my5
all

Тошкентда анъанавий Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси иш бошлайди

ЖАМИЯТ 22.04.2014, 11:58
2300
Тошкентда анъанавий Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси иш бошлайди

23-25 апрель кунлари пойтахтимизда навбатдаги анъанавий Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтади.

Ярмаркага таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти томонидан ҳам пухта тайёргарлик кўрилди.

Айни пайтда мазкур даргоҳда коллоид ва мембрана кимёси, нефть, силикат материаллари кимёси, рангли ва нодир металлар, ўғитлар, дефолиантлар ва стимуляторлар йўналишида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ушбу муассасада мамлакатимизда қазиб олинаётган ёнилғи ва минерал хомашёни кимёвий йўл билан комплекс қайта ишлашнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқишга йўналтирилган кенг кўламли изланишлар амалга оширилаётир.

Бу борадаги илмий тадқиқотлар самарасида чигитни тозалаш, қовушқоқлиги юқори бўлган нефтни аралаштириш, металлургия соҳасида чиқиндиларни қайта ишлаш сингари технологиялар, шўрланган қум ва тупроқни мустаҳкамлашнинг самарали усуллари ишлаб чиқилди. Марказий Қизилқум фосфоритларидан оддий суперфосфат ишлаб чиқаришнинг янги технологияси маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулот тайёрлашда муҳим ютуқлардан биридир. Қишлоқ хўжалиги учун нитрокальцийфосфат олишда қўл келаётган бу технология одатдагисидан анча мукаммаллиги, ўсимликлар учун фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон заминидаги бой хомашё захиралари, шу билан бирга, юқори малакали кадрлар мавжудлиги мамлакатимиз кимё саноати жадал суръатларда ривожланишини таъминламоқда. Хусусан, кейинги йилларда Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари корхоналар билан ҳамкорликда яратган технологиялари асосида 930 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Қарийб 192 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

2013 йилги ярмаркада ишлаб чиқариш корхоналари билан 2 миллиард 500 миллион сўмлик шартномалар тузилган эди. VII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида институт олим ва тадқиқотчилари йигирмага яқин лойиҳа билан иштирок этади. Ушбу ишланмаларнинг барчаси патентлар билан ҳимояланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, институт лабораторияларида изланишлар олиб бораётганларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+34° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81