my5
all

Бутунжаҳон бокс кенгаши январь ойи рейтингини эълон қилди. Унда ўзбекистонлик боксчилар нечанчи ўринда??

СПОРТ 24.02.2020, 11:39
1255
Бутунжаҳон бокс кенгаши январь ойи рейтингини эълон қилди. Унда  ўзбекистонлик боксчилар нечанчи ўринда??

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) январь ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик 10 нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри хабар бермоқда.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО) эса олдинги поғонасини сақлаб қолган ҳолда 2-ўринда бормоқда. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) янги рейтингда бир ой олдинги ўрнидан икки поғона пастлаб 7-ўринга жойлашди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 9-ўринларни эгаллаб турибди.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда яна саккиз нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингида супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Бектемир Мелиқўзиев (5-0, 4 КО) илк марта пайдо бўлди. У рейтингда ўз вазн тоифасининг 39-ўрнида қайд қилинган.

Кенгайтирилган рейтингда энг юқори кўтарилишни супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шоҳжаҳон Эргашев (18-0, 16 КО) қайд этди. Эргашев ўтган ойга нисбатан бир йўла 7 поғона юқорилаб 25-поғонадан жой олди. Мазкур вазн тоифасининг яна бир вакили Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) эса бир поғона юқорилаб, 21-ўринда қайд қилинган. Биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифаси вакили Ҳасанбой Дўсматов (1-0, 1 КО) эса ўтган ойдаги ўрнидан уч поғона юқорилаб, 31-ўриндан жой олган.

Ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) 39-ўринни, супер енгил вазнда WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов (5-1, 4 КО) эса 40-ўринни ва ярим ўрта вазнда WBC МДҲ ва славян мамлакатлари минтақавий чемпионлик камари соҳиби Жамшидбек Нажмиддинов (14-1, 11 КО) ҳам 40-ўринни сақлаб қолган.

Супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (4-0, 4 КО) ўтган ойдагидан уч поғона пастлаб 34-ўриндан жой олган.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси