my5
all

Апрель ойи пенсия ва нафақа пуллари фуқароларнинг уйларига етказилади

ИҚТИСОДИЁТ 29.03.2020, 23:14
Теглар: пенсия, фуқаролар
1119
Апрель ойи пенсия ва нафақа пуллари фуқароларнинг уйларига етказилади

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 320 мингдан кўпроқ фуқаро пенсия ва нафақа пули олади. Шу пайтгача бу пуллар Халқ банки сайёр кассалари томонидан етказиб берилар эди. Шунингдек жорий йилнинг март ойида 57 минг 461 нафар фуқаро пенсия пулини банк пластик карта орқали олган.

– Республикамизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан бошқа фуқаролар билан мулоқотларни камайтириш ҳамда уйда қолиш тавсия этилмоқда, — дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашид Раҳимов. — Пенсия ва нафақа олувчиларнинг асосий қисмини кекса ёшдаги фуқаролар ташкил этиши ҳамда амалдаги тартиб бўйича тўловлар маҳалла биноларида фуқароларни тўплаган ҳолда амалга оширилишини инобатга олиб, Халқ банки бошқарувига таклифлар киритилди. Унга кўра, апрель ойи пенсия пуллари фуқароларнинг яшаш манзилига етказиб берилади. Пенсия ва нафақа тўлови учун ажратилаётган маблағлар дезинфекция қилинган ҳолда фуқароларга етказиш тизими жорий этилади.

Вилоятда март ойида 80 мингдан ортиқ фуқарога пенсия пуллари уйларига етказиб берилган. Апрель ойи пенсия ва нафақа пуллари фуқароларнинг уйларига етказилганда, банк пластик карталарини очиш ҳамда келгуси ойдан нақд пулсиз шаклда пенсия олиш истагини билдирган фуқароларнинг аризаларини бевосита шу ерда расмийлаштириш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилган.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси