13

Тошкентлик аёл ички кийимларига беркитиб 10 минг АҚШ долларини олиб кетмоқчи бўлди

ЖАМИЯТ 04.08.2014, 14:09
7179
Тошкентлик аёл ички кийимларига беркитиб 10 минг АҚШ долларини олиб кетмоқчи бўлди

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан нақд хорижий валюталарнинг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта божхона қоидабузарликлари фош этилди. Бу ҳақда «Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Москвага отланган россиялик О.А. тегишли қўл сумкасини кўздан кечириш вақтида божхоначилар салфетка ўрамини топиб олишди. Мазкур ўрам холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу аёл унга ўралган 2030 АҚШ доллари ва 10 минг Россия рублини яширинча олиб чиқишга урингани фош бўлди.

“Тошкент-Санкт Петербург” рейси йўловчиларидан бири, наманганлик К.К.га эса божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, 3070 АҚШ долларни бекитиб олиб ўтиш режаси наф бермади.

Пойтахтлик У.З.нинг “Тошкент-Пекин” парвози олдидан безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Шундан сўнг унга тегишли қўл сумкаси янада синчковлик билан кўздан кечирилганда, шубҳалар ўз тасдиғини топди. Қаранг-ки, бу аёл божхона назоратидан яширинча 8300 АҚШ долларини сумкасига солганча, бамайлихотир олиб чиқиб кета оламан деб ҳисоблаган экан. Аммо, чучварани хом санаганини энди тушуниб етган бўлса, ажаб эмас.

Божхона баённомасида ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, йирик миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб ўтишга уринганлардан яна бири – тошкентлик М.К.дир. Миланга парвози олдидан холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилган бу аёлнинг ички кийимлари орасидан 520 евро ва 10 минг АҚШ доллари топилди.

Қўшни давлат фуқароси Ж.А.нинг эса Алматага парвози бироз кечикди. Бунга эса қўл сумкасидаги 15 минг АҚШ долларини божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилишни “унутиб” қўйгани сабаб бўлди.

Нақд хорижий валюталарни яширинча олиб ўтишга таваккал қилган қўшни давлат фуқароси А.Б.га “Таваккалчининг иши беш” нақли иш бермади. Натижада, у Истамбулга учиши олдидан белига боғлаб олган оз эмас, кўп эмас, нақд 25 минг АҚШ доллари билан хайрлашишга мажбур бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг I ярми давомида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 172 та қонунбузарлик ҳолатларида салкам 888 млн. сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқоннуний олиб ўтилишга чек қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги, норезидентларга эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага келтирилган валюта миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° облачно с прояснениями
Валюта курси