“Ўзбекистон бу лойиҳани ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди”

ЖАМИЯТ 04.08.2014, 12:06
8207
“Ўзбекистон бу лойиҳани ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди”

 Жорий йилнинг 18 июль куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Жаҳон банкининг Роғун ГЭСининг тақдим этилган лойиҳаси хусусидаги маърузаси ҳамда трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси вакили сифатида, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Молия вазири Р.Азимов иштирок этди.

         Мамлакатимиз вакили  мазкур учрашувдаги  нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистон бугунга қадар Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасининг “экспертизаси” ташаббуси илгари сурилган йиғилишларда иштирок этмаган. “Чунки, мазкур экспертизаси якуний натижаларини белгилаши мумкин бўлган муҳим параметрлар халқаро миқёсда эътироф этилган меъёрларга тўғри келмайди” дейилади Р.Азимов нутқида.

Мазкур экспертиза жараёнида Роғун ГЭСи барпо этилаётган ҳудудаги мавжуд шарт-шароит, минтақадаги бошқа давлатларнинг манфаатлари, мазкур қурилиш юзага келтириши мумкин бўлган муқарра хавф-хатар, трасчегаравий дарёлардан фойдаланиш борасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари  эътиборга олинмаган. Ҳолбуки, ушбу йирик гидроиншоот қурилиши минтақадаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини англаш учун ортиқ меҳнат ва машаққат талаб этилмайди.

Айтиб ўтилганидек, мазкур ГЭС лойиҳаси бундан 44 йил муқаддам собиқ тузум джаврида, минтақадаги халқларнинг муштарак манфаатлари ва мавжуд жўғрофий ва экологик вазиятни ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқилган. Бироқ бугунги кунда Тожикистон ҳукумати ҳар томонлама эскирган лойиҳани қайта тиклашга уринмоқда. Жаҳон банкининг молиявий кўмагида ўтказилган ушбу “экспертиза” хулосаларини тайёрлашда юқоридаги ҳолатлар эътиборга олинмагани ачинарлидир.

Иқлим ўзгаришлари, глобал исиш сингари муаммолар долзаорб бўлиб бугунги кунда ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши минтақада қанчадан-қанча муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Амударёнинг юқори оқимида мазкур иншоотнинг барпо этилиши қуриб бораётган Орол денгизи ва Оролбўйи халқлари тақдирига ҳалокатли таъсир кўрсатиши муқаррар.

 Қолаверса ГЭС сейсмик жиҳатдан ўта фаол ҳудудда қурилаётгани ҳам ортиқча исбот талаб этмайди. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, 2013 йилда 250 маротаба 4 баллдан юқори, 12 маротаба 6 баллдан юқори зилзила қайд этилган. Текширишлар натижасига кўра, бу ерда 9 бал ва ундан юқори магнитудали зилзилалар ҳам юз бериши эҳтимоли юқори.

1911 йилда юз берган 9 балли зилзила натижасида ҳудудда пайдо бўлган Усой дараси ва Сарез кўли фикримиз далилидир. 335 метр баландликка бўлган ГЭС тўғонининг бундай зилзилаларга бардош бериши қийин. Бу эса, юз минглаб инсонлар ҳалокатига сабаб бўладиган улкан тошқинни юзага келтирадики, унинг олдида 2011 йил мартда Японияда юз берган цунами ҳеч нарса бўлмай қолади.

Тўғонни сув билан тўлдириш асносида минтақада юзага келган қурғоқчилик 500 минг гектаргача  қишлоқ хўжалиги ерларини яроқчсиз ҳолга кетириши мумкин. Бу эса 1,5 миллион кишининг  даромад манбаларидан маҳрум бўлиши демакдир. Мазкур ГЭС қурилиши Ўзбекистон учун биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида 600 миллион доллар миқдорида зарар етказиши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилишини ўзбошимчалик билан давом эттириши нафақат ушбу мамлакатнинг ўзи, балки бутун минтақа учун жиддий оқибатларни келтириб чиқариши муқаррар.

Шу сабабли Ўзбекситон ҳукумати мазкур “экспертиза” хулосалари ва ҳисоботларини қониқарсиз деб ҳисоблайди ва мавжуд муаммонинг альтернатив вариантларини кўриб чиқишни тавсия этади. “Ўзбекистон Республикаси ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди” дея ўз нутқини якунлади мазкур анжуманда иштирок этган мамлакатимиз вакили.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° снегопад
Валюта курси