28

"Қайнонам макрининг қурбонига айланяпман"

СУҒДИЁНА 12.11.2018, 11:39
7489
"Қайнонам макрининг қурбонига айланяпман"

“Турмуш ўртоғим билан севишиб, синашиб оила қурганмиз. Ўртамиздаги муҳаббатга қаттиқ ишонардим. Бироқ бахтли оила қуриш учун эр-хотиннинг муносабати етарли бўлмас экан. Эрим кенжа ўғил бўлгани учун қайнонам билан яшаймиз. Қайнотам анча йиллар олдин вафот этган. Ҳомиладорлигимда қайнонамнинг менга кўрсатган қилиқларини ўйласам, ҳозир ҳам юрагим сиқилади. Сиқилганимдан болам касалманд туғилди. Дардимни ичимга ютиб, чидадим. Қизим учга тўлмасидан ўғлим туғилди. Икки боланинг парвариши, рўзғор юмушлари мени ҳолдан тойдираёзди. Қайнонамнинг дашномини эшитмай, эримга урдирмасин, деб тиним билмасдим. Бир куни уйларни тозалаётиб, қайнонам ётадиган гиламнинг тагидан бир талай дори топиб олдим. Қон босимим кўтарилди, деб дори олиб келтирар, уларни ичмасдан гилам тагига ташлаб қўяркан. Бундан қаттиқ жаҳлим чиқди. Эрим онасининг гапига кириб, мени ҳақоратлай бошлаганида барчасини айтиб бердим. У жазавага тушди. Ҳар куни бўладиган ана шундай ташвишлардан чарчадим. Ичимдагини бировга айтиб ёрила олмасам, бир кун ўзим ҳам касалманд бўлиб қоламанми, деган ўйдаман. Қайнонамнинг макрларидан, онасини гапига ишониб эрим мени қийнашидан чарчадим. Маслаҳат беринг, нима қилай?”

Махфират, Қашқадарё вилояти

ТЎТИ АЯДАН 2 ТАВСИЯ

  • Қайнонангизнинг ҳар бир ҳаракатидан ёмонлик ахтарманг. Турмуш тарзингизни ўзгартиринг. Яъни қайнонангизнинг макрларини кўнглингизга олиб, ўзингизни қийнаб юрманг. У билан самимий гаплашиб олишингиз ҳам мумкин. Мабодо юмушларни қайнонангизнинг кўнглидагидек бажармаётган бўлсангиз, сидқидилдан бажаришга урининг.
  • Барчасини ичга ютиб, асабийлашганингиз билан муаммони ҳал этолмайсиз, ўзингиз билганингиздек, соғлигингизга зиён етказасиз, холос.

МИРАББОС ОТАДАН 2 ТАВСИЯ

  • Аслида икки томон гапини эшитмагунимча, бирон қатъий муносабат билдириш қийин. Чунки ҳар ким ўзича ҳақ ҳисобланади. Мен куёвга ва қайнонага маслаҳат бермоқчиман. Аёлингиз яхши ният билан сизга турмушга чиққан. У наслингизни давом эттиришини, яхши-ёмон кунингизда ёнингизда бўлишини унутманг. Шундай экан, аёлингизни эҳтиёт қилинг, авайланг.
  • Қайнонадаги бу ҳолат эса ёш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бироз ҳордиқ чиқаришига имкон яратиб беринг. Асаблар тинчланса, ҳаммаси изига тушиб кетади, деб ўйлайман.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+32° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19