Ўзбекистонлик бизнесменлар эҳтиёжманд одамларга ёрдам бериш учун бирлашмоқда

ЖАМИЯТ 26.03.2020, 15:34
685
Ўзбекистонлик бизнесменлар эҳтиёжманд одамларга ёрдам бериш учун бирлашмоқда

COVID-19 вируси сабаб кўплаб ташкилотлар, корхона ва муассасалар ишчилари мажбурий меҳнат таътилига чиқарилди. Мамлакатда бизнес, савдо-сотиқнинг кўплаб турлари тўхтатилди. Бундан нафақат бизнес вакиллари, балки оддий фуқаролар ҳам бироз қийин вазиятда қолди.

Profi education ўқув маркази асосчиси Бектош Ҳатамов ижтимоий тармоқларда “Ўзбек бизнесменлари, бирлашайлик!” номли пост қолдирди. 

“Биламан, ҳозир бизнес учун ҳар биримиз оғир дамларни бошимиздан кечиряпмизми, жуда кўп бизнеслар жар ёқасида қолмоқда. Лекин мен бир нарсада ишончим комил, инсон ҳар қандай бизнесдан устун ва шу билан бирга Оллоҳ бизга саховат қилиш учун ажойиб имконият бермоқда. 

Мен кеча бир жуда ҳам муҳтож оиланикида бўлдим, биласизми, эр-хотин ва тўртта қоракўз биргина эрнинг топиб келган ойлигига кун кечирар экан, едирса, кийинишига етмайди, кийдирса, очлик қийнаяпти. Эр жамоат автобусини ҳайдовчиси бўлиб ишлар экан, кечадан бошлаб у ҳам ишга чиқмасдан уйда ўтиришга маҳкум бўлди. Бўғзимда қолган аччиқ кўзёшим билан хонадондан чиқиб кетдим.

Бугун уларга бозорлик қилиб бериб ишга келдим, лекин қўлим ишга бормаяпти, ахир бутун Ўзбекистонда бу каби оилалар қанча, қанчасини ейишга нони йўқ, қанчаси ишсиз, пулсиз уйда ўтиришга маҳкум бўлди? Буларнинг сонини санаб адоғига етолмаймиз.

Шунинг учун бутун Ўзбекистон бизнес олами вакилларига мурожаатим қуйидагича: 
Акамсиз, укамсиз, балки опамсиз ёки синглимсиз, бизни тадбиркор қилган мана шу халқ эмасми? Ўзимиз хоҳлаган машиналарни миндириб қўйган, данғиллама ҳовлиларда яшатиб қўйган мана шу халқ эмасми? Бизни хўжайин қилган мана шу халқ эмасми? Бу халқ, бу жамият бўлмаганда сиз ҳам бўлмасдингизку!

Шундай экан нега бугун биз бу халқни очликдан, пульсизликдан қийналишига қараб турибмиз? Нега биз бир отани етишмовчилик сабаб ўз фарзандининг кўзига қарай олмас даражада келишига пинагимизни ҳам бузмаяпмиз? Пулларимиз мана шу пайтда халқнинг оғирини енгил қилишга ёрдам бермаса, қачон ёрдам беради?..”, деган у саҳифасида.

Бектош Ҳатамовнинг Facebookʼда бошлаган акцияси telegram тармоғига ҳам кўчди. “Ўзбек бизнесменлари, бирлашайлик” номли гуруҳда айни пайтгача 10 000 га яқин аъзо йиғилди. Мазкур гуруҳда эҳтиёжманд одамларга ёрдам кўрсатмоқчи бўлган инсонлар йиғилишлари мақсад қилинган. Бектош Ҳатамовнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар бир қанча бизнес вакиллари алоқага чиққан. “Бир кунда 100 муҳтож” акцияси доирасида ҳар куни юзта муҳтож оила учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, ёғ, картошка, пиёз, нон, меваларни MyTaxi бепул етказиб бермоқда.

Бугун иккинчи кун ва икки юз оилага ёрдам берилди. Мана шундай синовли кунлар барчамиз учун имтиҳондир! Қўлида имкони бор барча инсонларни ушбу акцияга қўшилишларини сўраб қоламиз. Мақоламизни @shahnozxon канали ёзилган мақола билан тугатамиз…

“Дунёнинг қайсидир чеккасида лабораторияда вакцина яратиш устида бош қотираётган олим ёки ниқоб тикиб текинга тарқатаётган қўшнимиз, шифокорларга бепул таом олиб бораётган саховатпеша ёки ўзида коронавирус борлигидан шубҳаланиб лабораторияга борган инсон — ҳаммаси биз учун ҳаракат қиляпти. Бутун инсоният бир бутунга айланди.

Ё вирусга қарши курашаётганлар билан бирга бўламиз, ё қириламиз, бошқа танлов йўқ.

Шундай фикрлай бошлаганимизда, балки вирус ҳам чекина бошлайди...”

P/s: Агар Сиз ҳам ушбу савобли ишга қўшилишни хоҳласангиз ушбу банк карталарига ёрдам суммасини туширишингиз сўралади. 8600032933619405

Озиқ-овқат ёки машинада етказиб беришга ёрдам бермоқчи бўлганлар эса ушбу рақамларга қўнғироқ қилишлари сўралади — +998712936668

Гуруҳ манзили 
https://t.me/joinchat/FxjTr1BIDHSxLM692rEh5A

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+6° небольшой проливной дождь
Валюта курси