my5
all

«Қўшни келиннинг айбини қайнонасига айтсам…»

ҲИДОЯТ САРИ 28.02.2018, 11:51
3408
«Қўшни келиннинг айбини қайнонасига айтсам…»

— Яқинда турмуш ўртоғимнинг қўшнимнинг келини билан чегарадан чиқиб гаплашганини эшитиб қолдим. Тўғриси, эримдан ҳам, қўшнимдан ҳам буни кутмагандим. Жуда қаттиқ таъсир қилди менга. Турмуш ўртоғим айбини тан олди, ҳақиқатан ҳам бегона эркак ва аёл гаплашиши керак бўлган одоб доирасидан чиққанини айтиб, у билан бошқа гаплашмасликка ваъда берди. Энди эса бир қарорга келолмаяпман, қўшним қилган ишини қайнонасига ёки унинг турмуш ўртоғига билдиришим керакми ёки йўқ? Ваҳоланки, қўшни келин ўзи ёмон аёл эмас, қўли очиқ, шўх-шодон — «бир қоп ёнғоқ», хуллас. Ёмон ниятда эмас, шунчаки ҳазиллашиб гаплашган-у, ҳазил ҳазилга уланиб кетган...

Роҳат Иззатова, 35 ёш

Саволга «Ҳазрати Имом» жоме масжиди имом-ноиби, Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗОҚОВ жавоб беради.
— Ҳеч бир инсон хато ва камчиликдан холи эмас. Ўзи адашиб қилган гуноҳ ишларни сўзламаслик, ўзгалардан айб ахтармаслик, бировнинг айбига, хатосига ногоҳ кўзи тушиб қолганида, уни ёймаслик динимиз талабларидандир.

Мўминнинг айби, гуноҳини кўриб қолган киши уни яшириши мустаҳабдир. Хусусан, хунук ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган кишидан содир бўлса, уни оммага ошкор қилмаслик зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Яна бир ўринда: «Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юминглар», дейдилар (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади», дейилади (Ибн Можа ривояти).

Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан содир бўлган ишни сўзлаш ёмонликни ёйиш ҳисобланади. Уламолар: «Ишларнинг аълоси айбларни яширишдир», дейишган.

Фузайл ибн Иёз айтади: «Мўмин яширади ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди».

Бироқ фисқу фужур ишларни қилаётган кишини кўрганда, уни қайтариш вожиб саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир», деганлар (Муслим ривояти).

Ҳеч кимнинг бирор мусулмондан айб қидириши тўғри эмас. Аллоҳ таоло: «Ўзгалардан айб қидирманг» (Іужурот сураси, 12 оят), дейди. Хато ёки гуноҳ қилган мўмин Аллоҳга тавба қилиши керак. Ким бўлишидан қатъи назар, айбини бировга очмасин. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Нур сураси, 19 оят), деб марҳамат қилади.

Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка тарғиб этади. Бундай йўл динимизнинг нақадар инсонпарварлигига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганларига далилдир.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси