my5
all

Қашқадарёда аниқланган 6-бемор ҳам Чироқчидан, у Тошкентдаги фирмада ишлаган

ЖАМИЯТ 06.04.2020, 20:39
1655
Қашқадарёда аниқланган 6-бемор ҳам Чироқчидан, у Тошкентдаги фирмада ишлаган

Қашқадарё вилояти Соғлиқни  сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, айни пайтгача вилоятда коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар беморнинг аҳволи ўрта оғир даражада. 

Беморларга вилоят юқумли касалликлар шифохонасида тасдиқланган стандарт асосида даво муолажалари олиб борилмоқда. 

Илгари хабар қилинганидек, вилоятда дастлаб чироқчилик 14 ёшли ўсмир мазкур инфекцияни пойтахтда яшайдиган қариндошидан юқтириб олгани қайд этилганди, сўнг унинг 36 ёшли отаси ва 16 ёшли опаси ҳам COVID-19 билан зарарлангани маълум бўлди. 

Маълумотларга кўра кейинги икки бемор ҳам дастлабки бемор билан мулоқотда бўлган 17 ёшли опаси ва 8 ёшли укаси ҳисобланади. 56 ёшли олтинчи бемор эса Чироқчининг бошқа қишлоғидан, у Тошкентдаги фирмада ишлаган. 

Қайд этиш жоизки, вилоят ҳудудида 4872 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 3338 нафари эпидемиологик вазият барқарор бўлмаган давлатлардан келган эди. Уларнинг 125 нафари чет эл фуқароларини ташкил этади.

Ушбу шахсларнинг 2779 нафарида 14 кунлик тиббий кузатув муддати тугалланиб, соғлиғи қониқарли деб топилди. 4 апрель куни махсус муассасалардаги 437 нафар фуқаронинг барчаси карантин тугаганлиги сабабли яшаш манзилига жўнатилди.

Бугунги кунда вилоят бўйича 1765 нафар фуқаро коронавирусга шубха қилиниб, уй шароитидаги карантинга олинган. 328 нафар фуқаро стационар шароитда карантинда сақланиб турибди (мазкур маълумотлар 2020 йил 5 апрель соат 18:00 ҳолатида). 

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 397 нафарни ташкил этмоқда.

27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл вафот этди.

28 март куни эса 1 нафар бемор (эркак)да ўлим ҳолати қайд этилди.

Бугунги кунгача эса 30 нафар бемор бутунлай тузалган. Сўнгги маълумотларга кўра, беморларнинг 9 нафари оғир аҳволда, икки нафари сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Маълумот учун: Жиддий карантин чоралари белгиланганига қарамасдан нега зарарланиш ҳолати ошиб бораётгани тўғрисида Нурмат Отабеков изоҳ берган эди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81