13

Ҳиндистонда “Uzbek Food Festival” ўзбек миллий таомлари фестивали очилди

ЖАМИЯТ 13.02.2020, 11:03
520
Ҳиндистонда “Uzbek Food Festival” ўзбек миллий таомлари фестивали очилди

Ҳиндистонда ўтказилаётган “Суражкунд Мела” фестивали доирасида 9 февраль куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Uzbek Food Festival” ўзбек миллий таомлари фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фестивалда хорижий давлатларнинг Ҳиндистон Республикасидаги элчихоналари ва консуллик вакиллари иштирок этишди. Ҳиндистоннинг етакчи туристик компания, меҳмонхона ва ресторанлари вакиллари ўзбек миллий таомлари ва бухоролик санъаткорлар томонидан ташкил этилган концерт дастуридан баҳраманд бўлишди.

Иштирокчилар фестивалда намойиш этилган ўзбек миллий таомларига юқори баҳо бериб, Ҳиндистонда ўзбек ошхоналарни кўпайтириш ҳамда ресторанлар менюсига миллий таомларимизни қўшишга оид таклифлар беришди.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда хорижий рестораторлар томонидан ўзбек ошхонасига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, хорижий мамлакатларда ўзбек таомлари тобора оммалашиб бормоқда.

“Uzbek Food Festival” ўзбек миллий таомлари фестивали Ҳиндистондаги “The Societe” ресторанида бўлиб ўтмоқда. Ушбу ресторан директори Правен Наййар ўзбек таомларини албатта ўз менюсига киритишини маълум қилди.

Айни дамда Бухоро вилоятидан ташриф буюрган машҳур ошпазлар Бобур Саматов, Бобур Турдиев, Манучеҳр Саидов ва Санжар Мусиновлар ҳиндистонлик ҳамкасбларига ўзбек таомларини тайёрлашга оид маҳорат дарсларини ўтишмоқда.

Ресторан раҳбари Правен Наййарнинг таъкидлашича, мазали ва тўйимли ўзбек таомлари фестивалга ташриф буюраётган меҳмонларга жуда манзур бўлмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳиятини хорижий давлатларда кенг тарғиб этаётгани натижасида ўзбек миллий таомлари дунёнинг кўплаб ресторанлари менюларига киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbek Food Festival” ўзбек миллий таомлари фестивали жорий йилнинг 1 февраль куни бошланган бўлиб, 16 февралга қадар давом этади. 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° небольшой проливной дождь
Валюта курси