my5

Қонун ҳеч кимни четлаб ўтмайди, ҳатто мансабдорларни ҳам

ЖАМИЯТ 26.04.2014, 13:44
7252
Қонун ҳеч кимни четлаб ўтмайди, ҳатто мансабдорларни ҳам

“... Фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари бир хил аҳамиятга эга...”

“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  қонундан

“... Манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларига идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган камчиликларни тўлдириш ҳамда зиддиятларни бартараф этишга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш таклиф қилинган, уларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар амалга оширилган”.

Бу маълумотлар жорий йил 10-11 апрел кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси иккинчи кунида Адлия вазирининг 2013 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида зикр этилди. Хўш, бундай ёндашув нимадан далолат? Эҳтимол саҳифамизда тақдим этилаётган мурожаатлар ва давлат органларининг тегишли масалаларни ўрганиб, муаммоларнинг ечим топишида қонуннинг устунлигини таъминлаши ана шу саволга жавоб бўлар...

“БАНККА ЭЪТИРОЗИМ БОР”

Чирчиқда яшасам-да, марказда ишлайман. Нафақага чиққанимга ҳам анча бўлган. Ойлик маошимиздан 1 фоиздан жамғарма йиғилиб, 666 000 сўмдан кўпроқ йиғилиб қолганди. Таниш-билишлардан худди шундай йиғилиб қолган жамғармаларни олишганини эшитиб, нақд пулга зарурат туғилганда банкка ана шу жамғармани олиш учун мурожаат қилдим.

Аммо Чирчиқда яшаганим боис мени ўзим истиқомат қиладиган шаҳар халқ банкига мурожаат қилишимни айтишди. Мен каби жамғарма пулини олиш банк олдида навбат кутиб турганлар анчагина эди. Мен ҳам навбатга ёзилдим.

Банк ходимларининг айтишича, фақатгина ўша банкдан пластик карточка очилганда, тегишли маблағ тўлиғича ана шу пластикка ўтказиб берилиш мумкин экан. Аммо менинг ойлик маошим учун очилган пластик карточкамга 65 фоиз иш ҳақим ўтказилади. Бу маблағ мунтазам коммунал тўловларни тўлашга ва бошқа чиқимларга етиб ортади.

Менга эса нақд пулга эҳтиёж туғилмоқда. 666 000 сўмни нақд олиш учун неча кун банкда навбат кутиб тураман? Ахир банкда нақд пул бериладиган кунлар ҳар ойнинг 5 санасидан 15 санасигача қилиб белгиланган бўлса. Илтимос, жамғармамдаги 666 000 сўм маблағни Чирчиқ шаҳар Халқ банкидан ҳеч бўлмаганда икки марта бўлиб олишда ёрдам берсангиз…

Сагдулла Ўринбаев, Чирчиқ шаҳри, Ҳайдар Мақсудов кўчаси 127-уй

Масала ўрганилганда эса...

Ушбу мурожаат тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банки бошқарувига йўналтирилиб, ўрганиш натижалари юзасидан маълумотлар олинди. Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари А.Исламов имзоси билан тақдим этилган маълумотларга кўра, фуқаро С.Ўринбаевнинг Халқ банки Чирчиқ шаҳар филиалидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жами маблағини 2013 йилнинг 11 ноябр санасига қадар тўлиқ нақд пул шаклида олганлиги аниқланган.

ТАҲРИРИЯТ: Шунингдек, жавоб хатида фуқаронинг ушбу масала ўрганилганлиги юзасидан тушунтириш хати ҳам илова қилинган. Қуйида унинг нусхаси ҳеч қандай ўзгариш ва таҳрирсиз тақдим этиляпти. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: Фуқаро мурожаати аслида аввал Марказий банкка йўналтирилганди. Масала гарчи ўрганилган бўлса-да, таҳририятга натижалар тақдим этилмагани боис 2014 йил 19 февралда Давлат-тижорат Халқ банки бошқарувига қайта йўналтирдик, жавоб хати эса 2014 йилнинг 5 март санасида тақдим этилган.

ПЕНСИЯ ТЎҒРИ ТАЙИНЛАНГАНМИ?

