my5

“Мен грипп бўлдим деб ўйладим”. Дубайдан вирус юқтириб келган фуқаро касаллик қандай кечгани ҳақида гапириб берди

ЖАМИЯТ 03.04.2020, 07:59
1522
“Мен грипп бўлдим деб ўйладим”. Дубайдан вирус юқтириб келган фуқаро касаллик қандай кечгани ҳақида гапириб берди

Хабарингиз бор, 1 апрель куни коронавирусдан фориғ бўлган 4 нафар ҳамюртимиз Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. 

Қалампир.уз соғайган фуқаролардан бири БААнинг Дубай шаҳридан келган Ф.С. билан суҳбат уюштирди.

— Фазлиддин ака, сизда коронавирус касаллиги белгилари мавжуд экани қачон маълум бўлди?

— 14 март куни Дубайдан қайтдим. Аэропортдан тўғрои уйга келдим. Эртаси куни уйда иссиғим чиқиб, тобим қочди. Мен грипп бўлдим деб ўйладим. Иссиқ об-ҳаволи давлатда кўп сув ичганимга томоқ оғриётгандир, деган хаёлга бордим. Шундан кейин ўзим бориб текширтирдим. Шифокорлар “сизда шу касаллик аломатлари борга ўхшаяпти, вирусологияда обдон текширади” деб айтишди. Шундан сўнг, бир кун реанимацияда бўлдим. Ҳароратим ҳеч пасаймади. Доимий равишда шикофорлар назоратидан бўлганимдан сўнг иссиғим тушди. —  Бу касаллик таъсирида сизда қандай ўзгаришлар бўлди?  

—Кимда қандай бўлади билмадим, лекин менда грипп билан бир хил кечди. 

— Касаллик белгилари сизда мавжудлиги ҳақида эшитганингизда қандай ҳолатга тушдингиз? 

— Энди биз оқ-қорани биладиган одамлармиз. Нима қилардик, тақдирга тан бердик. Юққан бўлса, Аллоҳ шифосини беради дея муолажага ётдик. Дардимни достон қилганим билан, уни биров тузатиб қўймайди-ку. Бир гап бўлар дедик. Босиқлик билан қабул қилдик, ваҳима қилмадик. Дард бергувчи ҳам Аллоҳ, дардни кўтаргувчи ҳам Аллоҳнинг ўзи. 

— Яқинларингиз буни қандай қабул қилди?  

— Уларда ҳам ваҳима бўлгани йўқ. Яхши бўлиб, тузалиб кетишимни тилашди. 

— Оила аъзоларингизни ҳам текширишгандир. Уларда чиқмадими?

— Текширишди, албатта. Ким билан гаплашган бўлсангиз ҳаммасини текширади. Худога шукр, уларнинг ҳеч бирида чиқмади. 

— Муолажалар қандай ўтди?

— Муолажаларга қаттиқ эътибор берилди. Дори-дармонлар вақтида бериб турилди. Шифокорларимиз барака топишсин, меҳнатларига рози бўлишсин. Иситма чиқса, туширадиган, юрак безовта қилса унга қарши дорилар вақтида бериб турилди.

— Мутасаддилар бу касаллик ҳаммада ҳар хил кечаётганини айтмоқда. Кимдадир оғир, кимдадир енгил. Сизда касаллик қандай ўтди?

— Менда ўрта ҳолатда ўтди. Оғир ҳам, енгил ҳам дея олмайман. Иситмалаш бўлди. Нафас қисиши бир марта бўлди. Дарров ёрдам беришди. 

— Дардни енгиб ўтганингиз ҳақида айтишганда қандай ҳис қилдингиз ўзингизни? 

— Менимча, ҳар қандай бемор ўзининг соғайганини эшитганда, хурсанд бўлса керак. Ҳеч ким соғайдим, деб хафа бўлмаса керак. Албатта, хурсанд бўласиз-да. “Аллоҳга ёққан тарафимиз бор экан”, деб хурсанд бўлиб турибмиз. 

— Касаллик сизда қанча давом этди?

— Бир хафта.

— Одамларга айтадиган гапларингиз бордир. 

— Ҳамма ўзини эҳтиёт қилсин. Шифокорларнинг айтганларини қилишсин. Бошқа нима ҳам дейман?! 

Эслатиб ўтамиз, айни пайтгача Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 205 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл вафот этди.

28 март куни эса 1 нафар бемор (эркак)да ўлим ҳолати қайд этилди.

Бугунги кунгача эса 25 нафар бемор бутунлай тузалган эди, бироқ  фарғоналик беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81