my5
all

"Соғлом бола йилида" гепатит билан хаста болага бепарволик билан қараётган шифокорлар

ЖАМИЯТ 24.04.2014, 14:03
5330
"Соғлом бола йилида" гепатит билан хаста болага бепарволик билан қараётган шифокорлар

Кеча Тошкент шаҳар Ҳамза тумани Лисунова кўчасида истиқомат қилувчи Юсупова Муяссарнинг Юсупов Арслон исмли ўғли мактабдан оғир аҳволда уйга қайтган. Она дарҳол фарзандига уйга умумий амалиёт шифокорини (УАШ) чақиртирган.

30-Оилавий поликлиника УАШ Ражабова Гулноза уйга келиб уни кўрикдан ўтказиб, сурункали гепатит тахмини билан болага Вирусология илмий-текшириш институтига йўлланма берган. Она боласини мазкур тиббиёт муассасасига олиб боргач, ундан керакли тахлилларни олишган ҳамда унга сурункали гепатит билан Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирган. Гепатит ташхиси билан касалланган бола яна сарсон бўлиб, навбатдаги тиббиёт марказига йўл олади. Бироқ бу ернинг шифокорлари ундан қайта ташхисдан ўтиб, кон тахлиллари топширишини сўраб хусусий лабораторияга йўналтиришади. Боланинг мадори қолмаганини кўрган она у билан уйга қайтади ва Тез ёрдамга мурожаат қилади. Тез ёрдам хизмати келгач, унга шифохоналарда жой йўқлиги фақатгина Лор касаллигига ихтисослаштирилган шифохонадагина бўш жой борлигини айтиб, уни ўша ерга олиб кетишини айтади. Бундан ажабланган она фарзандининг касаллиги гепатит эканлигини, Лорга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб, шифокордан ёзма тарзда шифохоналарда жой йўқ, деган тушунтириш хатини олиб қолади. Ҳозирда мазкур тушунтириш хати унинг қўлида мавжуд. Тушунтириш хатини олган онага бироздан сўнг шифокорлар томонидан тахдид уюштириб, ушбу хатни уларга қайтариш талаб қилинган, бу ўринда ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ваколатларидан фойдаланиш ҳолати ҳам юз берган.
Юртбошимиз томонидан 2014 йилни "Соғлом бола йили" деб эълон қилинган бир пайтда гепатит ташхиси билан оғриган болага наҳотки бирор шифокор тўғри йўлланма бериб, уни сарсон қилмасликни йўлини билмаган бўлса.

Шуниси ажабланарлики, нима сабабдан Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази Вирусология илмий-текшириш институтининг таҳлил жавоблари билан қониқмасдан, болани қайта хусусий клиникада текширувдан ўтишини талаб қилган.

Бундан ташқари тез тиббий ёрдам хизмати томонидан билдирилгани каби бемор болаларни жойлашга наҳотки шифохоналар бўлмаса. Юртбошимиз томонидан болаларга катта эътибор қаратилаётган даврда наҳотки шифокорларимиз шу қадар бефарқ бўлишса.

Ҳозирда биз ушбу масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишонч телефонига мурожаат қилдик, жавобни етказамиз, дейишган, болани олиб қолишдан бош тортган Педиатрия илмий-амалий марказининг эса Вазирлик сайтида кўрсатилган бирорта ҳам телефон рақами иш фаолиятида эмас, шу сабабдан улар билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Ҳозирда хаста боланинг онаси таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, наҳотки унинг фарзанди бирор касалхонага ёткизилиб даволанишга хақли бўлмаса, дея нажот кўз ёшини тўкмоқда. Онаизор шифокорлардан ҳеч қандай садо чиқмагач "Даракчи" таҳририятининг мурожаатлар телефонига қўнғироқ қилганлигини айтган.

Ҳозирда гепатит ташхиси қўйилган бола ҳали ҳам уйда ётибди, биз эса воқеа ечимини кузатамиз ва натижасини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Кўрамиз, Согликни саклаш вазирлигининг Ишонч телефонлари ишончни оклармикан!

Лайло Рустамова тайёрлади

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси