28

МДҲда ҳам ҳали мавжуд бўлмаган ноёб темир йўл техникаси Ўзбекистонга келтирилди

ЖАМИЯТ 13.02.2020, 11:33
673
МДҲда ҳам ҳали мавжуд бўлмаган ноёб темир йўл техникаси Ўзбекистонга келтирилди

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан МДҲ мамлакатлари орасида ягона саналадиган ва Германиянинг «KIROW ARDEL GmbH» заводида ишлаб чиқарилган MULTI TASKER KRC 1200UZ номли сўнги русумдаги кўп тармоқли кўтарма механизм (кран) сотиб олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” Ахборот-таҳлилий медиа маркази хабар берди.

Ушбу техника қисмларга бўлиниб темир йўл орқали Полша, Беларус, Россия ва Қозоғистон давлатлари орқали Лейптсигдан Тошкентга келтирилди. 

Мазкур кўтарма механизм «Тўқимачи» станцияси ҳудудидаги «Тиклаш поезди» корхонасида германиялик ва ўзимизнинг темирйўлчи мутахассислар томонидан 7 кун давомида йиғилиб, белгиланган тартибда дастлабки синовдан ўтказилди. Барча синов натижаларига кўра краннинг техник кўрсаткичлари белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берди. Шундан сўнг янги механизм «Қўқон минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси тасарруфидаги «Тиклаш поезди» корхонасига етказилди.

– Тармоқ тасарруфидаги 13 та «Тиклаш поезди» корхонаси мамлакатимиз темир йўлларининг тоғли ва чўл зоналарида жойлашган бўлиб, темир йўл тизимида содир бўлиши мумкин фавқулодда ҳолатларда хизмат кўрсатишга кечаю-кундуз тайёр туради, – дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Техник ва технологик назорати бошқармаси бошлиғининг кўтарма иншоотлар бўйича муовини Ҳасан Матиев. – Бунинг учун корхоналар тажрибали мутахассислар ва замонавий техникалар билан тўлиқ таъминланмоқда. Германиядан келтирилган кўтарма механизми ҳам участка йўлларидаги носозликларни бартараф этиб, содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларини қисқа фурсатда бартараф этишда жуда қўл келади. Ушбу замонавий техника «Қўқон минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳудудидаги участка йўллари учун фойдаланилиб, Қўқон «Тиклаш поезди» корхонаси балансида бўлади. 

Бугунги кунда темир йўллари мавжуд бўлган хар қандай мамлакат учун бу каби илғор техникага талаб бор. Чунки, ушбу ноёб техника қулайлиги ва афзаллиги, фавқулодда ҳолатларда содир бўлган авария ҳолатларини қисқа фурсатда бартараф этиш имконини беради. Мазкур замонавий механизм Ангрен – Поп йўналишидаги 19,2 километрлик темир йўл туннели хавфсизлиги учун фойдаланилиши ҳамда«Қўқон минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳудудларидаги темир йўл линияларидги авария ҳолатларини бартараф этишга, тоғли ҳудудларда, чўл зоналарида ишлашга мўлжалланган.

Мутахассисларнинг айтишича, мазкур кран мамлакатимиз темир йўлларидаги мавжуд кўтарма механизмларга қараганда жойларда ўрнатилиши жиҳатидан 2 баробар кам вақт олади. Мисол учун эски техникаларни ўрнатиш ва ишлатиш учун 1 соат вақт кетган бўлса, ушбу замонавий техникани ўрнатиш ишлари узоғи билан 30 дақиқани талаб этади. Барча жиҳозлар электронлаштирилган бўлиб, техника фаолияти, кўтарма жараёнининг кечиши ва ҳатто кўтарилаётган юк оғирлигини мониторда кўрсатилади. Шу билан бирга ўз ўқи атрофида 360 градусга айланиб, мўлжалланган юкларни керакли ҳолатга қўйиш хусусиятига эга. Яна бир муҳим жиҳат, аввалги кранларнинг фаол ишлаши учун 380 В электр энергияси талаб этиларди. Янгиси эса дизель ёнилғисида ўт олдирилгач, барча қурилмалар гидравлик хусусиятга эга ва кўтарма ишларини 24 В электр энергияси билан амалга оширади. Замонавий техника электровозларга улангач, соатига 100 километргача тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган. Бу эса фавқулодда ҳолатларда кўтарма механизмни авария содир бўлган ҳудудга зудлик билан етказиш имкониятини беради.

 Мазкур замонавий техникадан фойдаланиш учун Қўқон тиклаш поездининг 6 нафар мутахассиси Германия давлатида 10 кун мобайнида малака ошириб қайтди. Шартнома келишувига кўра 2 йил давомида ушбу техникага германиялик мутахассислар томонидан бепул сервиз хизмат кўрсатилади. Кўтарма механизм Қўқон тиклаш поезди корхонасига етгазилгач, Германиядан келган 4 нафар мутахассис ушбу техникадан фойдаланадиган кран машинистларига қўшимча ўқув-машғулотлари ўтказишди. Яна бир эътиборга молик жиҳат: ушбу техника нафақат Марказий Осиё мамлакатлари темир йўлларида балки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида ҳам биринчи бўлиб Ўзбекистон темир йўлларида фойдаланмоқда.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+33° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19