my5
25

Жўрабек Қобилов: “Жанговар самбо бўйича Жанубий Кореяда эришган ғалабам - энг қадрли ютуғим”

СПОРТ 09.01.2020, 10:57
890
Жўрабек Қобилов: “Жанговар самбо бўйича Жанубий Кореяда эришган ғалабам - энг қадрли ютуғим”

Дунё миқёсида йил сайин тобора оммавийлашиб бораётган Шарқ якка курашларидан бири жиу-житсу спорт тури юртимизга кириб келганига кўп бўлгани йўқ. Ўзбекистонда жиу-житсу федерацияси ўз фаолиятини 2017 йилда Мудофаа вазирлиги спорт клубида бошлаган. Шундай бўлса-да, бу спорт турида моҳир ўзбекистонлик жаҳон чемпионлари ҳам йўқ эмас. Тенгдошимиз Жўрабек Қобиловнинг жиу-житсу спорт тури бўйича ютуқлари талайгина. Асли шаҳрисабзлик Жўрабек спортнинг биргина турида эмас, бир неча тури бўйича халқаро турнирларда, жаҳон чемпионатларида қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллаб келмоқда.

Жўрабек илк бор 2003йил 8 май куни кураш бўйича ўтган туман биринчилигида ўзидан 5 ёш катта ўсмирлар билан беллашиб 2-ўринни қўлга киритади. Айнан шу қадам бўлажак чемпионда спортга меҳр уйғотди. Йиллар давомида ўз устида ишлаб, катта марралар сари интилишига куч бағишлади. Спортдаги ютуқлари давомли бўлди. 2017йил 5-8апрел кунлари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” ҳамда Амир Темур хотирасига бағишлаб “Комбат Айкидо” бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида 1-ўринни, 14 -16 апрелдаги . Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни, 22 – 23апрелда УШУ бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни эгаллади. Шу йил Қўл жанги бўйича Ўзбекистон кубоги профессионаллар ўртасида 3-ўринга, Универсал жанг бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринга сазовор бўлди. Қолаверса, Жанговар самбо бўйича Сочи (Россия Федерацияси) шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати иштирок этди.

2018йил Универсал жанг бўйича республика очиқ чемпионатида – 2-ўринни, Самбо бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ҳамда жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни, жиу-житсу бўйича Тошкент шаҳар очиқ турнирида 1-ўринни, Универсал жанг бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида профессионаллар ўртасида 2-ўринни, Фарғона шаҳрида қўл жанги бўйича 3-ўринни, жиу-житсу бўйича Республика биринчилигида 85 кг вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритиб, Осиё ўйинларига йўл олди.

-2013 - 2014 йилларда ватан олдидаги йигитлик бурчимни адо этиш учун муддатли ҳарбий хизматда бўлганман. У ерда намунали хизматим ҳамда ҳарбий мусобақаларда муваффақиятли иштироким ўз мевасини берди. Азалий орзуйим амалга ошди, - дейди Жўрабек Қобилов. -Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жанубий ғарбий махсус ҳарбий округи спорт клубининг спортчиси лавозимига ишга қабул қилиндим. 2016йилдан буён жанговар Самбо спорт тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосиман.

2019 йил спортчимиз учун жуда сермаҳсул ва омадли кечди. У аста-секин жаҳон ареналарида ғлаба қозона бошлади. Бу ғалабаларнинг бошланиши Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали доирасида жанговор самбо бўйича ўтказилган жаҳон кубогида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганидир. Мазкур мусобақада Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ спорт взводи спортчиси Жўрабек ўз вазн тоифасида фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, юртимиз байроғини баланд кўтарди.

