25

ИБРАТ: Олапар...

МУТОЛАА 05.02.2020, 13:53
Теглар: Олапар..., ИБРАТ, Абдулло Авлоний, Холмўмин ЁДГОРОВ, Хонтахта, Умринг ғанимат, оч назари ибрат, эй кўзим
4778
ИБРАТ: Олапар...

Умринг ғанимат, оч назари ибрат, эй кўзим! 

Абдулло Авлоний.

Гаштакдан кеч қайтган Қобилбой боши лўқиллаб оғришидан уйғониб кетди. Кўнгли айниб ташқарига чиқди. Ҳовлининг адоғидан қайт қилиб қайтаётганида кучуги Олапарнинг инига кўзи тушди. Бундай пайтларда думини ликкиллатиб ортидан келиб турадиган кучук бу гал лоақал ўрнидан туриб, қулоқ ҳам қоқиб қўймаганига ҳайрон бўлди. Сўнг, шу овулда энг соқ, зийрак деб номи чиққан, кўчада бирон бегона мушук ўтса, ярим соат тинмай акиллайдиган Олапарнинг бир-икки кундан бери уни ўчиб, кўринмай қолганини эслади ва “Қаерларда санғиб юрибсан? Қайтибсан-ку барибир...” деган бўлди ичида.

Дашнов олдидаги офтобадан сув қуйиб, қўлбетини ювди. Эслашга уринди: кеча уйига ўзи келдими ё улфатлардан кимдир ташлаб қўйдими? Йўқ, эслолмади. Хонага кириб, совиб қолган чойни чойнак жўмрагидан симирди-да, сал ўзига келгандай бўлди.

Хонтахта ёнида мунғайибгина дастурхонга термулиб ўтирган онасига тили зўрға айланиб, “Яхшимисиз...”, деди. Ўй-хаёллари билан бандми, онаси бир қараб қўйди-ю, бирон нима демади. Четга қараб чуқур нафас олдими ё хўрсиндими, билмади. Қобилбойнинг билгани — онасининг унга гапиргиси келмагани, кўргани эса озғин елкалари билинар-билинмас кўтарилиб тушгани бўлди.

Қобилбой каловланиб қолди, не қиларини билмай яна ҳовлига чиқди. Супа четига омонат ўтирди: “Энам билан қачон очилиб гаплашдим ўзи? Энамнинг кулганини охирги марта қачон кўргандим?”.

Эслади. Хаёлида бундан бир ярим ойча бурун онасининг кенжа невараси — Ўғилойни эркалаб, кулиб турган ҳолати жонланди. Ўғилой ва бошқа қизлари кўз олдига келиб, бутун вужуди зирқираб кетди, танига титроқ кирди. Бўғзига иссиқ бир нима келиб тиқилди. Катта, кенг ҳовлида бир ютум ҳаво йўқ, нафас олиш мушкулдан-мушкул бўлди.

Шу алфозда ўтирганида пастаккина инидан чиқиб келиб, қўш оёқларини чўзиб керишаётган Олапарни кўрди. Шу пайт Олапарнинг ортидан талпонглаб чиқиб келган ку чукчани кўриб, Қобилбой ҳанг-манг бўлиб қолди. Ахир, ҳафта бурун бу кучукчани юқори қишлоқда яшовчи бир танишига бериб юбормаганмиди? Кейин Олапар кечаси билан ғингшиб чиққани ва унга қараб унда-бунда калта-калта ғапшиниб, норозилик билдиргандай юргани ҳам ёдига тушди. Илкис ўрнидан туриб, кучукчанинг олдига борди. 

Онасининг оёқлари орасига кириб, эркаланиб ўйнаётган кучукчани қўлига олди, инжа панжаларини пайпаслаб, сиртлончасини силаган бўлди. Сўнг, Олапарга ҳайрон боқиб, ерга ўтириб қолди. Қўлида турган, айнан Олапарнинг ўзига ўхшаш оқ-қора, нимжонгина жонивор ҳақиқатдан ҳам ўша, туғилганидан бери қизларининг севимли овунчоғига айланган, қизлари онаси билан кетгач эса доим уларни эслатиб турган, танишига ўз қўли билан бериб юборган кучукча эди.

