Депутат коронавирусга қарши курашиш учун армияни сафарбар этишни таклиф қилди

ЖАМИЯТ 23.03.2020, 20:43
Теглар: депутат, коронавирус
705
Депутат коронавирусга қарши курашиш учун армияни сафарбар этишни таклиф қилди

“Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати Раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов карантин қоидаларини кучайтиришни таклиф қилди.деб ёзмоқда Соф.уз.

Маълум қилинишича, Жонс Хопкинс университетининг интерфаол харитасига кўра, дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатида қарийб 340 минг киши ушбу касалликка чалиниб улгуришган.

“Ўзбекистонда биринчи ҳолат 15 март куни аниқланди. 23 март ҳолатига кўра, ушбу инфекцияни юқтирганлар сони 46 нафарга етди. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз феноменининг иқтисодий соҳага таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан 10 трлн. сўм миқдоридаги маблағ билан Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилди ва Инқирозга қарши Республика комиссияси тузилди.

Коронавирус мавзуси

Шунингдек, барча ўқув муассасаларида карантин жорий этилди, республика аҳолисига заруриятсиз уйдан чиқмаслик тавсия этилди, кўчалар ва жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш мажбурийлиги белгиланди, хорижий давлатлар билан ҳаво ва автомобил ташишлар чекланди, чегара ўтказиш пунктлари ёпилди.

Бундай вазиятда карантин режимидан қочишга уринган фуқароларимизнинг хатти-ҳаракатларини тушуниш жуда қийин. Улар бу ҳаракатлари билан нафақат ўзларини, балки қариндошлари ва дўстларини, атрофдагиларни хавф остига қўймоқдалар“, — дейди ёш депутат.

Карантин чоралари касалликнинг кескин ўсиб кетишининг олдини олишга, шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож одамларнинг соғлиқни сақлаш тизими имкониятларидан тўлақонли фойдалана олишлари учун имкон яратади. Карантинга риоя қилмаслик — иммунитети пасайган, сурункали касалликларга чалинган одамларга “ўлим жазоси“ берилишига олиб келади. Чунки сиз ёки инкубация даврида юқтирган инсонларингиз соғлиқни сақлаш тизимининг ресурсларини, шифокорлар вақтини, қутқариш учун юборилиши мумкин бўлган зарур жиҳозларни ва воситаларни оладилар.

Хитойнинг Ухан шаҳрида карантиннинг қатъий режими жорий қилиниши ушбу инфекциянинг янада тарқалиб кетмаслигини таъминлашда самарали ечим бўлганини мисол қилган депутат, Ўзбекистонда ушбу касалликнинг кўпайишининг олдини олиш учун ва карантин режимини кучайтиришга қаратилган яна бир қатор кескин чоралар кўришни таклиф қилди:

- Мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши муносабати билан фавқулодда ҳолат жорий этиш (эксперимент тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида);

- Карантин қоидаларига риоя этилиши устидан тегишли назорат олиб боришга тайёр армиянинг қисман сафарбар этилиши;

- Республика бўйлаб шаҳар ва туманлар ўртасида темир йўл, ҳаво, автобус ва автомобил йўловчилар ташишни чеклаш;

- Вилоятларда, айниқса мамлакатнинг чекка ҳудудларида кўчма (мобил) пунктлар ва лабораторияларни ташкил этиш, уларда коронавирусни аниқлаш учун портатив экспресс-тестлар ўтказиш;

- COVID-19 учун синовларни тезкор ўтказиш ва ушбу тест жиҳозлари импортини амалга оширишда хусусий секторни давлат томонидан рағбатлантириш;

- Барча ташкилотлар ва муассасаларда, жамоат жойлари (транспорт, дам олиш жойлари, савдо марказлари, бозорлар, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, кўп қаватли биноларга кириш жойлари) да бепул дезифенкциялаш ишларини олиб бориш;

- Алоҳида корхона ва ташкилотларни зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мослаштириш, масалан, шахсий ҳимоя воситалари (ниқоблар, респиратор ва бошқалар), антисептиклар, дорилар ва ускуналар (механик шамоллатиш аппаратлари);

- Республика бўйлаб (айниқса, чекка ҳудудларда) тиббий препаратлар ва буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур товарларга буюртма берадиган масофавий хизматлар кўрсатиш тизими имкониятларини кенгайтириш.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+13° туман
Валюта курси