my5
all

Давлат солиқ қўмитаси 3 нафар раҳбар ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод этди

ЖАМИЯТ 21.04.2014, 13:55
3859
Давлат солиқ қўмитаси 3 нафар раҳбар ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод этди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг I чорак якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2014 йил 11 мартдаги 15а-сонли баёнида кўрсатилган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашда инсон аралашувини камайтириш мақсадида ушбу жараёнларга интерактив хизматларни жорий этиш, бу борадаги тадбирларнинг самарадорлигини таъминлашда давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш йўлидаги вазифалар ижроси бўйича ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Жорий йил I чораги учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг ижроси танқидий кўриб чиқилди. Бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тушумларни таъминлашда камчиликларга йўл қўйган Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Андижон вилоятлари давлат солиқ органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, уларнинг мазкур йўналишдаги фаолияти қониқарсиз деб топилди ҳамда II чорак прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажаришга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди, дея хабар беради ДСҚ ахборот хизмати.

Шу билан бирга, солиқ тўловчи жисмоний шахслардан 2013 йилги жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияларни қабул қилиш натижалари сарҳисоб қилиниб, Фарғона ва Жиззах вилоятларида бу борадаги тадбирлар тўлиқ якунланмагани учун мутасадди раҳбарларнинг масъулияти кўриб чиқилди.

Давлат солиқ хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан жамлаш, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг билим савияси ва касбий маҳоратини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш иштирокчиларига ўтган даврда зиммасидаги вазифаларни виждонан бажармасдан, таъмагирлик каби салбий ҳолатлар содир этган солиқ ходимлари тўғрисида тайёрланган махсус видеолавҳалар намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташрифи чоғида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солиш, шарт-шароитларни яхшилаш борасидаги камчиликларни бартараф этиш, уларнинг ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Муҳокамада марказий аппарат таркибий тузилмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 3 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 32 нафарига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган долзарб вазифаларни сифатли бажариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишдан сўнг ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари учун амалий семинарлар ташкил этилди.

Унда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, Қибрай, Яккасарой, Чилонзор туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, бош ҳисобчиларининг молиявий ва солиқ ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш учун яратилган шарт-шароитлар, мазкур йўналишда уларга техник ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Ахборот-ресурс шохобчалари” фаолияти, шунингдек, “Фарҳод” ва “Эски жўва” бозорларида савдо маданиятини ошириш, нақд пул тушумини таъминлаш борасидаги иш тажрибаси билан бевосита жойига чиқиб танишдилар.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81