Хотира: Кўнгил ҳаловати, соф виждонга эгаман, шу менинг БАХТИМ! — Ғайбулла Ҳожиев (Фото)

МАДАНИЯТ 09.03.2020, 17:24
969
Хотира: Кўнгил ҳаловати, соф виждонга эгаман, шу менинг БАХТИМ! — Ғайбулла Ҳожиев (Фото)

26 февраль тонги... Ижтимоий тармоқларда умрини санъатга бағишлаган, танлаган соҳасининг бир қатор йўналишлари ривожига муносиб ҳисса қўшган, чин маънодаги ИЖОДКОР, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла ҲОЖИЕВнинг оламдан ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабар таъсирида актёрнинг қўл телефонига қўнғироқ қилишга юрак бетламади ва уй рақамига қилинган қўнғироққа эса аёлининг йиғи аралаш “Ғайбулла ака бугун тонгда омонатини топширди”, дегани хаёлларни тумандек тарқатиб юборди...

                                                                        БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИДАН

Барча билан бирдек ширинсухан бўлган Ғайбулла Ҳожиев 1956 йилнинг 22 майида Бухорода боғбон оиласида туғилган. Оилада икки ўғил, уч қизнинг тўртинчиси бўлган бўлажак актёрга Баҳовуддин Нақшбанд таълимотини ўрганган бобосининг маданий, маънавий тарбиясини олиш насиб этган. Ҳарф танигани учун, гарчи маъносини тушунмаса-да, бобосига улуғ алломаларнинг китобларини ўқиб беришни канда қилмаган экан. Ғайбулла Ҳожиев отасидан оғир меҳнат, бувисидан озодаликни ўрганган. “Гарчи арзон либос кийсак-да, ҳамма ҳавас қиларли даражада озода юрардик”, деганди суҳбатларимиздан бирида. У вақтларда қуруқ маош билан оила боқиб бўлмагани боис онаси 1965 йилдан тандирда нон ёпар, Ғайбулла Ҳожиев эса акаси билан бирга милициядан қочиб, минг азобда нонларни сотиб келишини ҳам худди кечагидек сўзлаб берарди. “Йўлда қанча нонларимиз лойга беланарди. Аравамиз билан маҳалладагиларнинг қурилиш молларини ҳам таширдим. Эвазига нон ё гўшт каби масаллиқлар беришарди. Бегона эмас, яқинларимиз “араваси билан тирикчилик қиляпти”, деб “катталар”га шикоят ҳам қилишган...” дея ўкинчларини ҳам хотирларди. 

Ваҳоланки, тенгдошларининг шими, портфелини кўриб ҳаваси келадиган актёр бувиси тикиб берган шалвар, урфдан қолган портфелда мактабга борар ва ҳатто оёқ кийим олишга имконияти йўқлигидан ёзда ялангоёқ юрар, чандиқлари ҳанузгача ўша хотираларни эслатиб туришини бот-бот сўзлаб берарди. Нон сотиш, мол-ҳол учун ўт ўриб келиш, молхонани тозалаш, дарс қилиш ва ўйиндан ортиб, ҳафтада уч марта маданият уйининг драма тўгарагига боришга ҳам улгурарди. “Гарчи болалигим жисмонан оғир, очарчиликда ўтган бўлса-да, руҳиятимиз ба­ланд, кўзимиз тўқ эди”, дерди актёр.

                                                                                    БАХТЛИ ТАСОДИФ...

— Бувим ишлайдиган цехда кўзи ожизлар саҳналаштирган “Парвона”ни кўриб, лол бўлганман. 1969 йили Лабиҳовуздаги кинотеатрда “Ўткан кунлар” фильмини ҳайрат билан кўрганман. Ким ўйлабди дейсиз, орадан йиллар ўтиб, Ғайбулла Ҳожиев режиссёр Мелис Абзалов суратга олган “Ўткан кунлар”да актёр Ўлмас Алихўжаевга овоз беради, деб. “Клеопатра”ни ҳам ўшанда кўрганман. 35 йилдан сўнг Юлий Цезарга овоз бердим. Болалигимда бутилка йиғиб, топшириб пулига кинотеатрга югурардим, дея ҳаётидаги бахтли тасодифдан миннатдор бўларди.

Ғайбулла Ҳожиев отасига актёр бўлиш орзусини айтганида, “камбағалнинг усти бут, қорни тўқ бўлса бўлди-да. Йиғиб қўйган пулимни бераман, институтга киролсангиз толеин­гиз. Йўқса, ихтиёрингиз менда, ошпаз бўласиз”, дея танлаш имкониятини берган. Бу орада Бухорога ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театридан актёрлар бориб қолади. Драма тўгарагидаги устозининг шогирди актёр Теша Мўминовга учраган Ғайбулла Ҳожиевни ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига олиб борган. Имтиҳонлардан аъло даражада ўтиб, ўзи орзу қилганидек бахтли талаба бўлиш насиб этган. Ҳаёт актёрга ўзи сингари хокисорлик қилмади, ижарага уй тополмаган вақтлари вокзал, аэропортда тунарди. Эрталаб назоратчилар уйғотар ва тўғри ўқишга кетарди.

