Сентябрдан Ўзбекистон Республикасида энг кам иш ҳақи 107 635 сўм этиб белгиланди

ЖАМИЯТ 01.08.2014, 15:30
12564
Сентябрдан Ўзбекистон Республикасида энг кам иш ҳақи 107 635 сўм этиб белгиланди

31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пeнсиялар, стипeндиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида” фармони эълон қилинди.  

 Унга кўра, Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:
2014-йилнинг 1-сентябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,12 баравар оширилади.

 2014-йилнинг 1-сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи – ойига 107 635 сўмга тенг бўлади.
ёшга доир пенсиялар – ойига 210 525 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 210 525 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 129 180 сўм миқдорида белгиланди.

Фармонда белгиланишича, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2014-йилнинг 1-сентябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бюджетдан молияланадиган ташкилот ҳамда муассасалар билан биргаликда пенсиялар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорини мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқиши таъминланади.

 Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2014-йилнинг 1-сентябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013-йил 2-декабрдаги ПФ-4582-сонли Фармони (6-банди истисно қилинган ҳолда) 2014-йилнинг 1-сентябридан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юкланди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° небольшой снегопад
Валюта курси