Му5
48

Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган қўшхотинлик ҳақидаги қарорга аниқлик киритилди

ЖАМИЯТ 16.11.2019, 19:16
Теглар: қўшхотинлик
1608
Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган қўшхотинлик ҳақидаги қарорга аниқлик киритилди

 Ижтимоий тармоқларда навбатдаги шов-шувли хабар тарқалди. Унга кўра, Ўзбекистон қонунчилигида янги қарор пайдо бўлган ва бу билан қўшхотиликка қонунан рухсат берилибди. Узоқ вақтлар давомида муҳокамалар майдонида бўлиб келган қўшхотинлик мавзуси, ушбу хабарлардан сўнг яна ҳам авж олди. 

  Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилдик. Хўш, асосли ва аниқ жавоблар қандай?

Севара Ўринбоева, Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи:

        —  Хабар мутлақо соҳта бўлиб, унинг ёлғонлигини исботловчи бир нечта фактларни келтириб ўтамиз:

        Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг қайд рақами олдидан ҳарфли қисқартмалар қўлланилмайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайд рақамидаги “ПҚ” шаклидаги қисқартмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига нисбатан қўлланилади.

        Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси (www.lex.uz)да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

ПҚ-2535-сон қарори мутлақо мавжуд эмас.

        Маълумот учун: “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардан бири ҳисобланади.

        Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

        Албатта, келтириб ўтилган хабар унинг муаллифи томонидан кишиларнинг эътиборини ўзига қаратиш, кўпроқ обуначиларни тўплаш ёки бошқа мақсадларда тарқатилган бўлиши мумкиндир, аммо хабарни тарқатишдан аввал масаланинг бошқа тарафи ҳақида ҳам ўйлаш лозим эди. Чунки бу каби хабарлар аҳолининг асл ҳақиқатдан чалғишига ва уларда давлат органларининг қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига нисбатан турли салбий фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

        Шунингдек бундай хабарларнинг тарқалиши қонун ҳужжатларига нисбатан ҳурматсизлик бўлиши билан бирга аҳоли ўртасида худди шундай ҳурматсизлик кайфиятининг уйғонишига, бу орқали фуқароларнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончининг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин.

        Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда ижтимоий тармоқларда қонун ҳужжатлари бўйича ҳар хил миш-мишлар ва бошқа уйдирмалар тарқатиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Фуқароларга эса бундай хабарларга дуч келганларида уларнинг тўғрилиги бўйича хулоса чиқаришга шошилмасдан дарҳол Қонун ҳужжатлари миллий базаси ва бошқа ишончли манбалар орқали берилган маълумотдаги фактларнинг қанчалик тўғри эканлигини текширишлари лозимлигини билдирамиз.

Шарҳлар