my5

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коралл кальций онкологик касалликларни даволашини инкор этди

САЛОМАТЛИК 01.12.2019, 13:01
Теглар: коралл кальций, соғлиқни сақлаш
2545
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коралл кальций онкологик касалликларни даволашини инкор этди

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатга четдан олиб келинаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси ҳақида ҳар хил шов-шувли маълумотлар тарқатилмоқда. Хусусан  коралл кальций жуда кўп дардларга шифо бўлиши, ҳатто, онкологик касалликларда ҳам яхши самара бериши ҳақида асоссиз хабарлар тарқатиляпти. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумотларни атрофлича ўрганиб, ўрганиш натижалари бўйича маълумот берди.

«Дарҳақиқат, калсий моддаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун муҳим микроэлементлардан бири. Зеро калсий инсон суяк тизимларини мустаҳкамлаш, организмда модда алмашинувини яхшилашда муҳим ўрин тутади.  

Коралл кальций ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу модда кальций карбонатнинг бир кўриниши бўлиб, кальцийнинг дунёда энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Коралл кальцийси коралл қоялардан олинади ва унинг минераллар таркиби оддий кальцийга қараганда бироз бойроқ бўлади.

Ҳозирги кунда пойтахтдаги «BEVERLee Business» масъулияти чекланган жамияти хориждан олиб келинган ана шундай маҳсулотни аҳолига тақдим этмоқда. Ушбу МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган ва у тақдим этаётган маҳсулотлар тегишли мувофиқлик ва сифат сертификатига эга. Бироқ четдан келтирилаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси нархи дорихоналарда сотилаётган кальций препаратидан жуда ҳам қиммат, самарадорлик борасида эса амалдаги тиббий препаратлардан у қадар фарқ қилмайди. Буни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лабораториясида ўтказилган тадқиқот ҳам исботлади.

«Бу иккала кальцийнинг асосини текшириш учун «Беверли» компаниясининг тармоқли маркетинг орқали сотилаётган кальций таблеткаси ва ундан анча арзон бўлган дорихоналаримизда сотилаётган кальций таблеткасини солиштириш мақсадида махсус тадқиқот ўтказдик. Порошок кўринишида бир хил миқдорда иккита намуна тайёрланди. Тадқиқотда иккала намунанинг асоси бир хил эканлиги аниқланди. Фақатгина ‘Беверли’ компаниясига тегишли кальций намунасида минераллар таркиби бироз кўпроқ экан», — дейди мазкур институт илмий ходими Рустам Ашуров.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакология қўмитаси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Шоисломов коралл кальций ҳақида шундай дейди:

«Бу биологик фаол қўшимчани ҳар дардга даво деб талқин этиш мутлақо нотўғри. Бундан ташқари, инсон бирор дори-дармон ёки биологик фаол қўшимча истеъмол қилишдан олдин, албатта, шифокор кўригидан ўтиши лозим. Қолаверса, дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчаларни ойлаб, йиллаб узлуксиз истеъмол қилиш асло мумкин эмас.

Жумладан, таркибида кальций сақловчи ҳар қандай дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчани ҳам ўз билганича ичиш турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, биз юра-қон томир тизими касалликларига мойиллиги бўлган шахсларда юрак ритмининг турли бузилишларига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келганлиги ҳақидаги аянчли маълумотларга эгамиз. Шунингдек, сийдик-тош касаллиги бор беморларда дардни зўрайтириб юборганлик ҳолатлари ҳам кўп кузатилган».

Шундай экан, касалликларни даволашда сифат ва миқдор жиҳатдан текширувлардан ўтказилган, шу билан бирга, хусусиятлари ҳам тўлиқ ўрганилган кальций сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда мамлакатда калсий сақловчи жуда кўп самарали дори воситалари рўйхатдан ўтказилган ва дорихоналарда етарли миқдорда мавжуд, нархи ҳам ҳамёнбоп", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган хабарда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81