my5
all

Коронавирус жаҳон иқтисодиётига таъсир қилади (ми)?

ИҚТИСОДИЁТ 18.03.2020, 07:36
516
Коронавирус жаҳон иқтисодиётига таъсир қилади (ми)?

2019 йил якуни, 2020 йил бошидан буён глобал саломатлик фавқулодда ҳолатда қолмоқда. Биламизки, жаҳон иқтисодиёти молиявий инқирозларни бошидан кечирган даврларда халқаро молия ташкилотлари ва турли ҳукуматлар томонидан макроиқтисодий мувозанатни таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар амалга оширилган.  

2015 йилда Халқаро валюта фонди (ХВФ) томонидан қайта ташкил этилган Фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш ва оқибатларни бартараф этиш фонди (Catastrophe Containment and Relief Trust) айнан ривожланаётган мамлакатларда турли табиий офатлар ва оммавий касалликлар оқибатларини бартараф этишни назарда тутганлигини таъкидлаш лозим. Ушбу фонд маблағлари қайд этилган йўналишларда Халқаро ривожланиш Ассоциацияси мезонлари (ЯИМ киши бошига 1165 АҚШ доллари ёки аҳолиси 1,5 млн. дан кам бўлган давлатларга 2230 АҚШ доллари) асосида берилиши мумкин. 2020 йил 11 март куни Буюк Британия ХВФнинг мазкур фондига Коронавирусдан азият чекаётган иқтисодиётлар учун 150 млн. фунт стерлинг грант маблағларини ажратишини маълум қилди. Бу эса, донор мамлакатнинг дастлабки молиявий ёрдамни амалга оширишини ўзида акс эттиради. Зотан, 2020 йил 2 март куни Кристалина Джиоржиева (ХВФ директори) ва Давид Малпас (Жаҳон банки гуруҳи Президенти) қўшма баёнот билан чиқиб, вирус сабабли иқтисодий қийинчиликларга юз тутаётган мамлакатларга молиявий кўмак беришга тайёр эканликларини билдирдилар. Жаҳон банки вируснинг иқтисодий оқибатлари ва уни баратаф этиш учун 12 млрд. АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Бизнингча, мамлакатлар молия ташкилотларига эътиборни қаратишлари кузатилмаслиги мумкин. Биринчидан, ушбу эпидемиядан Хитойнинг ўзи қисқа муддатда чиқишга эришмоқда. Иккинчидан, вируснинг бирламчи ўчоғига айланган Европа Иттифоқи мамлакатлари ЕвроКомиссиянинг раҳнамолигида халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмагини жалб этмаслиги мумкин.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти 2009 йилдан буён ўзининг дастлабки юқори иқтисодий ўсишига эриши бошланганда вирус таъсирининг юзага келиши глобал иқтисодиётни яна хавф остига қўйди.  

Бу ҳолат, биринчидан, халқаро савдонинг ярмини ташкил этувчи глобал қўшимча қиймат занжирини камайишига таъсир этиши; иккинчидан, вирус аниқланган мамлакатлардан молиявий капиталнинг қочиши; учинчидан, инсонлар уйларида қолишлари сабабли ишлаб чиқаришга йўналтирилган завод (фабрика)лари “бўш ёки ишсиз” қолмоқда. Тўртинчидан, ривожланаётган мамлакатларда транспорт ва туризм соҳасининг етакчилиги ушбу иқтисодиётларга салбий таъсирининг инобатга олиниши билан акс этади. Жаҳон савдо ташкилотининг маълумотига кўра, йўловчиларнинг ҳаво транспортида ташиш, юкларни ташиш, молиявий транзакциялар, ахборот технологиялари хизматлари кабилар бўйича савдолар ҳажми кескин пасайиб кетган.  

Қисқа ўрганишлардан сўнг қуйидаги хулосаларни айтиш мумкин:

1.  Мамлакатларда иқтисодий ўсиш даражаси ўрта муддатли даврда пасайиши кузатилади.

2.  Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш қийинлашиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун, миллий фонд бозори барқарорлигини сақлаб туриш учун ички истеъмолни таъминлаш лозим бўлади.  

3.  Мамлакатларда макроиқтисодий мувозанат нобарқарорлашуви ортидан ЯИМ ҳажми қисқаради. Мувозанат бузилишига импорт самараси таъсирини камайтириш учун фоиз ставкаларини тушириш орқали ички истеъмолни таъминлаш муҳим ҳисобланади. Натижада, инсонлар кредитлар олиш имконияти ошиб, ялпи талаб ва ялпи таклиф мувозанатига эришиш мумкин.

4.  Туризм соҳасида турғунлик юзага келиши кузатилади. Натижада, ишсизликни юзага келишига шароит яратилиши ва иқтисодий ўсишга ҳам салбий таъсири кузатилиши мумкин.  

 

Нодир Жумаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Дилшоджон Рахмонов, Банк-молия академияси кафедра мудири,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси