузатилган бўлса, икки кундан бери интенсив терапия бўлимларида даволанаётган беморлар сони камайиб бормоқда. Сўнгги сутка ичида 1238 киши корорновирусдан соғайган. Айни пайтда, 637 киши қурбон бўлган ва бу 24 мартдан бери энг паст кўрсаткич бўлса, фақат 70 киши интенсив терапия бўлимларига ётқизилган бўлиб, бу 16 мартдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Италия Соғлиқни сақлаш Олий институти президенти Сильвио Брузаферро ҳам Италияда бу касаллик тарқалишининг пасайишига асосий сабаб сўнгги 15-20 кун давомида мамлакатда қаттиқ карантин тартибларига амал қилингани эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Оммавий ахборот воситалари дунёдаги энг кекса инсонлардан бири, бундан юз йил олдин европада тарқалган “испан гриппи” пандемиясини бошидан кечирган Италиялик 104 ёшли аёл Ада Зануссо коронвирусдан бутунлай тузилиб кетгани ҳақида ҳам хабарлар берилмоқда.

Шу маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, касаллик тарқалишига йўл қўймасликни асосий шарти ўз вақтида қаттиқ карантин тартиблари ўрнатиш ва барча томонидан бу талабларга сўзсиз риоя қилишдир. Касалликка чалинганларни аниқлаш ва уларни ажратиш, изоляция қилиш, улар билан алоқада бўлганларни аниқлаш ва уларни ҳам ажратиш билан бир қаторда одамлар ўртасидаги ўзаро мулоқатларни камайтиришга қаратилган ўзини ўзи изоляция қилиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.

Афсуски, аҳолидан уйда қолиш ва бевосита алоқаларни чеклаш, кўчага фақат ўта зарур ҳолларда чиқиш сўралаётганига қарамай, айримлар бу масалага нописандлик билан қарамоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига қараганда, карантин эълон қилингандан бери ўтган давр давомида мамлакатимиз миқёсида 30 мингга яқин ўрнатилган тартибни бузиш ҳолатлари аниқланган. Фуқароларимиз томонидан ҳар куни 2,5 мингга яқин карантин қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Карантин – бу вирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида кўрилган иложсиз чора. БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг таъбири билан айтганда, бугун бутун дунё короновирусга қарши уруш ҳолатида. Ҳеч қайси давлатнинг бу борада тайёр рецепти ёки идеал йўриқномаси йўқ, зарур тартиб-қоидалар мана шу кураш жараёнида, керак бўлса “ёнғин” тартибида белгиланмоқда. Бу хавфли касаллик тарқалишига қарши кураш жараёнларига бевосита жалб қилинмаган инсонлардан эса фақат битта нарса – карантин шартларига қатъий риоя қилиш талаб қилинмоқда холос.

Шундай экан, биз фуқаролардан эса, мазкур қоидаларни онгли равишда тўғри қабул қилиш, уларга риоя этиш ва бу билан ўзимизни, яқинларимизни ва фарзандларимизни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг давлат ва жамият олдидаги инсонийлик вазифаси сифатида қабул қилишимиз талаб этилади.

Нафсиламбирни айтганда, Ўзбекистон ҳукумати мазкур мураккаб шароитда энг тўғри стратегияни танлагани ўз исботини топа бошлади. Тез фурсатларда коронавирусни енгган мамлакатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам бўлишини кўришни бутун мамлакат аҳли истаётган тилак, десак муболаға бўлмайди.

Анвар Эминов, таҳлилчи

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81