13

Коррупцияга қарши кураш мавзусидаги танлов ғолиблари тақдирланди. Ғолиблар сафида "Даракчи" мухбири ҳам бор

ЖАМИЯТ 16.02.2020, 23:21
Теглар: танлов, коррупция, журналист
370
Коррупцияга қарши кураш мавзусидаги танлов ғолиблари тақдирланди. Ғолиблар сафида "Даракчи" мухбири ҳам бор

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “…Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, дея таъкидлади.

Шу муносабат билан айни пайтда жамиятда илдиз отган коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш борасида барча тузилмалар ва органлар фаол кураш олиб бормоқда. Ушбу мавзудаги мақолалар, суриштирувлар, суд залидан репортажлар ҳозирда ОАВда ҳам тез-тез эълон қилинмоқда.

Журналистларнинг ушбу жараёнда билими ва фаоллигини оширишда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш марказининг муносиб ўрни бор. Марказ ўзининг хорижий ҳамкорлари, бир қатор халқаро ташкилотлар кўмагида маҳаллий журналист ва блогерларни ўқитиш, уларнинг чет элларда малакасини ошириш, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашишига имконият яратиш учун тинмай ҳаракат қиляпти. Шу пайтгача кўплаб ОАВ вакиллари марказнинг қайта тайёрлаш машғулотларида қатнашиб диплом ва сертификатларга эга бўлишди.

14 февралда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан “Коррупцияга қарши курашда ОАВнинг ўрни” мавзусида яна бир сермазмун давра суҳбати ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ЎЖҚТМ директори Гулнора Бобожонова кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг коррупцияга қарши кураш мавзуидаги энг яхши материаллар танловининг 11 нафар ғолиблари тақдирланди. Диплом ва совғаларни журналистларга Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлоу топширди.

Ғолиблар орасида "Даракчи" газетаси мухбири Манзура Бекжонова, "Дарё.уз" сайти мухбири Миролим Исажонов, "Адвокат" журнали мухбири Хонбиби Ҳиммат қизи, "Инсон ва қонун" газетаси мухбири Маруса Ҳосилова, "Маърифат" газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимова, "Дилнома.уз" сайти муҳаррири Дилрабо Курязова, тележурналист Малоҳат Менглиқулова, блогер Мирзо Субҳанов ва бошқалар ҳам бор.

Давра суҳбатига таклиф этилган Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Қонунчиликда назарда тутилган аммо айни пайтда амалда ишламай турган баъзи бир йўналишлар ҳақида сўз борди.

Бугунги журналистларнинг коррупция ҳолатларини фош этиш борасида ҳуқуқлари етарлими? Оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши кураш бўйича материаллар тайёрлашнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўлиқ ишлаяптими? Булар ҳақида журналист, медиаэксперт Карим Баҳриев мисоллар билан гапириб ўтди.

Коррупция ва бошқа мавзуларда журналистлик суриштируви материалини тайёрлаганда журналист хавфсизлиги мавзусида сўзга чиққан Ўзбекистон миллий ахборот агетлиги журналисти Анора Содиқова ўз тажрибасидан келиб чиқиб ҳар қандай вазиятда эҳтиёт бўлиш шарт эканлигини таъкидлади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг журналистлар ва фуқаролик жамияти институти вакилларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги хабардорлигини ошириш, ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликдаги иш режаларини муҳокама қилиш, оммавий ахборот воситаларида бу мавзуни ёритиш лозимлиги таъкидланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида журналистлик суриштирув тайёрлаш, босма ва электрон ОАВда жойлардаги коррупция ҳолатларини муҳокама қилиш бўйича “очиқ мулоқот майдон”ини яратиш зарур. Ахборот манбалари билан ишлаш ва ёлғон мазмундаги ахборотлар пайдо бўлмаслиги учун уларни текшириш бўйича билим ва кўникмаларни юксалтириш ҳар бир журналист учун муҳим. Семинар доирасида ушбу мазмунда тренинг ҳам ўтказилди. Унда қатнашчиларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берилди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун нормалари тушунтирилди.

Тадбир сўнггида семинар иштирокчилариларига таниқли блогер Қобил Хидировнинг “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” номли китоби тақдим этилди.

Шарҳлар

“Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловига старт берилди

01.11.2019, 15:16

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллари маркази мамлакатимиз иқтидорли хотин-қизларини “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида қатнашишга таклиф қилади.“Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши...
Адлия вазирлигининг "Спарк" ваъда қилинаётган танлови шартлари эълон қилинди (видео)

31.10.2019, 15:28

Аввал хабар берганимиздек, Адлия вазирлиги томонидан  "Ҳуқуқ билимдонлари" танлови эълон  қилинган. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, танлов 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда иштирок этиш...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° переменная облачность
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11