Му5
13

Депрессия: тушкунлик бебарака ҳаётга етаклайдими?

САЛОМАТЛИК 15.11.2019, 15:32
Теглар: депрессия, тушкунлик, психология
1548
Депрессия: тушкунлик бебарака ҳаётга етаклайдими?

Инсон ҳаётида турли нохуш ҳолатлар, муаммо ва оғриқли вазиятлар содир бўлиб туради. Табиийки уларга ечим топишдаги қийинчиликлар киши руҳятини зўриқтиради. Бундай вазиятда зиқлик ва ўйлов оқибатидаги стресслар йиғилиб депрессияга олиб келиши мумкин. Шундай ҳолатдан қутулиш чоралари ҳақида психологлар нима дейди? Қуйидаги шулар ҳақида маълумот берамиз.

Саҳифа эксперти: Зебинисо АҲМЕДОВА, психолог, психотерапевт

–Барчанинг ҳаётида стрессли воқеалар учрайди. Кетма-кет келган оғир ҳаёт зарбалари барчани бирдек тушкунликка етаклаб кетмайди. Стресс ҳолатидан ўзини ҳимоя қилиш учун организмда қўрқув, касаллик кабилардан ҳимоя қилиш механизмлари ишга тушиб соғликни мустаҳкамлаш ва ривожланиш учун мақсад қўяди. 

Яъни депрессия сизнинг ривожланишингизни талаб қилаётган бир ҳолат. Чарчаган, оч қолган одам овқатланади, уйқусиз юрган одам, албатта, ухлаб дам олади. Депрессия ҳам стрессдан чарчаган организмнинг бироз ухлаб дам олишидир. Аммо, бу дам олиш узоқ чўзлиб кетса, мияда ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Мия ўзгаришлари орқага қайтувчи жараён бўлиб, депрессиядан чиқиш учун инсон олдинга қадам қўйса, мия янгилана олади.

МЕҲНАТ ҚОБИЛИЯТИ ЙЎҚОЛИШИ 

Саратон, қандли диабет, ошқозон-ичак яраси касали бор инсонлар ҳам ишлаш қобилиятини сақлаб қолишлари мумкин. Аммо, депрессияга тушган одамларда ҳаётга қизиқиш, ишлаш ва завқ олишга эҳтиёж ҳам йўқолиб боради. 

Умуман олганда бизнинг асримиз депрессия асри деб аталади. Инсонларда интилмаслик, ғамли кайфият билан яшаш кўпайиб бормоқда. Депрессиядан чиқиш учун “антидепрессант” дориларни қабул қилиб усиз яшай олмайдиган бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам кўпаймоқда. Ахир антидепрессант дорилар сизга ирода, завқ, мақсад, қизиқиш, умид каби қалб сирларини туҳфа эта олмайди-ку. 

 

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Депрессияни енгиш учун мия депрессив фикрлаш режимидан бахтли фикрлаш режимига ўта олиши керак. Депрессия – бу иродасизлик, бахт – бу ирода, депрессия – бу касаллик, соғлик – бу бахт, депрессия – бу йиғлаш, бахт – бу табассум. Соғликни шакллантириш ҳам билим, касаллик билан фикрлаш ҳам бу сизнинг миянгиз билган билимлар тўплами ҳолос. Қандай қилиб касалликда нолиш, оғриқни енга олмасдан шифокордан-шифокорга югуриш ҳам мия ишлаб чиқарган ўзига ҳос мақсад ва эҳтиёжлар тўпламидир. 

Тушкунликдан чиқиш усуллари

1 қоида. Икки ҳил психологияли инсонлар бўлади: бировлари “мен касалман” дейишса, бировлари “мен соғломман бироз чарчоқ келибди, ўтиб кетади” деб муносабат билдиришади. 

