Му5
48

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанча эканлиги маълум қилинди

ИҚТИСОДИЁТ 28.11.2019, 20:50
624
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанча эканлиги маълум қилинди

2019 йилнинг 18 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва ривожланиш бўйича 12-конференцияси (UNCTAD) очилди. 

Конференцияда ривожланаётган мамлакатлардаги қарз инқирози, қарзлар шаффофлигининг имкониятлари ва чеклашлари, узоқ муддатли қарз сиёсати, қарзни бошқариш ва қарзларни бошқаришни кучайтириш учун халқаро ёрдам каби мавзулар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, UNCTAD, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари ва мамлакатларнинг вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.  

Тадбир доирасидаги ўтказилган муҳокама ва тақдимотларда Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги номидан Давлат ташқи ва ички қарзи департаменти директори Жасур Каршибаев иштирок этди.

Конференция доирасида давлат қарзини бошқариш ва молиявий таҳлил тизими (DMFAС) бўйича маслаҳат гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда қарзни бошқариш, шаффофликни таъминлаш ва бу борадаги ислоҳотлар бўйича 3 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги қисқа муддатда очиқлик ва самарали иқтисодиётни яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари Халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланди. Хусусан, валюта бозорини, ташқи савдо, нархларни либераллаштириш борасидаги ютуқлар, халқаро суверен кредит рейтинги олиниши, Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган Умумий маълумотларни тарқатиш тизимига қўшилиши, солиқ ва банк тизими, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар қизиқиш уйғотди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда қарздорлик даражаси юқори бўлмасада, мамлакатимизда потенциал хатарларни олдини олишга қаратилган ҳаракатлар ва эхтиёткорона ёндашув халқаро экспертлар томонидан қўллаб қувватланди.  

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 23,8% (умумий давлат қарзи 33,6%) ташкил этиб, ХВЖ баҳосига кўра мўътадил даражада ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг умумий қарзи сўнги йилларда жиддий ошиши кузатилиб, ЮНКТАД маълумотларига кўра 2017 йилда 213 трлн. доллар ёки ЯИМга нисбатан 262% ташкил этган.

Хусусан:

- Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда ўрта муддатли қарзни бошқариш стратегияси илк бора ишлаб чиқилди;

- халқаро экспертлар ёрдамида макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз давлат қарзининг меъёрий миқдорлари Халқаро валюта жамғармасининг методологияси асосида ҳисоблаб чиқилди;

Маълумот учун: Ўзбекистон учун молиявий хавфсиз бўлган давлат қарзи меъёрлари ишлаб чиқишда 2030 йилгача бўлган иқтисодий ўсиш прогнозлари, инвестицион талаблар, республика иқтисодиётининг айрим ташқи ва ички рискларга чидамлилиги, сомнинг девальвацияси, Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкорлари – Россия, Қозоғистон, Хитой, Туркиядаги иқтисодий ўсиш ва валюта тебранишлари, уларнинг экспорт ва республика иқтисодиётига таъсири ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг ташқи қарздорлиги билан боғлиқ рискларни олдини олиш, қарздорликни камайтириш ва уни самарали бошқариш учун фискал сиёсат қоидаларини ишлаб чиқиши келгусида вужудга келиши мумкин муаммоларнинг олдини олишга қаратилган.

Шарҳлар