Қашқадарёлик фуқаронинг қайта экспертиза ўтказиш талабига масъуллар қандай жавоб қайтарди?

САВОЛ-ЖАВОБ 17.02.2020, 18:09
1114
Қашқадарёлик фуқаронинг қайта экспертиза ўтказиш талабига масъуллар қандай жавоб қайтарди?

— 2015 йил июнда Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган Республика кўз касалликлари шифохонасида даволанган вақтимда муассаса бўлим бошлиғи ва яна бир мутахассис кўзимга “аллоплант” ва “протез” қўйиб беришни ваъда қилиб, 3 000 000 сўм олган. Берган ваъдасини бажармай, нотўғри ташхис қўйган. Оқибатда чап кўзимни жарроҳлик йўли билан олиб ташланди. Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси катта лейтенант ишни тўғри ўрганмади. Тошкент шаҳар суд тиббий экспертиза филиали экспертлари томонидан ўтказилган комиссион экспертиза хулосасига асосланиб, барвақт хулосага келди ва такроран комплекс экспертиза тайинламади. Қашқадарё, Бухоро ёки Самарқандда қайта комиссион экспертиза ўтказиш учун амалий ёрдам беришингизни сўрайман.   

Тожиддин Ҳазратов, Қашқадарё вилояти Муборак тумани

ТАЛАБГА ЭЪТИРОЗ ЙЎҚ

Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

— Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази тайинланадиган қайта экспертизани сизнинг талабингизга мувофиқ, қўшни вилоятлар (Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё) суд тиббий экспертиза филиалларидан бирида ўтказилиши мумкинлиги юзасидан эътироз билдирмайди. 

         Айни шу ҳолат юзасидан республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори А.Искандаровнинг қўшимча маълумотига кўра, ҳолат юзасидан марказнинг Тошкент шаҳар суд тиббий экспертиза филиали экспертлари З.Улуғов, Ё.Ҳайдаровдан тегишли тартибда тушунтириш хатлари олинган. 

Тушунтириш хатида маълум қилинишича, мурожаатчи фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси катта лейтенант Ш.Қурбоновнинг 2019 йил 23 январда тайинланган қарори асосида комиссион суд тиббий экспертизаси ўтказилган. Экспертиза текшируви жараёнида экспертлар комиссияси ихтиёрига қарор тайинланган шахс (орган) томонидан тақдим этилган барча иш материаллари, жумладан, тиббий ҳужжатлар ўрганилган. Жараёнга клицист офтальмолог мутахассис жалб қилинган. 

         Шу билан бирга, экспертлар комиссион экспертиза жараёнида экспертизани тайинлаган шахс (орган) томонидан мурожаатингизда кўрсатилган Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий амалий тиббиёт марказининг 2019 йил 15-16 февралдаги 2283-сонли тиббий хулосаси тақдим этилмагани туфайли комиссия ушбу тиббий хулосани ўрганмаган. 

         Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, суд тиббий экспертиза жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳар қандай иш материалини тақдим этиш ушбу экспертизани тайинлаган шахс (орган) томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Эксперт(лар) суд тиббий экспертизани ўтказиш учун мустақил равишда материал тўплашга ҳақли эмас.

         Юқоридагиларни инобатга олиб, Марказ сизга Тошкент шаҳар суд тиббий экспертиза филиалида ўтказилган комиссион экспертиза хулосасидан норози бўлсангиз, тегишли тартибда қайта экспертиза ўтказиш юзасидан ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилишни тавсия этади. Бинобарин барча турдаги суд экспертизаларни тайинлаш ва уларнинг натижаларини ҳуқуқий баҳолаш ваколати Жиноят процессуал кодексининг тегишли талабларидан келиб чиқиб ушбу идораларга берилган.   

 Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+6° небольшой проливной дождь
Валюта курси