my5
all

Ўзбекистон тарихида илк бора “Евро-4” ва “Евро-5” сифатли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди

ИҚТИСОДИЁТ 31.03.2020, 14:56
557
Ўзбекистон тарихида илк бора “Евро-4” ва “Евро-5” сифатли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 6 февраль куни нефт-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.  

Давлатимиз раҳбари томонидан, ушбу йиғилишда иштирок этган “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг янги раҳбари, Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев олдига нефт-газ соҳасида жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимини ривожлантириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича берилган топшириқлар асосида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини  босқичма-босқич модернизация қилиш, юқори сифатли экологик тоза бўлган дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ишлари жадаллик билан олиб борилди.  

Заводда ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотлари (автобензин ва дизель ёнилғиси) сифати Евро-2 стандарти талабларига мос келиб, унинг сифатини жаҳон стандартларига мослаш мақсадида, ҳозирда ишлатилаётган катализатор ва цеолит алмаштирилди.

Франциянинг “Axens” компанияси мутахассислари карантин сабабли газойлни гидротозалаш қурилмаси катализаторини алмаштиришда иштирок эта олишмади. Завод ва компания мутахассислари онлайн алоқада бўлишди ҳамда “Axens” компаниясининг схемасига биноан жамият мутахассисларининг ўз кучи билан реакторга янги каталитик тизим ўрнатилди.

Натижада 2020 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон тарихида илк бора “Евро-4” ва “Евро-5” синфли экологик тоза ҳамда сифатли дизель ёнилғисининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.  

Лаборатория таҳлилларига кўра, олинган дизел ёнилғисида олтингугурт бирикмалари миқдори 3 ppm бўлиб, бу кўрсатгич Евро-5 синфига мос дизел ёнилғисига тўғри келади (10 ppm дан кўп эмас). Мазкур қурилма мавжуд технологик схемада йилига 100 минг тоннагача Евро-5 стандартидаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш имкониятига эга.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати хабар беришича, “Евро-4” ва “Евро-5” ёқилғиси двигател ишлаш жараёнини яхшилаш, емирилишни камайтириш, зарарли чиқинди газлар микдорини кескин камайтириш ва цилиндрлар ишлаш даврини узайтириш каби афзалликларга эга.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси