Му5
50

Лола собиқ турмуш ўртоғи билан яшаган қийинчиликлар ҳақида очиқчасига гапириб берди

ШОУ-БИЗНЕС 12.11.2019, 14:08
4035
Лола собиқ турмуш ўртоғи билан яшаган  қийинчиликлар ҳақида очиқчасига гапириб берди

Хонанда Лола инстаграмдаги саҳифасида шахсий ҳаёти билан боғлиқ пост қолдирди...

Ушбу постда у илк марта собиқ турмуш ўртоғи билан кечган ҳаётининг қийин даврлари ҳақида барчага сўзлаб берди.

"Биз собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил «меҳнат қилди», бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди.

Тўйдан кейинги 5 йил давомида мен фақат уй ишлари билан шуғулланиб уйда ўтирдим. Биз шаҳардан 30 километр узоқликда яшардик, мен деярли уйдан кўчага чиқмасдим. Менга ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмади. Чунки бу янги келинчакка уйдаги мажбуриятларини бажарашига халақит берарди. Шу тарзда Westministr'ни тамомлай олмадим. Ўқишимни юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришди.

Ишлашимни ҳамда касбим билан боғлиқ тадбирларда иштирок этишимни тақиқлашди. Барча дугоналарим билан алоқам узилди, улар билан учрашувларга, туғилган кун ва тўйларга юборишмасди.

Ота-онамникига бир ҳафтада бир марта бир неча соатга борардим, ётиб қолишга ҳеч қачон рухсат беришмасди. Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 6:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим.

Ҳақиқий Лолани соғинардим…

Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим…

«Ўшанда мен қўрққанмидим? Йўқ. Қилмишимдан афсусландимми? Ҳеч қачон! Кимнидир айблайманми? Бу аҳмоқлик. Биз билан бўлаётган ҳамма нарсага биз қачондир рухсат берганмиз. Орадан 10 йил ўтганидан сўнг мен бу ҳақда биринчи марта гапиряпман. Чунки қачондир мен босиб ўтган ҳаётда яшаётган аёлларнинг оғриғини тушунаман, сизнинг умидсизлигингизни ҳис этаман, оилангизни йўқотишдан, шу билан бирга тубсиз жарлик ёқасида қолишдан қўриқишингизни биламан.

Бирга яшаётган одамларингизнинг ҳаракатларини оқлаб, бу сизнинг тақдирингиз ва сиз ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигингизга ўзингизни ишонтираётганингиз, ота-онангиз юзини ерга қаратмаслик учун ҳаракат қилаётганингизни ҳис қиламан.

Сиз жуда ҳам истайдиган ягона нарса тўйиб ухлаш ёки ҳеч бўлмаса бирон марта ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан бирор қарорни қабул қилиш. Бироқ, сиз булардан кўпроғига лойиқсиз. Бу ажрашишга чақириқ эмас! Мен учун оилавий қадриятлар ҳамиша устун бўлган. Бу ўзингизни ҳурмат қилишга чақириқ! Сиз шахс эканлигингиз ва ўзингиз орзу қилган ҳаётда яшашга тўлақонли ҳақли эканлигингизни унутманг! Ҳа, сиз келин, рафиқа ва онасиз, лекин биринчи навбатда сиз ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга инсонсиз ҳамда ҳеч ким уларни оёқости қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Кимдир ўзгариши ва ҳаётингиз яхшиланишини кутманг. Бу ўз-ўзини алдаш. Ўзгариши мумкин бўлган ягона инсон — сизсиз.

Мен шу тарзда юмшоқ феъл-атворли, очиқ, содда ва ишонувчан қиздан кучли, асосийси ўзини севадиган ва ҳурмат қиладиган аёлга айландим.

Биз қизларимизга ўрнак бўламиз, шуни ёдда тутинг. Ўзига ҳурмат болаликдан бошланади. Болалар ўзига ишончи юқори, ўзига қараган, отаси севадиган бахтли онани кўриши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас! Менинг фарзандларим бугун мени шу ҳолда кўряпти.

Орадан йиллар ўтиб мен турмуш ўртоғим сиймосида бахтимни, севгимни, эркимни, ҳурмат ва қўллаб-қувватлашни топдим. Бунинг учун ундан миннатдорман.

Энди сиз бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, балки менинг ҳаётий тажрибам эканлигини биласиз.

Мен сизларнинг ҳар бирингиз бахтли бўлишингизни жуда хоҳлайман. Яна ўзингизнинг ҳаётингизни севишингиз, бу яшаш учун кураш эмас, ажойиб йўл эканлигини ёдда тутишингизни истардим. Бу йўлни қандай босиб ўтишни фақат сиз ҳал қиласиз…"

Эслатиб ўтамиз, Лола ҳозирда иккинчи бор турмушга чиққан. Улар оиласи билан Москва шаҳрида яшашади. Хонанда эса ижодий ишлари юзасидан Тошкентга тез-тез килиб туради. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+-4° туман
Валюта курси
rightuz