my5
all

Икки кунлик Инновацион ғоялар ярмаркаси ишида 4 миллиард сўмлик шартнома имзоланди

ЖАМИЯТ 25.04.2014, 11:16
1450
Икки кунлик Инновацион ғоялар ярмаркаси ишида 4 миллиард сўмлик шартнома имзоланди

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да VII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ўз ишини давом эттирмоқда/

Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларидаги юзлаб инновацион маҳсулотлар намойиш этилаётир. Ушбу тадбир истиқболли ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш борасида янги имкониятлар очмоқда.  Бу ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маблағ ва воситаларни тежаш, ички бозорда миллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга ёрдам бермоқда, дея хабар беради ЎзА.

Бу йирик корхоналар ва жадал ривожланаётган хусусий секторнинг ишлаб чиқаришни техник модернизациялаш ва технологик янгилашга бўлган қизиқиши ортаётгани билан изоҳланади. Корхоналар раҳбарлари, фермерлар олимлар таклиф этаётган лойиҳа ва асбоб-ускуналарни синчиклаб ўрганиб, улардан энг самарадорларини танлаб олмоқда ва ишлаб чиқувчилар билан харид қилиш шартларини муҳокама қилмоқда, ўзаро манфаатли шартномалар тузмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари стендлари кўпчиликни ўзига жалб этмоқда. Улар иқтисодиётнинг таянч тармоқлари, жумладан, нефть-газ, кимё саноати, фармацевтика саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, муқобил энергетика ва бошқа жабҳалардаги устувор вазифаларни бажаришга йўналтирилган юздан зиёд инновацион ишланма ва лойиҳаларни намойиш қилмоқда. Олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабаларининг инновацион маҳсулотлари улар билан муносиб рақобатга киришмоқда.     

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг иқтисодиёт факультети ёш ихтирочиларининг ишланмалари тежамкорлиги ва экологик тозалиги билан ажралиб туради. Чунончи, университет талабалари биоэтанол ишлаб чиқаришнинг янги технологиясини тақдим этиб, янги авлод механик самокати имкониятларини намойиш қилмоқда. Муаллифларнинг тасдиқлашича, мазкур самокат тезкор ва шовқинсиз бўлиш билан бирга, атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етказмайди.

Ярмаркада қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачиликни ривожлантиришга йўналтирилган турли инновацион ишланмаларнинг кенг тақдим этилаётгани ушбу тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидандир. Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари иқлим шароитига мос истиқболли янги ғўза навларини яратиш бу борадаги ишларнинг устувор йўналишидир.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси мутахассислари  эришаётган муваффақиятлар диққатга сазовордир. Ғўзанинг маркерларга асосланган селекцияси асосида олиб борилган илмий тадқиқотлар самарасида ғўзанинг «Равнақ-1» ва «Равнақ-2» навлари яратилди. Ушбу навлар толасининг юқори сифати, тезпишарлиги ва серҳосиллиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ярмарканинг икки кунлик ишида инновацияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик бўйича 4 миллиард сўмликдан зиёд юздан ортиқ шартнома ва келишув имзоланди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81