Му5
8

Рациони чекланганлар учун байрам парҳези қандай бўлади? (Диетолог маслаҳатлари)

САЛОМАТЛИК 27.12.2019, 18:15
Теглар: байрам, парҳез, рацион
3358
Рациони чекланганлар учун байрам парҳези қандай бўлади? (Диетолог маслаҳатлари)

Дастурхонда хилма хил таомлар бўлгани яхши аммо айрим сурункали касаллиги бор беморлар янги йил оқшомида парҳезни бузса, турли нохушликларга дуч келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун байрамга таом тайёрлашда парҳезшунос маслаҳатига амал қилиш керак. Хўш, диетологлар байрамда парҳездагиларга қандай таомларни тавсия этади? Ушбу мавзу бўйича парҳезшунос Гулжаҳон Йўлдошева қуйидагиларни тавсия қилди.

ЎТ ҚОПИ КАСАЛЛИКЛАРИДА

Холецистит – ўт пуфагининг яллиғланиши. Ўтда муаммо бўлса оғир ҳазм бўлувчи таомларни еганда ҳазм тизими зўриқишга учрайди. Бунинг олдини олиш учун дастурхонга енгил таомларни тортиш лозим. 

Маслаҳат 

Ўти шамоллаган, ўтида тоши бор беморлар учун ёғсиз таомларни кам тузли, аччиқ зираворлар қўшмасдан, қайнатиб, димлаб, буғлаб ёки газ печида тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Бир кеча-кундузда қабул қилинадиган суюқлик миқдори 2-2,5 литрдан кам бўлмаслиги зарур.

Бир кунда 4-5 марта кам-камдан овқатланиш лозим.

Таом иссиқлигига эътиборли бўлинг. Жуда совуқ маҳсулотларни истеъмол қилиш кучли оғриқларга сабаб бўлиши мумкин. 

Жуда совуқ бўлмаган газсиз, алкоголсиз ичимликлар, компот ва шарбатлар тавсия қилинади.

Қандай маҳсулотлар мумкин?

Нонушта: кефир, қатиқ, творог донли бўтқалар; олма шарбати, ёғсиз творог, тухумли омлет.

Тушлик: қайнатилган сабзавот шўрва, буғда ёки духовкада пиширилган балиқ, венегрет салати; тефтель шўрва, товуқ гўштидан буғда пишган котлет; 

Кечки овқат: ёғсиз гўшт ва гуручли дўлма; сабзавотлар ҳамда суякли гўштдан димлама, карам ва пишлоқли салат.

Байрам рационида олма, анор, мандарин каби мевалар бўлса, зиён қилмайди. Салатларга майонез эмас, ўсимлик ёғи қўшиш мақсадга мувофиқ.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТДА

Қандли диабет ташхиси қўйилганлар учун Янги йил дастурхонига қандай овқат тайёрлаш керак? Улар ўзларининг севимли салатлари, гўштли овқатларидан воз кечсинми?

I ва II турдаги қандли диабети борлар уйда ва меҳмонга борганда ҳамёнида инсулин бўлишини назорат қилиши керак. 

Нималар чекланади?

  • Ёғли гўштлар;
  • Парранда гўштининг терисини олиб ташлаш талаб этилади;
  • Колбаса ва бошқа дудланган маҳслотлар;
  • Пишириқлар;
  • Қовурилган балиқ;
  • Оқ нон, хамир овқатлар;
  • кетчуп, майонез, горчица;
  • алкоголь, тамаки.

Юқоридаги маҳсулотларсиз байрам дастурхонингиз ғариб бўлади, деб ўйламанг. Аксинча тўғри ёндашув натижасида байрамингиз ҳеч бир талафотсиз кўнгилли ўтади. Ва, албатта, бундай соғлом овқатланиш меҳмонларингизга ҳам манзур бўлади. 

Ичимликлар

Албатта, байрам столида ичимликлар ҳам бўлиши керак. Диабетга мойил кишилар лимонли сув, чой ва минерал сувларни дастурхонга қўйиши мумкин. Янги йил оқшомида диабет билан оғриганлар ўзини бир финжон қаҳва ёки ярим қадаҳ узум шароби билан хурсанд қилишлари мумкин. Газли ширин ичимликларнинг ҳатто соғлом одамларга ҳам зарарли экани маълум. Шунинг учун уларни харид қилишга ҳожат йўқ.

Агар уйингизда қандли диабети бор инсон бўлса ёки шундай меҳмон ташрифини кутаётган бўлсангиз, дастурхонга ширинлик маҳсулотларини, ўта ёғли таомларни, сариёғ ва маргаринли торт ҳамда пишириқларни тортишдан чекланинг. Салатларга эса зайтун ёғи қўшинг. Бу ёғ организмда фойдали холестерин миқдорини оширади.

Овқатлардан фольгага ўраб газ печида пиширилган товуқ, курка, балиқ ва қўзиқоринли таомларни тайёрлашингиз мумкин. 

Унутманг, парранда гўштининг терисини олиб ташлаш керак. 

Таом тайёрлашда сабзавотлар, клетчаткали ва донли маҳсулотлардан бемалол фойдаланаверинг. 

СУРУНКАЛИ БУЙРАК КАСАЛЛИКЛАРИДА

Янги йил дастурхонида кўп хонадонларда тузланган ва дудланган маҳсулотларга алоҳида ўрин берилади. Бироқ буйрак оғришидан азият чекувчи кишиларга тузли, шўр, дудланган озиқлар мумкин эмас. Буйрак жоми яллиғланиши – пиелонефрит, буйрак тоши ва бошқа буйрак муаммоларида қуйидаги парҳез тавсия қилинади.

