13

Олтинсой аҳолиси ва ИИБ ходимлари ўртасидаги можаро юзасидан ҳоким ҳудудга ташриф буюрди (видео)

ЖАМИЯТ 17.02.2020, 08:57
1567
Олтинсой аҳолиси ва ИИБ ходимлари ўртасидаги можаро юзасидан ҳоким ҳудудга ташриф буюрди (видео)

Аввал хабар берганимиздек, 14 февраль куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан. Шундан сўнг ҳолат бўйича Бош прокуратура расмий изоҳ берган эди.

Айни пайтда Олтинсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати ижтимоий тармоқ ва сайтларда тарқалган хабар ва видеоларда акс этган аҳоли ва ИИб ходимлари ўртасидаги зиддиятли ҳолат юзасидан муносабат билдирди. 

“Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга “амнистия” эълон қилинди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди. Бу ҳам ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаларига давлатимиз томонидан кўрсатилган эьтибор,меҳр-оқибат намунасидир. 

Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса “амнистия” муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган.

Конституциямизда белгиланганидек, ер умуммиллий бойлигимиздир. Юртимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 млн гектар ернинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган. Бунда айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиш ҳолатларининг ҳам таьсири бор, албатта. 

Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг ҳозир олди олинмаса, қишлоқ аҳолиси бандлигини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таьминлашдек стратегик ўта муҳим масалаларда муаммолар юзага келиши табиий ҳолдир.

Шу нуқтаи назардан Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган "Оқ-олтин манзараси" фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари қайтарилиб, яшаш имконияти мавжуд бўлмаган 235,35 квадрат метр майдонида қуриб олинган уй-жой бинолари албатта бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган заҳира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия аьзолари ҳам ўзбошимчалик билар қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг “Халқобод” маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашуви чоғида уларга бу ҳақда тушунчалар берилди.

Айтиб ўтиш жоизки, Ҳукуматимизнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг ҳам қопланиши лозимлиги қайд этилган. Шуни унутмаслигимиз керакки, бунда компенсация фуқароларга қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаларидаги мулклар “снос”га тушганида, унда жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун тўланади, холос. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди. Яъни ер эгаллаб олинган ҳеч бир ҳолатда компенсация тўланмайди.

Ушбуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан қонунни бузган ҳолда ўзига тегишли бўлмаган ерда уй-жой қуриб олган фуқаролар муаммосини “снос” сифатида баҳоламасликларини, аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги маълумотлардан фикрлари чалғимаслигини, ҳолатни ортиқча эҳтирос билан ҳаспўшламасликни сўраймиз”, дейилади ҳокимлик хабарида. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° переменная облачность
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11