Ёшим 72 да. Иш стажим 45 йил. 2002 йил 15 январдан пенсияга чиққанман. 17 минг сўм пенсия тайинланган. 2012 йилгача фоизлар қўшилиб, 279 000 сўм бўлган эди. 2012 йил январ оийда 149 000 сўм қилиб ведомостга чиқаришгани учун сабабини сўраб, Марҳамат туман ижтимоий таъминот бўлимига мурожаат қилдим. Ошиқча пенсия тайинланганини айтишди. Текширилганда 1989-1991 йилдаги иш ҳақимни кўрсатишди. Аммо 1992-2002 йилгача бўлган иш ҳақим, иш стажим ҳақидаги далолатнома йўқ. Мен уларни туман архивидан олиб ижтимоий таъминот бўлимига тақдим этганимдан кейин пенсиям 2012 йил февралдан 170 000 сўм қийматида  қайта тайинланди. Аммо бу пулдан ҳам 2012 йил сентябр ойигача 76 000 сўмдан ушлаб қолиниб, 94 000 сўмдан олиб келдим. Шу тайинланган пенсия тўғрими?

Турғунбой Алланазаров, Андижон вилояти Марҳамат тумани

Ҳам ортиқча, ҳам кам тўлов

Ушбу мурожаат Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига йўналтирилди. Тегиши аппаратнинг ижро этувчи директори биринчи ўринбосари М.Зиядуллаев имзоси билан тақдим этилган маълумотлар эса қуйидагича:

“Фуқарога Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат тумани (собиқ ижтимоий таъминот) бўлими томонидан 2002 йил 15 январдан 42 йил умумий иш стажи ва 1997-2001 йиллардаги ойлик иш ҳақи ҳисобидан ёшга доир пенсия тайинланган.

2004 йил 1 августдан қўшимча иш стажи ва ойлик иш ҳақлари тўғрисида тақдим этилган маълумотга 1992-1996 йиллардаги ойлик иш ҳақлари ва 42 йил 9 ой умумий иш стажи ҳисобидан пенсия миқдори қайта ҳисобланган ҳамда унинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига мувофиқ мунтазам ошириб келинган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат тумани бўлимида фуқароларга тайинланган пенсия ва нафақаларнинг қоуннчилик талабларига риоя қилинган ҳолда тайинлангани ўрганилганда 1989-1993 йиллардаги иш ҳақлари архив муассасаларида сақланаётган бирламчи ҳужжатларда мавжуд,  ҳақиқатдаги миқдоридан ошириб ёзилганлаиги аниқланган. Натижада 2 016 228 сўм миқдорида ортиқча маблағ тўланганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, бўлимнинг собиқ ходими Т.Мамажонов (меҳнат шартномаси бекор қилинган) томонидан охирги ўн йиллик иш ҳақидан ҳисоблаш тартиби бузилгани натижасида қўшимча 1 728 303 сўм миқдорда кам тўлов амалга оширилганлиги аниқланган.

Юқорида аниқланган 2 016 228 сўм ортиқча тўлов ва 1 728 303  кам тўлов ўртасидаги 287 925 фарқ пенсия миқдоридан ундириб қолинганлигини маълум қиламиз”.

“ДАРАКЧИ” ЭСЛАТАДИ!

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 65-моддаси “б” бандига асосан, пенсиялардан чегирмалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — *пенсионерга унинг томонидан қилингган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ: Гувоҳи бўлганингиздек, масала ҳал, эътирозга ўрин йўқдек. Аммо бир савол: бундай ҳолатларни ҳар доим ҳам “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 65-моддаси “б” банди билан изоҳлаш тўғрими? Фуқаролар ҳужжатларни Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (собиқ ижтимоий таъминот) бўлимлари талабларига кўра, маҳаллий архив берган маълумотлар билан тақдим этишларини инобатга олсак... Бизнингча, бу саволнинг жавоби айни шу жиҳат билан ҳам эътиборлидек.

* Мурожаатлар ва уларга тақдим этилган маълумотлар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.

P/S: Азиз муштарийлар! Ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар эътибордан четда қолишини истамасангиз, яшаш манзилингиз, исм-фамилиянгизни тўлиқ ёзиб, шахсий имзонгиз билан бизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 53-уй. Алоқа индекси: 100060. Шунингдек, ҳар куни соат 09.00 дан 19.00 гача (+99895) 194-64-16 рақамларига қўнғироқ қилиб ёки xatlar@darakchi.uz  манзили орқали ўз саволларингиз билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Барно МАДАЛИЕВА тайёрлади 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81