my5
all

Ядро полигонида хизмат қилганларга имтиёз борми?

САВОЛ-ЖАВОБ 27.02.2020, 17:15
2253
Ядро полигонида хизмат қилганларга имтиёз борми?

— 1969-1970 йилларда ядро полигонида хизмат қилганман. Мудофаа вазирлиги томонидан ташаккурнома берилган. Менга қандай имтиёзлар мавжуд?

Бахтиёр Жўраев, Тошкент вилояти Бўка тумани

 

Шоҳнур ЭРНАЗАРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти юридик бўлими бошлиғи, адлия лейтенанти: 

— Фуқарони қизиқтирган масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги “Ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-3079-сон Фармони ва 2002 йил 31 майдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ядро полигонларида ва бошқа радиация-яд­ро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  188-сонли қарори билан тартибга солинади. Юқорида номи келтирилган ҳужжатларда ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтагани учун имтиёзлар назарда тутилган. Белгилаган имтиёзлар тегишли тасдиқномага эга бўлган шахсларга, улар пенсия ёшига етганда татбиқ этилади.

Фуқаро Бахтиёр Жўраев ҳам айни шундай шахслар рўйхатида 46-рақам билан қайд этилган (2019 йил январ ойидаги ҳолат бўйича).

Агар фуқаро пенсияга чиққан бўлса, мазкур тоифа шахс­лар қаторида қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

— Санаторий-курорт йўлланмалари, протез-ортопедия буюмлари (тишни протез қилишдан ташқари) ва эшитиш аппаратлари, шифокорнинг рецепти бўйича дори-дармонлар билан бепул таъминлаш;

— Меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотганлик бўйича нафақаларни иш стажидан қатъи назар, тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўлаш;

— Йиллик таътилдан ўзлари учун қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, ҳар йили иш ҳақи сақланган ҳолда камида 12 иш куни давомидаги қўшимча таътил олиш;

— Истиқомат жойида маъмурий туман доирасидаги қишлоқ жойларда жамоат фойдаланадиган автомобиль транспортида (такси бундан мустасно), шунингдек, шаҳар атрофида қатновчи темирйўл транспортида ва шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда бепул юриш;

— I ва II гуруҳ ногиронларига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида;

— III гуруҳ ногиронларига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февралдаги 71-сонли қарорининг 1-бандига асосан ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги ногирон ходимлар вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотганда ойлик иш ҳақининг тўлиқ миқдорида сақланиб қолади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+37° ясно
Валюта курси
10194.96
USD 10.23
11518.27
EUR 62.49
143.88
RUB 1.4