-Жангларим ичида мен учун энг оғир кечгани жанговар Самбо спорт тури бўйича жанубий Кореяда ўтган бутун Жаҳон халқаро жанг санъатлари ўйинларида 3 - рақибим билан беллашганим бўлган,- дейди ёш чемпион.- Ўшанда 2 - рақибим марокашлик спортчи бош билан зарба бериб, бурнимни синдирган. (Бош билан фақатгина бизнинг жанговар Самбо спорт турида зарба бериш мумкин.) 3-рақибим билан эса бурним цинганига қарамасдан курашишга, она юртимга фақат ёруғ юз ва ғалаба билан қайтишга киришдим. Шу пайт шифокорлар жангни тўхтатиб, мени шифохонага олиб кетмоқчи бўлишган. Аммо олдимга қўйган мақсадим мени ғалаба учун курашишга ундади. Кореялик рақибим билан жангни давом эттирдим. Катта машаққат билан мақсадимга эришдим ҳам. 80 дан ортиқ мамлакат спортчилари жам бўлган ушбу жангда фахрли 3-ўринни эгалладим. Ҳар бир спортчининг халқаро спорт аренасида эришган илк катта ютуғи ўзи учун ҳамиша қадрли бўлади. Мен учун ушбу ғалабам жуда қадрли.

Курашчимиз Украина пойтахти Киэв шаҳрида ўтлазилган CОМБАТ ЖИУЖИТСУ бўйича ИХ Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жиу-житсу терма жамоаси таркибида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади.2019йилни ҳам зафар қучиб якунлади. Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида бўлиб ўтган 16 та давлат паҳлавонлари иштирокидаги спортнинг жанговар жиу-житсу тури бўйича халқаро турнирда юртимиз терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Қувонарлиси шундаки, давлатимиз байроғини баланд кўтараётган ҳарбий хизматчилар ичида Жўрабек Қобилов олтин медал соҳиби бўлди.

-Спортчининг муваффақият формуласи ақл, мустаҳкам ирода ва тезкорликнинг бирдамлигидир. Курашда ақл тетик бўлмаса, иродасизлик ва бўшашишга йўл қўйилса, сониялар ҳаётингизни ҳал этиб қўйиши ҳеч гап эмас. Спортчи ўз устида мунтазам шуғулланиши, ҳам кучини, ҳам ақлини чархлаб бориши керак. Ҳеч ким бир кунда чемпион бўлиб қолмайди. Йиллар давомидаги машаққат, сабр ва матонат кучи сизни чемпион қилади, - дейди шаҳрисабзлик спортчи.

Жўрабек Қобиловнинг чинакам дўсти унинг ота-онаси. Инсонни ютуғидан қувониб, мағлубиятида эса суягувчи, яна ҳаракатга ундовчилар ҳам ота-она. Тенгдошимизга отасининг “Паҳлавоним курашавер, тинмасдан курашавер, ҳали ҳамма ҳавас қиладиган “кааатта” одам бўласан, жаҳон чемпиони бўласан”, деб руҳлантиришлари унинг журъатини оширди. Ҳар жангда дадил турди. Бугун 27 ёшли спортчи отаси айтганидек жаҳон чемпиони бўлди. У инсонлардаги камтарлик хислатини жуда қадрлайди ва ўзи ҳам камтар бўлишга интилади. “Чемпион бўлсам ҳам, бўлмасам ҳам мен ўша-ўша оддий Жўрабекман” дейди.

Энди Шаҳрисабзда Жўрабекни танимаган, унга ҳавас қилмаган одам йўқ. Тенгдошлари ундан муваффақиятлари сирлари билан бўлишишини сўрайди, кўпинча. “Бу муваффақиятлар ютуқларимнинг бошланиши, ҳали олдимга қўйган мақсадларим катта. Ўзим каби спортга қизиққан ёшларга устозлик қилиб, ўзбекистонлик жаҳон чемпионлари сафини кенгайтиришда ўз ҳиссамни қўшишим керак"деб жавоб қайтаради.

Жўрабек Қобиловга келгусида омад ва зафарлар ҳамроҳлигини ва ўзи хоҳлагандек, минглаб бўлажак чемпионларнинг фахрий устози бўлишини тилаб қоламиз…

Шаҳноза Нуруллаева суҳбатлашди

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+26° ясно
Валюта курси
10209.86
USD 2.17
12021.09
EUR 125.05
137.46
RUB -4.91