Вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган 33 та аккаунт аниқланган

ЖИНОЯТ 17.03.2020, 17:09
867
Вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган 33 та аккаунт аниқланган

Кўплаб миш-мишлар, нотўғри хабарлар, асоссиз маълумотлар ва аҳоли ўртасида саросима уйғотувчи ахборот ижтимоий тармоқларда тарқалиши кузатилмоқда.

Маълумот ўрнида

Ички ишлар вазирлигида Бош прокуратура ҳамда бошқа мутасадди органлар билан биргаликда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган барча қилмишларни аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.

Шоҳруҳ Ғиёсов, Ички ишлар вазирининг матбуот котиби:

— Бугунги кунга келиб, ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни соҳталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт аниқланган. Улардан 25 (!) таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, вирусга чалинган ҳамда карантинда бўлган фуқароларнинг шахсларини оммага тарқатган икки нафар фуқаро аниқланиб,  уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан соҳта ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган 13 нафар фуқароларимиз аниқланиб, уларнинг тўққиз нафари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Тўрт нафарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади.

Тошкент шаҳри, Хоразм, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги деҳқон бозорларида савдо қилаётган ҳамда шахсий транспорт воситаларида аҳолига пуллик хизмат кўрсатаётган шахслар томонидан юзага келган вазиятдан ғараз мақсадларда фойдаланиб, маҳсулотларининг ҳамда хизмат кўрсатиш нархининг асоссиз ошириб юборганлиги аниқланган 27 нафар фуқаролар билан тегишли тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Эслатма:

- асосланмаган маълумотларга ишонманг, хабарлар билан расмий манбалар орқали танишинг;

- ўткинчи ҳиссиётларга берилманг, ваҳима ва саросимага тушманг, бугунги ҳаракатларингиз оқибатида эртага танишларингиз ёки оилангиз олдида уялиб қолишингиз мумкин;

- вазиятдан фойдаланиб, шахсий манфаат йўлида ғараз мақсадларни кўзламанг, ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатингиз учун жавоб беришингизни унутманг;  

- мамлакатимиздаги барқарорликни изидан чиқариш ниятида бўлган ёвуз ниятли кучларнинг ўйинчоғига айланиб қолманг. Унутмангки, ҳар бир ҳолат зудлик билан аниқланади, айбдорларга нисбатан қонуний тартибда қатъий чора кўрилади.

Барча саволларингиз бўйича алоҳида фаолият кўрсатаётган 1003 рақамли тезкор алоқа тармоғига мурожаат қилинг. Аниқ ахборотни ижтимоий тармоқлардаги @koronavirusinfouz расмий манзилидан билиб олишингиз мумкин.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° небольшой проливной дождь
Валюта курси