Аввало “менинг астмам бор”, “менинг қон босимим бор”, “менинг қандли диабетим бор” деган гапларингизни ўзгартиринг. “Менинг астмам, қандли диабетим” деганингизда сиз бу касалликларни ўзингизники қилиб гўёки организмингиз уларни меҳмон қилиб ўтирганга ўхшайди. Сиз бу касаллик адашиб келиб қолибди, энди уни кузатаман, деган фикрга келинг ва “Мен соғман, бунинг учун касалликларни организмимдан йўқота оламан” деб мақсад қўйинг. 

2. Ўзингизга раҳм қилманг. Сиз ўзингизни хўрланган, азобланган, қийналган, эзилган ҳолда тасаввур қилишдан тўхтанг. “Мен омадсизман, менинг кучим етмайди, кучлилар мени эзиб қўйишади” деган қўрқувчи ва ўзингизни қўрқитувчи фикрларни улоқтиринг. Ўзингизга шавқат қилинг. Шавқат шуки, сиз ўзингизни хурмат қилишингиз лозим. Бор имкониятингизга ишонч билдиришингиз лозим. 

3. Ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат.

Ёшармоқчимисиз – бу соғлик демакдир. Зудлик билан келинингиз қиладиган юмушларни бажаришга киришинг. Зудлик билан миянгиз ҳаракат қиладиган билимларни топинг. “Қилишни истамайман, қилишни хоҳламаслигимнинг ўзи депрессия бўлса қандай қилиб айтганларингизни қила оламан” дейсизми? Елкангизни ўзингиз кўтаринг. Кутманг, сўраманг, қилиб беринглар, деманг! Кечгача овқат емасангиз, ҳеч ким қилиб бермаса сизда овқат тайёрлашга куч келади. 

4. Орзу қилинг. Орзу бу миянгиз келажакда қандай кучлар тўплаб қўйиши лозимлиги ҳақида миянгизга хат ёзишингиздир. Орзу қилаверинг, бу мияни ишга солади.

5. Мулоқот қилинг. Ҳаётингизда таниган кучли инсонлар билан кўпроқ суҳбатлашинг. Улар ҳақиқий психологлардир. Ёки холисона сизни тинглай оладиган психолог қабулига мурожаат қилинг. Умуман олганда “депрессия” клиник ҳолатдир, яъни уни шифокорлар хусусан психотерапевт ечади. Шунинг учун шифокор психотерапевтга мурожаат қилинг. 

6. Мусиқа тингланг. Сизнинг аҳволингизни тасвирлайдиган “кўз ёши бор” мусиқадан бошланг. Энди бу “йиғловчи ва йиғлатувчи” мусиқани жонингизга теккунича эштиб, ўрнига тўй-базм мусиқасини қўйиб фарқини бир оқ қоғозга ёзинг. Энди танланг. Ички мусиқангизни ўзгартиринг. 

7. Тўйиб ухланг. Йўқ, тушкунликдаги уйқу бу кўз юмиб туш кўришдир. Сиз шунчалик кун бўйи юриб чарчанг ва шунда миянгиз тўйиб ухлайди. Бунинг учун 10 километр юришингиз керак. 

8. Бозорга боринг. Бу гавжум бозордаги либосларни кўринг, ҳамма яқинларингизга қайси кийим мос келишини бир ўйланг. Улардан қандай яхшилик кўрдингиз? Улар сизни қанчалик қийнади? Улар қанчалик сизга стресс бағишлаб синовингизда туҳматчи, азоб берувчи бўлиб актёрлик қилди? Уларни кечириб юборинг. Умумий тарзда “оптомчасига” кечиринг. Улар сизга инъом қилган оғир ва қақшатгич кунларнинг хотирасидан кечинг. Бозордан битта оқ кўйлак сотиб олинг. Бу сизнинг янги қалб либосингиз бўлсин. Ҳеч кимнинг оғир гапи руҳиятингизнинг оқ либосига ёзилмасин. 

Фарангиз ОТАБОЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+16° ясно
Валюта курси
9532.74
USD 12.4
10220.05
EUR -352.29
119.99
RUB -10.23
rightuz