Олмаота аэропортида коронавирусдан зарарланган "бемор" кутиб олинди (фото)

ДУНЁ 25.01.2020, 20:59
Теглар: коронавирус, самолёт
4095
Олмаота аэропортида коронавирусдан зарарланган "бемор" кутиб олинди (фото)

Хитойда янги турдаги коронавирус инфекцияси эпидемияси авж олиши муносабати билан Қозоғистонда ҳам санитар хавфсизлик чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.  Жумладан аэропортда Хитойдан учиб келган самолётдаги “бемор”ни кутиб олишга қаратилган ўқув-машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда Informburo.kz. сайти репортаж берди.

Хўш, аэропорт хизматчилари ва тиббиёт ходимлари тайёргарликни текшириш учун берилган хавф сигналига жавобан қандай ҳаракат қилишди? 

Ҳозирда Олмаота халқаро аэропортига Хитойдан кунига 2-3 та самолёт келиб қўнмоқда. Бир ҳафтада авиакомпания 18 та рейсни амалга оширади. Қозоғистондан 4 авиакомпания: Air Astana, Scat, Hainan Airlines, China Southern, Airlines самолётлари ҳар иккала томонга парвозни амалга оширади.

2020 йилнинг 1 январидан буён Қозоғистонга Хитойдан 7863 пассажир келган ва 4365 киши учиб кетган.

Хитойда янги коронавирус туридан зарарланган ва вафот этган беморлар сони жадал ортиб бормоқда. Ҳатто бошқа мамлакатларда ҳам Хитойга келиб, бу касалликни юқтириб кетган фуқаролар қайд этилмоқда.

Шу сабабдан Олмаота аэропортида фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни синаш учун ўқув-машғулоти ташкил қилинди. 

Айтиш керакки бундай вазиятда самолёт экипажи, аэропорт хизматчилари, тиббиёт ходимлари, сайёҳлар ва жамоат транспорти ҳайдовчилари инфекциядан зарарланиш бўйича хавф гуруҳига киради.

   Машғулот қандай ўтди?

Ўқув машғулотини Транспортда товар ва хизматлар хавфсизлиги сифатини назорат қилиш департаменти Олмаота аэропорти Санитар-карантин пункти билан ҳамкорликда амалга оширди. Сценарий бўйича диспетчерга Хитойдан келиб қўнган самолёт бортида коронавирусдан зарарланган бемор борлиги маълум қилинди. Унинг ҳарорати баландлиги, йўтал тутаётгани ва аҳволи ёмонлиги айтилди. Бу вақтда самолёт бортида яна 150 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоси ҳам бор эди. 

Махсус автотранспорт хизмати самолётни санитар қўниш майдончасига кузатиб келди. Полиция терминалдан кириш ва чиқиш жойларида тайёр турди. Чегара ва божхона назорати тўхтатилди. Самолёт бортига махсус ҳимоя кийимидаги санитар-карантин назорати мутахассислари ва аэропорт тиббиёт ходимлари чиқишди. Улар қўл тепловизори билан барча пассажирларнинг тана ҳароратини ўлчаб кўрди. Шу вақтнинг ўзида юкхоналарни текшириб қандайдир хашарот ёки кемирувчи йўқлигига ишонч ҳосил қилишди. 

Шундан кейин трап орқали йўловчиларни самолётдан автобусга, сўнгра қўниш залига олиб келишди. 

Аэродромда уларнинг ҳужжатлари портатив ускуна ёрдамида текширилди. Шубҳали буюмлар билан хизматчилар ўртасида бевосита контактнинг олдини олиш учун шундай қилинди.

Бортга одамларни кўрикдан ўтказиб, охирги ташхисни қўювчи шифокор чиқди. У бир беморга коронавирусга тахмин бор дея ташхис қўйди. Бемор капсулада Олмаота шифохонасига олиб борилди. 

Бу вақтда аэропортда ва ҳаво кемасида якуний дезинфекция ишлари олиб борилди.

Йўловчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилгандан сўнг қўниш залида уларнинг паспортлари текширилди. Шундан сўнг йўловчиларга ўз саломатлигини кузатиб бориш, агарда касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгудай бўлса, шу заҳотиёқ шифокорга мурожаат қилишлари тайинланди.

Маълумот учун: 25 январь ҳолатига кўра Хитойда 2019-nCoV коронавирусдан вафот этган беморлар сони 27 нафарни ташкил этмоқда. Инфекциядан зарарланганлар сони 900 нафардан ошиб кетди. Вирус пайдо бўлган 11 миллион аҳолига эга Ухань шаҳри карантин қилиниб ёпилган. Барча транспорт турлари, шу жумладан аэропорт ва темир йўл вокзаллари фаолияти ҳам тўхтатилган.

Дарвоқе, айни вақтда Хитойда 98 нафар қозоғистонлик талаба қолган.

Хитойнинг 10 та шаҳрида жиддий карантин чора-тадбирлари кўрилмоқда. 

Коронавирусдан зарарланган беморлар АҚШда, Тайландда, Гонконгда, Австралияда ва бошқа мамлакатларда ҳам қайд этилган.

Манзура Бекжонова тайёрлади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+17° облачно с прояснениями
Валюта курси