25

Тўлов ўз вақтида тўланмаса, қандай чора қўлланади?

САВОЛ-ЖАВОБ 31.01.2020, 12:51
844
Тўлов ўз вақтида тўланмаса, қандай чора қўлланади?

— Бир йил аввал масъулияти чекланган жамият билан шартнома тузгандим. Шартномага асосан хусусий корхонам томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб берганмиз. Олиб кетилган маҳсулот учун қисман аванс тўлаб берилган. Қолган пул маҳсулот олиб кетилганидан кейин 10 кун муддатда тўланиши керак эди. Энди тўловни пайсалга солишяпти. Бу ҳолатда қандай йўл тутсам бўлади?

Ш.Зиёдуллаев, Бухоро вилояти Қоракўл тумани

Азиз САФАРОВ, Бухоро вилоят Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси: 

— Сиз ИПКнинг 149-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз лозим. Даъво аризасида ариза берилаётган суднинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, даъвонинг баҳоси, даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар, даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар, ундирилаётган ёки низолашилаётган маблағнинг ҳисоб-китоби (бандда сўралаётган асосий қарздорлик қаердан келиб чиққанлиги, пенянинг ҳисоб-китоби қайси тартибда амалга оширилганлиги тўлиқ кўрсатилиши шарт), даъвогарнинг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари кўрсатилган бўлиши лозим.

Даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талаб- нома юбориш) тартибига риоя этилгани тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 151-моддасига асосан даъво аризасига ариза берилаётган иқтисодий суднинг тегишли ҳисоб рақамларига давлат божи ва почта харажатлари тўланганини тасдиқловчи тўлов топшириқномалари, даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини жавобгарга тасдиқловчи почта ҳужжати, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар, даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда даъво аризаси вакил томонидан имзоланган бўлса, даъво аризасини имзолаш ваколатини берувчи ҳужжатларилова қилиниши лозим.

Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)нинг 33-моддасига асосан юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим қилинади. Агар жавобгар ёки сиз мурожаат қилаётган иқтисодий суд бошқа вилоят (ҳудуд)да жойлашган бўлса, судга иқтисодий ишни ИПКнинг 165-моддасига асосан видеоконференц алоқа режимида ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритишингиз мумкин.

Сизнинг ҳолатингизда, агар ҳақиқатдан ҳам маҳсулотни етказиб берганингиз судда ўз тасдиғини топадиган бўлса, суд етказиб берилган маҳсулот учун тўланиши лозим бўлган суммани ундириб беради.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+34° ясно
Валюта курси
10209.86
USD 2.17
12021.09
EUR 125.05
137.46
RUB -4.91