                                                                  ОЛИМ ХЎЖАЕВНИНГ НАЗАРИГА ТУШГАН

Ғайбулла Ҳожиевга 2-босқичдан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма теат­рининг оммавий саҳналарида қатнаша бошлаш насиб этган. Ўша вақтдаги театр директори Олим Хўжаевнинг назарига тушган, боиси “Ғайбуллани кўрсам ёшлигим ёдимга тушади. Умрим вафо қилса, ишга олиб, икки йил тарбиялаб, Гамлетни ўйнатмоқчиман”, деган экан. Бироқ, бу борада ҳам ҳаёт актёрга шафқатсизлик қилади. Институтни тамомлашига4 ой қолганида, Олим Хўжаев оламдан ўтади... 

Бу орада актёр Бахтиёр Ихтиёров аввалги “Ёш гвардия” театрига бош режиссёр бўлади. Институтдаги ишини кўриб, “Мусиқали дирижёр” спектаклидаги бош қаҳрамон ролига таклиф қилади. Шундан сўнг ёш актёр “Ёш гвардия” театри­га ишга олинган. Устоз Олим Хўжаевнинг ниятига фаришталар омин, деган экан, орадан 11 йил ўтиб, Ўзбек Миллий академик драма театрига режиссёр Латиф Файзиевнинг таклифи билан ишга ўтган. “Ёш гвардия” театридаги ҳар бир ижодкордан миннатдорман. Боиси улар мени Ўзбек Миллий академик драма театрида ишлашга лойиқ кадр қилиб тарбиялашган”, деганди актёр. 

“Тинимсиз ақлий меҳ­нат билан банд бўлганим боис 2003 йили инсультга чалиндим. Яқинларим мени Бухорога олиб кетишди. Кўзимни очолмасам ҳам, гапиролмасам ҳам, шифокорларнинг бар­ча гапини эшитардим. Бундан бехабар шифокорлар “тез орада жон беради”, дейишганди... Касалликдан кейин фақат ўнг тараф овоз пардам ишлайди, чап тарафи ишламайди. Шукр, бари ортда қолди, оёққа турдим, театрга ишга қайт­дим. Соғлигимдан келиб чиқиб, 2005 йилгача театр­да ишладим”, дея ҳаёт ва ижодга қайтганидан шод эди.

                                                        СОҲАСИНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЖОНКУЯРИ

Актёр доим “ролларим”, дея таъкидларди, боиси ёшларнинг оғзини тўлдириб, “образ яратдим”, дея образ нималигини билмай гапиришларидан ранжирди. 

Устозларидан ўрганган хокисорлик билан “Соҳамизнинг пири бўлган устозларимиз образ яратган. Биз роль ўйнаяпмиз, сенга берилган роль ҳали образ эмас. Буюк санъаткор бўлганингдагина образ яратасан”, дея куюнчаклик қиларди. Ваҳоланки, камтарликни одат қилган актёр Аҳмад Яссавий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абдурауф Фитрат, Имом Бухорий, Ҳофиз Шерозий, Улуғбек, Чингизхон, Файзулло Хўжаев, Амир Нас­рулло, Йилдирим Боязид каби тарихий қаҳрамонлар ва Шекспирнинг асарларида ҳам бош ролларни ижро этган. 

Шунингдек, халқ орасида “дубляж қироли”, деган юксак эътирофга ҳам сазовор бўлиб улгурган. Актёр сира меҳнатдан қочмайдиган, соҳасининг ҳақиқий жонкуяри эканини қуйидаги хотирадан ҳам англаш қийин эмас:

— Кунларнинг бирида театр директори Ёқуб Аҳмедов “Ғайбулла, маошингни ҳалоллаб ол! Эртадан кечгача телевизорда овозингни эшитаман, дубляжга қайси вақт борасан?” деди. “Сиз буюк санъаткорсиз, олдингизда зарраман. Демакки, сизни ранжитишга ҳаққим йўқ. Бир ойда 16 та спектакль қўйилади, 13 тасида бандман, 6 тасида дублёрим йўқ. Дубляжда эса ҳамма ухлаётган вақт: 23.00 дан 5.30 гача ишлайман. Бир ярим соат ухлаб, яна театр­га ишга келаман” дея муносабатимни билдирганман. 

Дубляж устаси 1994 йилдан бошлаб, 10 йил давомида дубляжда “Кусто командасининг сув ости саргузаштлари”, “Рамаяна” сериали, “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Қирол шер”, “Қундуз амакининг эртаклари” каби мингдан ошиқ фильм, мультфильмларга овоз бериб, самарали ижод қилган.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА...

Актёр билан бўлган сўнгги суҳбатимизда “Театр, радио, телевидение, дубляждан топган маблағим рўзғорга аранг етар, гоҳида йўл чиптасига пул қолмасди. Шу боис тўйларга чиқишга мажбур бўлганман. Ишонсангиз, актёр бўла туриб, тузукроқ костюм сотиб олишга имконим бўлмасди. 1996 йилдан орзуларимиз секин-аста ушала бошлаган. Кўнгил ҳаловати, соф виждонга эгаман ва ҳануз режиссёрлар учун керакли актёрман, мана шу менинг БАХТИМ!” деганди. Ғайбулла Ҳожиев нафақат режиссёрларнинг, балки халқнинг ҳам ардоғида эди. Тўғри, ҳеч ким  беназир эмас, бироқ бетакрорлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ғайбулла Ҳожиев ана шундай ижодкорлардан бири эди.

Шундай оғир дамларда, актёрнинг оила-аъзолари, яқинлари ва мухлисларига чуқур 
ҳамдардлигимизни изҳор қиламиз...

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+6° небольшой проливной дождь
Валюта курси