1) кам миқдорда гўштли, балиқли ва қўзиқоринли шўрвалар. Турли соуслар, зираворлар, гўшт ва балиқни фақат қайнатилган кўринишда истеъмол қилиш мумкин. 

2) суюқлик миқдори 1 кунда 1,5-2 л дан кам бўлмаслиги керак. Бу пешоб йўлларини ювиш учун жуда муҳим.Танада шиш бўлса, кўп суюқлик ичиш чекланади.

3) буйраги хаста беморнинг овқати витаминларга бой, тузи кам бўлиши керак. Агар унда артериал гипертензия (қон босими юқори) ҳам ҳамроҳ бўлса кам калорияли, оз-оздан тез-тез овқатланиш тавсия этилади. 

Байрамда ичимликлардан мева шарбати ва компотлари, наъматак қайнатмаси, морс ҳамда минерал сув ичиш мумкин.

Сурункали буйрак хасталиги бўлганлар рационидан таркибида эфир мойи бор сабзавотлар (пиёз, хрен, турп, редиска, саримсоқпиёз), балиқ, гўшт, қўзиқорин солиб, кўп қайнатиб пиширилган шўрвалар чекланади.

Бўғимларда туз бўлса...

Подагра – бўғимларда туз йиғилиши оқибатида ҳаракатланишда қулайликлар чекланишига олиб келувчи касаллик. Подаграда асосий муолажа – парҳез. Шунинг учун ҳатто байрамда ҳам уни бузиш мумкин эмас. Бу касаллик билан оғриганларнинг Янги йил дастурхонига узоқ пишган қайнатма шўрвалар, дудланган колбаса ва гўштлар, консервалар қўйилмагани маъқул. Спиртли ичимликлар қатъиян ман қилинади, айниқса пиво ҳамда ширин газли ичимликлар мумкин эмас. Фақатгина газсиз ишқорли минерал сув ичиш лозим. Беморларга тузланган, ёғли ва қовурилган таомлардан чекланиш тавсия этилади. Булар касаллик хуружи “бош кўтариши”га олиб келиши мумкин.

Нималар чекланади?

1)Шоколад, қаҳва, какао ва қора чой.
2) Дарё балиғи, сельд, шпрот.
3) Нўхат, чечевица, гуруч, дуккаклилар, сули.
5) ёғли гўштлар,мол тили, жигар.

Нималар мумкин?

1)Товуқ, қуён, курка гўшти, ёғсиз балиқ. Ҳаммаси қайнатилган кўринишда. Гўштсиз сабзавотли енгил шўрвалар.

2) Тортлар чекланади, ширинликлар, мармелад, зефир ва мураббо кам миқдорда тавсия этилади.

3) Янги бодринг шарбати танани тузлардан тозалайди. Кўкатлардан энг маъқули – шивит.

4) Овқатларни микроэлементларга бой зайтун ва зиғир ёғида тайёрлаш мумкин.

ГЕПАТИТЛАРДА

Гепатит билан касалланган беморларнинг байрам таомларини тайёрлашда қуйидаги маҳсулотлар чекланади:

  • ёғли балиқ ва гўштлар;
  • сут ва сут маҳсулотлари, сариёғ, маргарин;
  • колбаса ва дудланган гўштлар, тухум;
  • янги пишган нон, ширинликлар;
  • карам, помидор, редиска, пиёз, саримсоқпиёз;
  • аччиқ чой, қаҳва, алкоголь, шоколад;
  • тузламалар, зираворлар, консерва ва газли ичимликлар. 

 

Шифобахш таомлар

Агар касаллик ўткир кўринишда бўлса, жиддий парҳез асосида ёғсиз, қовурилмаган, илиқ таомлар, бўтқалар истеъмол қилиш мумкин. Аммо уларда туз миқдори 1 кунда 4 г гача чекланади. Агар янги йилни шифокорлар билан бирга кутиб олишни истамасангиз, ҳатто байрамда ҳам бу меъёрни бузмаслик талаб этилади. 

Кўпинча гепатит бўлган кишиларда иштаҳа паст бўлади. Шунинг учун уларга иштаҳабоп таомлар пишириб бериш лозим. Мисол учун товуқ тўши солиб, қовурилмасдан пиширилган парҳез ош, буғда пиширилган балиқ уларга хуш ёқиши шубҳасиз.

Қайнатилган сабзавотлардан ёғсиз йогурт ёки ўсимлик мойи солиб, ажойиб салат тайёрлаш мумкин. Бу ерда салатга қандай безак бериш сизнинг фантазиянгизга ҳавола. Фақат уларга пиёз, майонез, колбаса қўшмаган маъқул. Шунингдек, беморлар димланган сабзавотли таом, картошка пьюреси, ёғсиз сут истеъмол қилиши мумкин.

Мол гўшти қиймасига тухум оқини қўшиб, буғда пиширилган котлет – парҳез таомга яхши қўшимча бўлади. Десертга эса газ печида пиширилган олма, уйда тайёрланган пишириқ ва асал яхши кетади. Ёғсиз творог ёки йогуртга банан ва олма бўлакчаларини аралаштирсангиз, бундай десерт ҳам сизга маъқул бўлади, деб ўйлаймиз.

  Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+11° пасмурно
Валюта курси
9528.49
USD -10.67
10319.35
EUR -119.35
150.07
RUB 1.3
rightuz