Боласини хўжасининг қўлида кўрган Олапар, ўша боласидан ажраб қолган машъум кунни эсладими, бир-икки марта “вов-вов” деб қисқа-қисқа ҳуриб, Қобилбойга маъюс тикилиб қолди.

Қобилбой кучукчанинг бошини силай туриб, Олапарга қаради. Беихтиёр овоз чиқариб: “Буни қандай топдинг? Қандай олиб келдинг, қойил...”, деди, Олапар эса, гўё унга: “Кечиринг хўжайин, боламсиз яшай олмадим, сизнинг сўзингизни икки қилиб бўлса-да, боламни амаллаб топиб, олиб келдим”, - дегандай бўлди. Ҳа-ҳа, унга худди шундай туюлди.

Қачондир, кимдандир эшитгани бор эди: “Итнинг боласини ўрлатиб, мушукнинг боласини тўманлатиб бериб бўлмас. Кўзи очиқ бўлса, юлдуз- га қараб адашмай йўл топади, туғилган жойига қайтиб келади”...

Кучукчани онаси ёнига қўйиб юбориб, ўтирган жойида ўйланиб-мунғайиб қолган хўжайинининг аҳволини англагандай Олапар секин ўрнидан турди, унга яқинроқ келди ва икки олд оёғига бошини қўйиб, хайрихоҳ нигоҳини соҳибининг кўзига қадаганча ётиб олди. Вафодор кучугининг кўзига эътибор берган Қобилбой, унинг: “Жон хўжайин, кўп сиқилаверманг, сиз ҳам болаларингизни ва уларнинг онасини олиб келинг, ҳаммаси яхши бўлади”, деяётганини ҳис қилгандай бўлди. Қобилбойнинг юзида майин жилмайиш зоҳир бўлиб, ичида “Хўп, хўп”, деган бўлди. Олапар хўжасининг қўлларини ялай бошлади. Қобилбой унинг бошини силаб эркалаб туриб, хотини ва қизларини соғиниб, юраги симиллаб, куйишганини сезди. Уларни кўз олдига келтириб, бурни ачишиб, кўзи ёшланди ва болаларини олиб келишга азму қарор қилиб, ўрнидан дадил турди.

Уйга кириб, кийим-бошини алмаштирган бўлди. Онаси ҳали-ҳамон боя кўрганида қандай бўлса, шу кўйи ўтирар, ўй суриб кўзларини бир нуқтага тикканича қимирламас эди.

Энажон, мени кечиринг, кўр эканман. Тўрт қиз туғдинг деб, келинингизни ноўрин хафа қилдим. Қаранг, Олапар кучукчасини олиб келибди. Мен шу бир итча бўлмабман. Рухсат беринг, келинингиз ва набираларингизни олиб келай, - деди Қобилбой ҳиқиллаб.

Она кўзида жиққа ёш билан, қўллари кафтини очди, розилик ишораси – астойдил дуо қилди:

Жоним болам, шуни айтолмай юрган эдим.

Худой жонимга шукр, Ўзи кўнглингга солибди. Тезроқ бор-да, олиб кел болаларимни. Бошқа эшикда шунча сарғайгани етар...

Қобилбой учиб чиқиб кетди.Онанинг елкалари узоқ силкинди.

Жажжи қизалоқлар ота-онаси этагида уйга кириб келишлари билан ҳовли қувончга лим тўлди. Офтоб чарақлаб, олам ёришиб кетгандай бўлди. Улар келасола бувилари бағрига ўзларини отдилар. Бувижон жондай азиз қақажонлари дийдори ва меҳридан эриб кетгандай бўлди.

Сўнг бири қўйиб, иккинчиси Олапарни қучоқлаб эркалашди, кучукча эса қизларнинг қўлидан тушмай қолди.

Она ҳам, Олапар ҳам, ҳамма бирдай хурсанд эди.

Холмўмин ЁДГОРОВ 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+26° переменная облачность
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19